Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:34

Петербургда "сотилган" чақалоққа янги оила қидирилмоқда


Санкт-Петербургдаги ўзбеклар жамоаси ўзбекистонлик онаси ва бувиси томонидан 80 минг рублга пулланган 10 кунлик чақалоққа янги оила қидирмоқда. Айни пайтда диаспора фаоллари "чақалоқнинг онаси билан бувиси полиция ходимлари найрангининг қурбони бўлгани"ни иддао қилиб, уларни ўз ҳимоясига олганини маълум қилди.

“Чақалоқни детдомга топширмайлик!”

Санкт-Петербургда жойлашган “Ёшлар” Бутунроссия ҳаракати ўтган ҳафта онаси ва бувиси томонидан 80 минг рублга пулланган чақалоқни ўз тарбиясига олмоқчи бўлган ўзбек оиласини қидирмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган ҳаракат раҳбари Махсуд Абдужабборов гўдакни яхши оилага топиширишга кўмаклашишини билдирди.

- Ўз вақтида биз, ўзбеклар, уруш йиллари 1-2 миллион болани асраб олганмиз. Бу ерда, Россияда, “ўзбеклар болаларини ташлаши ҳам, сотиши ҳам мумкин” деган гаплар юрибди. Мен шахсан ўзим ўша болани олар эдим, лекин фуқаролигим Россияники эмас, уйланмаганман – хотиним йўқлиги сабабли менга уни беришмади. Шунинг учун биз айтяпмиз: “Эй, юртдошлар, одамлар, ёрдам беринглар! Мумкин кимга бола керак. Болани "детдом"га беришдан кўра, ўзимиз олайлик”, деяпмиз. Шу тариқа биз ўзбеклар болаларини ташламаслигини кўрсатишимиз керак. Аслида болани асраб олмоқчи бўлган руслар ҳам бор, дейди Махсуд Абдужабборов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:40 0:00
Бевосита линк

Ҳаракат бошлиғи сўзларига кўра, бола нафақат Россия фуқаролари, балки бошқа мамлакат вакиллари томонидан ҳам асраб олиниши мумкин.

“Ёшлар” жамияти зарурий барча ҳужжатларни расмийлаштиришга кўмаклашиш ва айрим моддий сарф-ҳаражатларни ўз зиммасига олишини билдирди.

- Болани олиш истагида бўлганларга биз ҳатто йўл ва ётоқ пулини берамиз. Бола гўдак, бир неча кунлик. 3 кило 200 грамм оғирликда, бўйи 54 сантиметр, соппа-соғ! Чиройликкина бола, дейди “Ёшлар” Бутунроссия ҳаракати раҳбари.

Махсуд Абдужабборов унинг таклифига қизиқиб қолган юртдошларни қуйидаги рақам бўйича қўнғироқ қилишларини сўради: 8-960-255-81-64.

Аёллар полиция тузоғига тушдими?..

24 февраль куни Озодлик Санкт-Петербургда ўз набирасини 80 минг рублга сотаётган ўзбекистонлик Роҳила Юсупова қўлга олинганини хабар қилган эди.

Полиция маълумотига кўра, жорий йилнинг 18 февралида Санкт-Петербург шаҳридаги туғруқхоналардан бирида ўғил кўрган 24 ёшли ўзбекистонлик Мафтуна Юсупова боладан шу тариқа халос бўлишни истагани тахмин қилинмоқда.



Айни пайтда “Ёшлар” жамияти раҳбари Махсуд Абдужабборов она-бола Юсуповалар полициянинг найрангига учиб, махсус тузоққа тушганини иддао қилади.

- Улар одам савдосида айбланиб, икки ойга қамоққа олинди. Болани полиция ўзи сотишга провокация қилган! Болани туғиши биланоқ, туғруқхона врачи унга “Болани яхши оилага бериб юбориш имконияти бор”, дебди. Булар эса провокацияга учиб, қўлга тушди. Бир томондан полиция провокация қилган, буларнинг айби эса – лаққа тушганида! Мен бир нарсани айтиб ўтишим керак: булар, кўпчилик тасаввур қилганидек, разиллар эмас. Шунчаки, қийин аҳволга тушиб қолган ва бошини йўқотиб қўйган бечора аёллар, дейди Абдужабборов.

Суҳбатдош ҳозирда тергов изоляторида қолаётган она-бола Юсуповалар билан шахсан учрашгани ва улар бу гапларни тасдиқлаганини маълум қилди.

Санкт-Петербург Тергов қўмитаси мулозими Озодлик мухбири билан суҳбатда Абдужабборовнинг мазкур иддаоси маҳкама жараёнида ойдинлашишини таъкидлади.

Абдужабборов “Ёшлар” Бутунроссия ҳаракати тергов остида қолаётган Юсуповалар ҳимоясини ўз зиммасига олганини айтмоқда.

- Ҳозир маҳаллий ахборот воситалари бизнинг опа-сингилларимизни разил ва ярамас одамлардек кўрсатишга уринишмоқда. Билмадим уларга бу нима учун керак, аммо улар провокация қилинганини ҳеч ким гапирмаяпти! “Болани қандай боқасан? Полиси йўқ, фуқаролиги йўқ, қийнаб нима қиласан?”, деган гапларни гапиришган. Мафтунага “бола врачлар оиласига берилади”, дейишган, ҳужжатлар барчаси тўғриланиши айтилган. Устига-устак пул ҳам беришни ваъда қилишган. Уларга айтилган нарх 150 минг рубл бўлган ва бола аллақачон шифохонада сотиб бўлинган! Полиция ходимлари эса ундан болани олиб чиқиб беришни сўраган. У болани топшириб, пулни олган пайтда қўлга олинган, дейди “Ёшлар” ҳаракати раҳбари.

Абдужабборов полициячилар билан суҳбатдан аслида ҳеч қандай “ғазабланган қўшни аёл” бўлмагани, Юсуповалар устидан ариза шу ерда фоҳишалик учун қўлга тушган ўзбекистонлик аёл томонидан ёзилганини аниқлаганини айтди.
XS
SM
MD
LG