Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:29

Банкирнинг “шапкаси” – 25 минг доллар, хонанданинг “ставкаси” – 10 минг доллар


Андижонлик банкир кредит эвазига 25 минг доллар пора олди. Ўзбек астрономи нуфузли халқаро мукофотга сазовор бўлди. Ошиғи олчи хонандаларнинг “ставка”си эълон қилинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Навоийдаги кон бошқармаси қўриқлаш отряди раҳбари ўринбосари пора билан ушланди

Навоий вилоятидаги Шимолий кон бошқармаси ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди бошлиғи ўринбосари пора билан қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 19 ноябрь). Исми ошкор этилмаган мансабдор қўриқлаш отрядига ишга қабул қилиш эвазига фуқародан 1,2 миллион сўм пора олаётганда ушланган. Қўриқлаш отряди раҳбари ўринбосари аввал ҳам тамагирлик жинояти содир этган. Масалан, у маҳаллий тадбиркордан жиянини ишга қабул қилиш эвазига 500 доллар пора олган. Шимолий кон бошқармаси вакилига қилмишига яраша жазо берилгани хабар қилинган.

Андижонда порахўр банкирлар узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди “Қишлоққурилишбанк” ва “Халқ банки”нинг тамагирлик билан шуғулланиб келган маҳаллий раҳбарларини 6 йилдан 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этди (“Даракчи”, 19 ноябрь). “Қишлоққурилишбанк”нинг Андижон филиали бошқарувчиси Ҳ.Аҳмадалиев ва “Халқ банки”нинг минтақавий раҳбари Р.Сайдалиев кредит олиш учун мурожаат этган “Субҳидам ғунчаси” фирмаси раҳбариятидан катта миқдорда пора олган. Хусусан, “Қишлоққурилишбанк” мансабдори 950 миллион сўмлик кредит ажратиш эвазига тиббий ва маиший хизмат кўрсатиш билан шуғулланган фирмадан дастлаб 5000 доллар, кейин яна 70 миллион сўм пора олган. “Халқ банки” раҳбари Р.Сайдалиев эса “Субҳидам ғунчаси” фирмаси раҳбаридан 2 миллиард сўм кредит эвазига дастлаб 3 минг доллар, кредитни расмийлаштириш давомида эса 22 минг доллар пора олган. Фирма раҳбари, шунингдек, банкнинг амалиёт бўлими бошлиғи Ш.Рустамовга 2000, “Куйганёр” бўлими бошлиғи Ш.Рустамовга 2300 доллар пора беришга мажбур бўлган.

Ўзбек астрономига нуфузли халқаро мукофот берилди

Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти директори, профессор Шуҳрат Эгамбердиев La medaille de l`ADIONS халқаро мукофотига сазовор бўлди. Бу ҳақда бир қатор матбуот нашрлари хабар берди. Олим IRIS лойиҳаси бўйича Қуёш сиртидаги жараёнларни кузатишдаги эришган натижалари учун ушбу мукофотга лойиқ топилган. Ўзбекистондаги ушбу лойиҳа доирасида Қуёшдаги тебранишлар ўрганиш борасида янги илмий йўналиш юзага келган. La medaille de l`ADIONS халқаро мукофоти 1962 йилда таъсис этилган. Шу пайтгача 42 киши ушбу мукофотга лойиқ кўрилган.

Имтиҳондан йиқилган талаба қайта имтиҳон топшириш учун вазирдан рухсат сўрайди

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2015 йил 26 октябрдаги буйруғи билан олий таълим муассасалари битирувчиларини якуний давлат аттестациясидан ўтказиш тартиби ўзгарди (“Адолат кўзгуси”, 19 ноябрь). Бунга кўра, якуний имтиҳондан йиқилган битирувчи ўқиш муддати тугаганидан уч йил кейин олий таълим муассасаси ректори рухсати билан қайта имтиҳон топшириши мумкин. Якуний синовдан иккинчи бор ўта олмаган ёки уч йил ичида имтиҳонни қайта топширишга мурожаат қилмаган шахслар эса Олий ва ўрта махсус таълим вазиридан рухсат сўраши лозим. Аввалги тартибга кўра, бу масалани ректорлар ҳал қилар эди.

Болалар ҳақига хиёнат қилган раис 7 йилга кесилди

Наманган вилояти Чортоқ тумани Гулдиров маҳалла фуқаролари йиғини раиси болалар ҳақига хиёнат қилгани, ҳужжатларни сохталаштиргани ва пора олгани учун 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Исми ошкор қилинмаган маҳалла раиси нафақа тайинланиши лозим бўлган оилаларни сарсон қилиб, катта миқдордаги маблағга хиёнат қилган. Оқсоқол икки ёшга тўлмаган фарзанди учун нафақа тайинлашни сўраб келган аёлдан 150 минг сўм пора олаётганда қўлга туширилган. Суд ҳукмига кўра, Гулдиров маҳалла фуқаролар йиғини раиси икки ярим йилга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган.

Ўзбекистонлик ошиғи олчи хонандаларнинг “ставка”си эълон қилинди

Хонанда Озодбек Назарбеков Ўзбекистон шоу бизнесида тўйга энг қимматга борадиган санъаткор деб топилди. “Даракчи” нашри суриштирувларга кўра шундай хулоса келган. Хонанда тўйларга бирровга бориш эвазига – 1,2-1,5, навбатчилик учун эса 7-10 шартли бирликдаги маблағни олади. Шоу бизнес нашри рейтинги иккинчи ва учинчи ўринларида Жаҳонгир Отажонов (бирров – 2-2,5; навбатчи – 4-5 шартли бирлик) ва Насиба Абдуллаева (бирров – 1,5; навбатчи – 3,5-4 шартли бирлик) қайд этилган. Ёшлар орасида рейтинги баланд Шаҳзода ва Райҳоннинг бирровлик нархи 1 ва 0,8 шартли бирлик билан баҳоланган. Тўйлардаги бошловчилар учлигида Дилноза Кубаева, Дилдора Рустамова ва Даврон Кабуловнинг номи қайд этилган.

Тошкентлик ошиқ рашк туфайли маъшуқасини тўнади

Тошкентлик Шавкат Исмоилов севган қизини тўнаб кетди (“Ҳуқуқ оламида”, 19 ноябрь). 1995 йилда туғилган йигит маъшуқаси билан ораси бузилгач, қиз хиёнат йўлига кирди, деган гумонга борган. Гумонини текшириш учун у дўстларининг ёрдами билан тунда маъшуқасининг хонасига ошиб тушган. Севгилиси ухлаб ётганидан фойдаланиб, унинг уяли телефонини кавлаштирган ва у чиндан ҳам бошқалар билан хабар ёзишиб юрганини аниқлаган. Сўнг қиздан қасд олиш мақсадида унинг 1,8 миллион сўмлик тақинчоқлари ҳамда уяли телефонини олган. Бу орада шовқиндан уйғониб кетиб, бақира бошлаган қизнинг юзига бир-икки шапалоқ уриб қочиб кетган. Қайд этилишича, ошиқ йигитча қўлга олиниб, унга тегишли жазо берилган.

XS
SM
MD
LG