Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:30

Тилидан тутилган Жириновскийни жазоламоқчилар


Россия либерал-демократик партия раҳбари Владимир Жириновский жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш аъзолари Бош прокуратурадан ҳомиладор журналист аёлни ҳақоратлаган ЛДПР етакчисига нисбатан жиноий иш очишни талаб қилмоқда. Думадаги матбуот анжумани пайтида ҳақоратганлан журналист эса полицияга арз қилди. Владимир Жириновский безорилиги 23 апрел кунги парламент муҳокамасига олиб чиқилди.

Россия либерал-демократик партияси раҳбари Владимир Жириновский жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш аъзолари Бош прокуратурадан ҳомиладор журналистни ҳақоратлаган ЛДПР етакчисига нисбатан жиноят иши очишни талаб қилмоқда. Думадаги матбуот анжумани пайтида ҳақоратланган журналист эса полицияга арз қилди. Владимир Жириновский безорилиги 23 апрель кунги парламент муҳокамасига олиб чиқилди.


ЛДПР етакчиси жавобгарликка тортилиши мумкин

Шу пайтгача бировни ҳақоратлагани ёки калтаклагани учун бирор жавобгарликка тортилмаган ЛДПР етакчиси Владимир Жириновский бу гал жиддий босим остида қолган кўринади.

Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш мамлакат Бош прокурори Юрий Чайкага йўллаган хатида ўзининг доимий жанжалларию безорилиги билан ном чиқарган либерал-демократлар йўлбошчисига нисбатан жиноят иши очишни сўради.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Жириновский ишлатган ҳақоратлар Россия парламенти обрўсига путур етказгани, унинг ҳатти-ҳаракатлари жамият аъзоларига бўлган ҳурматсизлик белгиси сифатида талқин этилишини сўради.

Жириновский 18 апрель куни Давлат Думаси биносида бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Россия сегодня” ахборот агентлиги журналисти Стелла Дубовицкаяни ҳақоратлаб, ўз сафдошларига бу аёлни йиғилганлар кўз олдида зўрлашни буюрган эди. Кейин у ҳамкасбини ҳимоя қилган Интерфакс мухбирига бақирган.

Владимир Жириновскийнинг бу чиқишидан кейин ҳомиладор эканлиги аниқланган аёл шифохонанинг терапия бўлимига тушиб қолди.

ЛДПР раҳбарининг бу қилиғига жавобан, “Россия сегодня” агентлиги уни парламент йиғилишларида сўзга чиқиш ҳуқуқидан маҳрум қилишни сўради. Боз устига, душанба куни Жириновскийнинг қилиқларини “шармандалик” деб атаган ЛДПРнинг Красноярск ўлкаси бўйича вакили Евгений Мальчиков партияни тарк этганини маълум қилди. Бу ҳодиса Россия Православ черкови назаридан ҳам четда қолмади: патриархат безори сиёсатчини тавба қилмоққа чақирди.

Россия Давлат Думасида Россия Либерал демократик партияси йўлбошчиси Владимир Жириновскийга бағишланган кўргазма намойиш қилинди. 21 апрель куни очилган кўргазмада Жириновскийнинг портретлари, жумладан, Жириновский-Аватар портрети ҳам бор. Бироқ Дума кенгаши Жириновский хомиладор журналистни ҳақорат қилгани учун кўргазмани ёпишни тавсия қилди.

Парламент журналистлари эса ЛДПР раҳбарига бойкот эълон қилиб, ундан интервью олмасликка келишиб олди.


“Бироз қўпол гапирибман...”

Аввалига бу босимга эътиборсиз қолган Владимир Жириновский, ниҳоят 2 кун ўтиб, Россия телеканали дастурларидан бирида журналист аёлдан кечирим сўради. Жириновский, керак бўлса, Дубовицкаяга соғлигини тиклаш учун пул билан ёрдам қилишни ҳам ваъда қилди.

Айтиш жоизки, Владимир Жириновский парламент розилиги билангина жавобгарликка тортилиши мумкин. Жамиятда кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлаётган бу ҳодиса ортидан Россия Давлат Думасининг ахлоқ масалалари бўйича комиссия 23 апрел кунги йиғилишида Владимир Жириновскийнинг ҳомиладор аёлни таҳқирлагани масаласи юзасидан махсус йиғилиш ўтказди.

Ҳақоратланган Стелла Дубовицкая адвокати Анатолий Кучерена сиёсатчи иши судга етиб борса у 5 йилга қамоқ жазосига ёки 500 минг рубль жаримага тортилиши мумкинлигини айтди.

Безори депутат

Владимир Жириновский узоқ сиёсий ҳаёти давомида кўплаб маротаба жанжалларни келтириб чиқаргани маълум. У бир неча маротаба “безорилик” моддаси асосида жавобгарликка тортилган, кўп маротаба парламентнинг ахлоқ масалалари бўйича комиссияси томонидан танбеҳ олган. Унинг муштини журналистлар (кўп қўлларда - аёллар), ҳамкасб депутатлар, ёрдамчилар, ҳатто сайловчилар "татиб кўрган".

Бундан ташқари, ЛДПР асосчиси ўз чиқишлари билан жиддий халқаро можароларни ҳам келтириб чиқарган. 2014 йилнинг феврал ойида СССРнинг Афғонистондан олиб чиқилишини “сиёсий хато” эканини исботламоқчи бўлган Жириновский барча Марказий Осиё давлатларини йўқ қилиб, ўрнига Россия таркибидаги ягона “Марказий Осиё Федерал округини тузишни” таклиф этди. Қирғизистон ва Қозоғистон Россия Ташқи ишлар вазирлигига депутат Владимир Жириновскийнинг чиқиши юзасидан норозилик нотасини юборди.

2013 йилнинг октябрида эса “Россия-1” телеканали эфирида у Шимолий Кавказни “симтиконлар билан ўраб, у ерга чечен, доғистонлик ва осетинларни Россиянинг марказий қисмидан қувиб чиқариш"ни таклиф этди.

"Шимолий Кавказда умуман учинчи фарзандни туққанларни жазолаш керак. Улар бу ерга келиб русларни портлатяпти. Бунга чек қўйиш керак”, деган эди Жириновский.

Сиёсий харита устида бош қотиришни хуш кўрувчи рус сиёсатчиси 2014 йил мартида Украинанинг ғарбий қисмини Польша, Руминия ва Венгрияга бўлиб беришни тавсия қилган.

Владимир Жириновский Уралда яшовчи рус аҳолисини “эси паст” ва “бефаҳм” деб атаган.

***

Материал нашр этилганидан сўнг:

Россия Давлат Думаси Ахлоқ масалалари бўйича комиссиясининг Жириновский ҳатти-ҳаракатлари юзасидан ўтказган йиғилиши натижалари эълон қилинди. Комиссия “депутат Жириновский ҳатти-ҳаракатлари депутатлик ахлоқи қоидаларига мос эмаслигини тан олди” ва “Жириновскийга кечирим сўрашни” тавсия этди.
XS
SM
MD
LG