Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:53

Ярославлда 6 кунлик чақалоқни пакетда олиб кетаётган аёл ушланди


Ярославлдаги маршруткалардан бирида олти кунлик чақалоқни целлофан халтада олиб кетаётган ўзбек аёли қўлга олинди. Чақалоқ йиғисини эшитган мартшруткадаги бошқа йўловчилар полицияни чақиртирган ва ҳодисани видеотасвирга олган. Ҳозирда бу аёл ва чақалоқ шифохонага қайтарилган, воқеа юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

6 апрель куни Ярославль шаҳрининг Лакокраска мавзеси бўйлаб кетаётган 90-маршрут таксисига маҳаллий перинатал марказ олдида кўринишидан осиёлик бўлган аёл ўтирган.

“Ўзбек миллатига мансуб бу аёл қўлида иккита оддий оқ пакет билан ўриндиққа ўтирди. Бироқ “Лакокраска” бекатида салонда чақалоқ йиғиси эшитилди ва аввалига ҳеч ким ҳеч нарса тушунмади (салонда 15 кишича бор эди). Бу аёл ёнида ўтирган эркак киши бирдан: “Маршруткани тўхтатинг! Бу аёлнинг пакетида бола бор!!!” дея бақириб кетди. Бу аёл эса ЕРДАН оқ пакетни олиб, оёғига қўйди! Тез ёрдам ва полицияни чақирганимиздан кейин чақалоқ 6 КУНЛИК экани аниқланди! Бу аёлда на ўзининг, на боланинг ҳужжатлари топилди! Мен шок ҳолатида эдим!!!”, деб ёзди ўзининг “ВКонтакте”даги саҳифасида ҳодисани видеотасвирга тушириб, Интернетга чиқарган Анжелика Мова.

Видеодан қўл телефонида ўзбек тилида гаплашаётган аёл йўловчиларнинг “Нега болани пакетда олиб кетяпсиз?” саволига базўр русчалаб такрор ва такрор “Қўлимдаги пакет йиртилиб кетди!” деётганини кўриш мумкин.

Анжелика бу аёл пакетни кўтаришга осон қилиб ўраб олганига эътибор берганини айтди. Полиция ва тиббий ходимлар чақиртирилганини эшитган аёл қўрққанидан эркак кишига қўнғироқ қила бошлаган.

“Телефонда гаплашаётиб у пакетга ўралган болани бир қўллаб у ёқдан-бу ёққа кўтариб юрди. Уни паспорти йўқлиги ва ёнида ўша киши эмаслигигина хавотирга солаётган эди афтидан!” деб ёзади Анжелика Мова кейинроқ болани ўрамдан чиқаришни талаб қилганини айтаркан.

Ҳодиса жойига етиб келган расмийлар бола ингичка оқ сурпга ўралиб, целлофан пакетга солиб қўйилганини аниқлаган.

Ярославль полиция бўлимидан Озодликка бу аёл ўзбек миллатига мансуб тожикистонлик экани аниқланганини билдиришди.

- Она ва бола ҳозир тиббий муассасага жойлаштирилди. Аммо нима учун у боласини пакетда олиб кетаётганини ундан сўраш керак, тергов аниқлайди буни. Бола соппа-соғ, Худога шукур. Терговчилар унинг шахсини аниқлаяпти, чунки ёнидан ҳеч қанақа ҳужжат топилмади. Тегишли жойларга сўровнома юборилди. Ҳодиса кеча содир бўлди. Расман у Тожикистон фуқароси экани, Ярославлда қайдда турмасдан яшаётгани маълум, холос. Бошқа маълумотлар йўқ у ҳақда, - деди Озодликка Ярославль вилояти бўйича Ички ишлар бошқармаси бошлиқ муовини Марина Кокуева.

Полиция бўлимидан дастлабки тафтиш ишлари давом этаётгани, исми сир тутилаётган ва боласига ғайриинсоний муносабатда бўлган бу аёлга нисбатан эса “вояга етмаган шахсни тарбиялаш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаслик” моддаси асосида жиноий иш қўзғатилиши мумкинлигини билдиришди.

Марина Кокуева шўрпешана она 3 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди.

Озодликка маълум бўлишича, маҳаллий ўзбеклар жамияти вакиллари вазиятни ўз назоратига олган.

Сўнгги маълумотларга кўра, олти кунлик чақалоқ мазкур аёлнинг ўғли бўлган: бу аёл боласини олиб, туғруқхонадан қочиб кетаётганида маршруткадаги йўловчилар назарига тушган. Ҳозирда она-бола Ярославль вилоят болалар клиникасининг "Чақалоқлар патологияси" бўлимида қолмоқда.

Озодлик бу ҳодиса юзасидан воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Боласотар муҳожирлар

Озодлик радиоси Россияда ўз фарзандларини ташлаб кетаётган ёки сотишга уринаётган ота-оналар билан боғлиқ ҳолатлар сўнгги йилларда тез-тез учраётгани тўғрисида хабар бериб келмоқда.

Ўтган йилнинг 7 апрелида Москва вилоятида полиция ходимлари фарзандини сотишга уринган Ўзбекистон фуқароларини қўлга олган эди. Ўзбекистонлик эр-хотин бир ярим ёшли ўғил ва янги туғилган чақалоқ қизни 1 миллион рублга маҳаллий телевидение ходимларига сотишга урингани;

2014 йилнинг февраль ойида Санкт-Петербург шаҳрида икки нафар ўзбек аёл янги туғилган чақалоқни 80 минг рублга (2250 доллар) сотишга уринган пайтда қўлга олингани;

Самарада ўзбек аёли 4 ойлик гўдакни 35 минг рублга пуллаётганда ҳибсга олингани ва 17 ёшли она полициячиларга боласини сотиб, топган пулни Россия паспортини сотиб олишга сарфламоқчи бўлганини айтгани;

2012 йилнинг 7 майида Москва шаҳрида ўз боласини тезкор ходимларга 150 минг рублга пуллаётган 27 ёшли қирғизистонлик аёл ва 23 ёшли ўзбекистонлик эркак ҳибсга олингани;

2011 йилнинг 22 мартида соат 11 ларда Красногорск шаҳрида жойлашган “Ашан” гипермаркетидаги озиқ-овқат аравачасига 7 ойлик Амиржон Тўхтаев ташлаб кетилгани;

Ленинград вилояти Рошчино қўрғонида ўзбек миллатига мансуб эркак ахлат контейнерига бир ойлик чақалоқни ташлаб кетгани;

2010 йил 17 май куни Митишчи шаҳар криминал милиция ходимларига маҳаллий бозорда ўз боласини 10 минг рубл пулга таклиф қилаётган ўзбекистонлик муҳожир аёл қўлга олингани;

2009 йилда Москва яқинидаги Истра шаҳрида тожикистонлик 26 ёшли йигит унга ташлаб кетилган 1 яшар болани 30 минг АҚШ долларига орган савдогарларига сотмоқчи бўлган вақтда қўлга олингани;

2008 йилда Екатеринбургда ўзбекистонлик 44 ёшли аёл фарзандини 30 минг рублга сотаётган вақтда қўлга олингани ва кейинроқ 6 йилга озодликдан маҳрум этилгани шулар жумласидандир.

XS
SM
MD
LG