Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:15

Жириновский Ўрта Осиё округи тўғрисидаги баёноти учун Думада жавоб беради


Ҳуқуқшунос Асқар Каймаков (чапда) ва сиёсатчи Владимир Жириновский
Ҳуқуқшунос Асқар Каймаков (чапда) ва сиёсатчи Владимир Жириновский

Россия Давлат Думасининг Ахлоқ бўйича комиссияси қозоғистонлик юрист Асқар Каймаковнинг ЛДПР партияси етакчиси Владимир Жириновский устидан қилган шикоятини кўриб чиқади. Қозоқ юристи Жириновскийнинг Россия таркибида “Ўрта Осиё федерал округи”ни тузиш бўйича баёнотлари устидан арз қилган.

Дума Жириновский баёнотларини муҳокама қилади

Озодлик билан суҳбатда қозоғистонлик адвокат Каймаков Жириновскийнинг Россия қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши кераклигини гапирди:

- Менинг шикоятим бу кишининг “Ўрта Осиё федерал округини” тузиш ва бошқа яна бир муҳим чиқиши бўйича қилган баёноти юзасидан эди. Унингча, гўёки Иккинчи Жаҳон урушида фашизмга қарши ҳарбий ҳаракатларда фақат рус солдатлари иштирок этган, қолган халқлар эса фронт орти ишларигагина жалб қилинган. Бу урушда иштирок этган ва ҳалок бўлган, ярадор бўлган ветеранларнинг мен каби яқинлари учун жуда ҳақоратли сўзлар. Шахсан менинг иккала бобом урушда бўлган,- дейди Асқар.

Суҳбатдош Қозоғистоннинг иттифоқдоши бўлган Россиянинг энг йирик партияларидан бири раҳбари, Давлат Думаси вице-спикерининг бундай баёнотлари икки давлат муносабатларига жиддий путур етказиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Асқар Каймаков Марказий Осиё давлатлари миллий хавфсизлигига бевосита хатар етказувчи бу очиқчасига шовинистик ва ахмақона чиқишни Россиянинг кўплаб фуқаролари қўллаб-қувватлаётганидан ачинаётганини айтади:

- Аввалига биз арзимизни Россия Бош прокуратурасига жўнатдик, улар хатимизни Тергов қўмитасига жўнатди. Тергов қўмитаси бирор сабаб кўрсатмасдан жиноий иш очишдан бош тортди ва материалларни Думанинг Ахлоқ бўйича комиссияси аъзолари муҳокамасига юборди. Хуллас, Россия расмий идоралари у ёққа- бу ёққа жўнатиб ишни пайсалга солмоқда. Мен қўлимга расман рад жавобини олишим билан унинг устидан яна шикоят аризаси билан мурожаат қиламан,- деди юрист Асқар Каймаков.

Асқар Каймаков ЛДПР лидери Владимир Жириновский жамоатчилик олдида қилган баёнотлари учун Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг “Инсон қадр-қимматини камситиш”, “Экстремистик фаолиятга даъват этиш” ва “Уруш очишга оммавий даъват этиш” моддалари асосида жавобгарликка тортилиши керак, деб ҳисобламоқда.

Юрист олган маълумотларга кўра, Россия Давлат Думасининг депутатлик ахлоқи бўйича комиссияси Жириновский устидан тушган аризани кўриб чиқади ва муҳокама этади.

ЛДПР йўлбошчиси сўзларидан Қозоғистон ва Қирғизистон норози

ЛДПР етакчисининг бундан олдин ҳам миллатчилик руҳида қилинган баёнотлар билан чиққани маълум. Масалан, бундан 5 йил олдин у Тожикистон¸ шунингдек Қирғизистонни Россия таркибига қайтаришни таклиф қилган. ЛДПР йўлбошчиси шундай тарзда полиомиелит, ноқонуний миграция ва Афғонистондан келаётган наркотик моддаларга қарши кураш ғоясини илгари сурган эди.

Шовинистик ва миллатчилик руҳида қилинаётган баёнотлар рус жамиятига ёқиб тушаётганини ўз вақтида пайқаб қолган Владимир Жириновскийнинг ўтган йилнинг 23 февралида Москвадаги сиёсий йиғилишлардан бирида маркази Верний шаҳрида бўлган “Ўрта Осиё федерал округи”ни тузиш кераклигини таъкидлаган (Верний ҳозирги Олмаота шаҳрининг эски номи ҳисобланади).

Олмаотада туғилган Жириновский ўз чиқишида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби давлатлар империя даврида мавжуд бўлмаганига ишора қилиб, бу минтақаларни “Россиянинг субъектлари ўлароқ битта федерал округга жамланиши кераклиги”ни урғулаган.

Марказий Осий давлатларидан Қозоғистон ТИВи Россия Ташқи ишлар вазирлигидан ЛДПР лидерининг баёноти бўйича тушунтириш талаб қилинган нота тайёрлаган эди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев Жириновскийнинг бу баёноти “Қирғизистоннинг (Россия етакчилигидаги) Божхоналар Иттифоқига қўшилиши масаласини хавф остига қўйиши мумкинлигини” билдириб, парламент депутатлари номидан Жириновский баёнотига расмий тушунтириш беришни Россиядан талаб қилган.

Владимир Жириновскийнинг “Ўрта Осиё федерал округи”ни тузиш тўғрисидаги баёнотига расмий Тошкент ҳозирча муносабат билдирмади.

Жириновский чиқишлари Думанинг Ахлоқ масалалари бўйича комиссияда биринчи маротаба кўрилаётгани йўқ

Владимир Жириновский ўзининг ҳатти-ҳаракатлари ва ножўя чиқишлари юзасидан Россия парламентининг Ахлоқ комиссияси муҳокамасига тортилган.

2014 йилнинг 18 апрель куни у Давлат Думаси биносида бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Россия сегодня” ахборот агентлиги журналисти Стелла Дубовицкаяни ҳақоратлаб, ўз сафдошларига бу аёлни йиғилганлар кўз олдида зўрлашни буюрган эди.

2013 йилнинг октябрида эса “Россия-1” телеканали эфирида у Шимолий Кавказни “симтиконлар билан ўраб, у ерга чечен, доғистонлик ва осетинларни Россиянинг марказий қисмидан қувиб чиқариш"ни таклиф этди.

"Шимолий Кавказда умуман учинчи фарзандни туққанларни жазолаш керак. Улар бу ерга келиб русларни портлатаяпти. Бунга чек қўйиш керак”, деган эди Жириновский.

Сиёсий харита устида бош қотиришни хуш кўрувчи рус сиёсатчиси 2014 йил мартида Украинанинг ғарбий қисмини Польша, Руминия ва Венгрияга бўлиб беришни тавсия қилган.

Владимир Жириновский Уралда яшовчи рус аҳолисини “эси паст” ва “бефаҳм” деб атаган.

XS
SM
MD
LG