Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:45

Самарқандда "бола пули" пора эвазига берилмоқда


Самарқандлик ота-оналар фарзандлари учун давлат томонидан белгиланган ёрдам пулини олиш учун маҳалла қўмитасидаги ваколатли одамларга шу пулнинг бир ойлигини пора сифатида қолдиришга мажбур бўлаётганликларини айтишмоқда. Ҳуқуқ фаолларига кўра, мамлакатда пул тақчиллиги кузатилаётган бир пайтда нафақаларни пора эвазига олиш кенг тус олмоқда.

Самарқанд вилояти Иштихон туманида яшовчи икки фарзанднинг онаси 32 ёшли Зулфия Ҳамроқулова чақалоғи учун олиши керак бўлган “бола пули”нинг бир ойлиги маҳалла қўмитасида пора сифатида ушлаб қолинаётганини айтади:

- Болам учун ойига 90 минг сўм олишим керак. Шу пулни олишим учун бир ойлигини уларга беришим керак экан. Шуни олмасам ҳам олдим, деб қўл қўйиб беришим керак экан. Ҳамма ота-оналардан бир ойлиги уриб қолиняпти. “Бермасаларинг болаларингга пул чиқармай қўяман”, деб қўрқитяпти маҳалла фуқаролар йиғини раиси. Гўдакларнинг ризқини улар шу йўл билан уриб қоляпти, - дейди самарқандлик она.

Қонунга кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бола 2 ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилувчи шахсларга болани парвариш қилиш нафақаси тайинланади.

Ўзбекистонда бу нафақа пуллари бола ота-оналарининг пластик карточкаларига ўтказиб берилади.

- Бизлар пластикимизни берамиз. Биринчи ойни олдим, деб қўл қўйиб берамиз, пластикимиз уларда қолади. Кодимизни ҳам берамиз, ўзлари ечиб олади. Болаларимизни пулини чиқариб бергани учун бир ойлигини олади. Қолган беш ой давомида бола пулини оламиз. Кейин яна ҳужжат топширамиз ва бу цикл қайтадан бошланади. Бир ойлигини яна олади, - дейди Ҳамроқулова.

Болани парвариш қилиш нафақаси қишлоқ, овул, маҳалла фуқаролар йиғини ёки махсус ваколатли комиссия томонидан она ва амалда болани парвариш қилаётган шахс қишлоқ, овул, фуқаролар йиғини раиси номига берадиган аризасига асосан тайинланади. Ариза мазкур шахс рўйхатидан ўтказилган ҳудуддаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига берилади.

- Бизда жуда кўп оналар бор, эри йўқ. Куни фақат шу нафақага қараб қолган аёллар. Шуларнинг ризқини қирқиб қолишяпти маҳалла фаоллари, - дейди самарқандлик Ҳамроқулова.

Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги маҳалла фуқаро йиғини фаолларидан бири Шукур Жумаев Озодлик билан суҳбатда бола пули уриб қолиниши ҳақидаги иддаолар мутлақо асоссиз эканини исботлашга уринди.

- Бу бўлмаган гап. Талон-тарож бўлмайди бизларда. 15 кишилик нафақа тайинлаш комиссияси йиғилиш қилади. Маҳалла раиси ва яна беш кишидан иборат ҳайъат одамларни аризаларини кўриб чиқиб, шу 15 кишилик комиссия йиғинига тақдим қилади. Шу фуқарони ўзи ҳам шахсан келади. Шу ерни ўзида аризасига жавоб хати берилади, нафақа тайинланди ёки тайинланмади, деган жавобни шу ерни ўзида олади. Бу битта одамга боғлиқ эмас, буни бутун комиссия ҳал қилади, - дейди самарқандлик маҳалла фаоли.

Айни пайтда ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари мамлакатда нафақалар пора сифатида ушлаб қолиниши айниқса пул тақчиллиги кузатилаётган шу кунларда кенг тарқалган муаммо эканини айтишади.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевга кўра, бу мамлакатда кенг қулоч ёйган коррупциянинг бир кўринишидир:

- Бу муаммо жуда кенгайиб кетган. Ёш чақалоқли оналар нафақа олиш учун ҳужжат топширади. Тақдим қилгандан кейин буни эвазига пора сўрайди. Шу пул берилади, кейин улар нафақани чиқариб беради. Одатда маҳалла раислари бу ишни қилади. Ота-оналар ҳам нафақадан қуруқ қолиб кетмаслик учун уларни шартига кўнишга рози бўлади. Ноиложликдан беради. Акс холда аризалари ойлаб, йиллаб қолиб кетиши мумкин, - дейди Ўктам Пардаев.

Ўзбекистонда ўтган йиллар давомида бир қатор маҳалла раислари нафақа пулларини талон-тарож қилганликда айбланиб жавобгарликка тортилган ҳолатлари ҳам бўлган.

Икки йил аввал Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий нашрида Наманган вилояти бўйича маҳалла фуқаролар йиғинларининг 30 нафар раиси ва 19 нафар котиби нафақа пулини талон-тарож қилишда айбдор, деб топилгани хабар қилинган эди.

Расмий маълумотга кўра, вилоят бўйича 2 ёшгача бўлган ва вояга етмаган болаларга берилаётган нафақа пулидан 127 миллион сўм ўзлаштирилган.

Прокуратура бу маблағ фуқароларнинг нафақа сўраб қилган мурожаатларини асоссиз рад этиш, сансалорликка солиш ва таъмагирлик орқали ўзлаштирилганини билдирган ва фуқароларни бундан огоҳ бўлишга даъват қилган эди.

XS
SM
MD
LG