Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:48

Ўзбекистон иштирокисиз энерготармоқ: кимга фойда, кимга зиён?


Тожикистоннинг “Барқи точик” энергохолдинги расмийлари минтақада Ўзбекистон иштирокисиз ягона энерготармоқни ташкил этиш масаласи кўтарилаётганини ва бу ташаббус Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон томонидан ёқтирилаётганини иддао қилмоқда.

Тожикистон, Қирғизистон ва Россиянинг бир қатор нуфузли интернет нашрларида “Барқи точик” энергохолдинги расмийси Уйғулой Хўжаевага таянган ҳолда минтақада Ўзбекистон иштирокисиз ягона энерготармоқ ташкил этиш масаласи кўтарилаётгани ҳақида кўплаб хабарлар пайдо бўлди.

Тожикистон Ўзбекистонсиз энерготармоқ тарафдори

Марказий Осиё ягона электротармоғи СССР замонида минтақани узлуксиз равишда электр қуввати билан таъминлаш мақсадида барпо этилган. Бироқ бир неча йил олдин мазкур электротармоқ минтақа давлатлари ўртасидаги келишмовчиликлар воситасига айлангани кузатилган.

2012 йилнинг октябрида минтақа ягона электротармоғи масаласида Тошкентда ўтган музокараларда қозоқ томони икки йилдан бери Ўзбекистон энерготармоқдаги электр энергиясини ноқонуний ўзлаштираётганини иддао қилган эди. Ўзбекистон эса ўз навбатида Тожикистонга ҳудди шундай айбловни билдирган. Бу каби ўзаро айбловлар оқибатида Тожикстон ягона энерготармоқ тизимидан узиб қўйилган эди.

Душанбедаги “Авеста” нашрига интервью берган “Барқи точик” ширкати расмийси Уйғулой Хўжаева Тожикистон энерготармоқдан узиб қўйилгач, мамлакатдаги кўпчилик корхоналар олти ойлаб электр қувватисиз қолаётгани ва бунинг ортидан катта миқдорда зиён тортилаётганини айтган.

Шунингдек, Уйғулой Хўжаева: “Ҳозир Қозоғистон ва Қирғизистон Ўзбекистонни четлаб ўтган ҳолда Тожикистон –Датқа (Қирғизистон) – Шимкент (Қозоғистон) тизимини қайта тиклаш ташаббуси билан чиқмоқда”, деб билдирган.

Ўзбекистонни четлаб ўтган энерготармоқ яратилишидан Россия ҳам манфаатдор

Қирғизистон “Электр тармоқлари” ширкати раҳбари Медет Айткулов тожикистонлик ҳамкасбининг иддаоларидан хабарсиз эканини билдирди:

-Тожикистон - Қирғизистон- Қозоғистон энергетик ҳалқага туташган ва бу борада ҳамкорлик доим бўлиб келган. Лекин Ўзбекистонни бўлиб, Ўзбекистонни четлаб ўтган ҳолда янги тармоқни барпо этиш лойиҳаси ҳақида менда маълумот йўқ. Бу масалани муҳокама ҳам қилмаганмиз, –деди Медет Айткулов.

Айрим маълумотларда бу лойиҳанинг амалга оширилишидан Россия ва Хитой ҳам манфаатдор экани айтилади. Энергетика бўйича эксперт Расул Умбеталиевнинг билдиришича, Ўзбекистонни четлаб ўтувчи ягона энерготармоқ яратиш масаласи ҳақида бир йилдан бери гапирилмоқда:

- Ҳозир Тожикистон – Қирғизистон – Қозоғистон – Россия - Хитой тармоғи ҳақида сўз бўлаяпти. Менинг фикримча, бу тўғри фикр. Негаки, қиш ва ёз мавсумида айрим давлатлар электр қувватини кўпроқ, айрим давлатлар эса камроқ ишлаб чиқаради. Яъни давлатлар бир-бирларини электр қуввати билан узлуксиз таъминлаб туриш имкониятига эга бўлади, - деди Расул Умбеталиев.

Энергетиклар фикрича, Қирғизистонда барпо этилаётган “Датқа-Кемин” электр тармоғи қурилиши якунланганидан сўнг мазкур лойиҳани амалга ошириш учун реал имконият пайдо бўлади. “Датқа-Кемин” электр тармоғи эса яқин кунларда ишга туширилиши мумкин.

Ўзбекистонга фойдами, зиёнми?

“Ўзбекэнерго” ширкати расмийси Абдуҳамид Жўраев минтақа давлатларининг Ўзбекистонни четлаб ўтган энерготармоқ яратиш ташаббуси мамлакат учун фойда ҳам. зиён ҳам келтирмаслигини айтди:

-Ўзбекистон бошқа давлатларга қарам бўлмаган ўзининг ягона электр тармоғига эга. Бошқаларнинг нима дегани билан менинг ишим йўқ. Бошқа тизимларининг гапларига мен шарҳ бера олмайман, - деди “Ўзбекэнерго” расмийси.

Экспертлар фикрича, Ўзбекистон Янги Ангрен газтрубина электр станциясини барпо этиш ортидан ўзининг ички мустақил электр тармоғини тузиб олган. Шунга қарамай, Ўзбекистон қўшни давлатлар, жумладан, Тожикистон ва Қирғизистондан олинадиган электр энергиясига мунтазам эҳтиёж сезиб келади.

Тожикистон ёз ойларида Ўзбекистонга ортиқча электр қувватини бериб келган. Бунинг эвазига эса қишда Ўзбекистондан электр энергияси олган. Қирғизистон эса Ўзбекистонни ягона энерготармоқ орқали арзон электр энергияси билан таъминлаган. Бунинг ортидан эса ўзбекистонликлар етарли даражада электр энергияси билан таъминланиб келган.

Бироқ бир неча йил олдин Ўзбекистон ўз ички электротармоғига эга бўлиши ортидан, бу каби олди-бердилар сустлашиб, ўзбекистонликлар мунтазам тарзда электр энергияси тақчиллигига дучор бўлмоқда.

“Ўзбекэнерго” расмийлари бу муҳтожлик қўшни давлатлар билан энергетик алоқаларнинг сустлашганига қай даражада боғлиқ экани тўғрисидаги саволимизни жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистон ягона энерготармоқдан чиқадиган бўлса, Қирғизистон ва Қозоғистон электр энергияси транзити учун Ўзбекистонга йил сайин 50-70 миллион доллар миқдорида ҳақ тўлаши керак бўлади. Чунки Қирғизистоннинг жанубидаги ГЭСларда ишлаб чиқариладиган электр энергияси Қирғизистоннинг шимолий ва Қозоғистоннинг жанубий вилоятларига Ўзбекистон орқали транзит қилинади.

Энерготармоқнинг юраги Ўзбекистон, аммо...

Ўзбекистон ўз мустақил ички энерготармоғини 2008-2009 йилларда шакллантиришга киришган эди. Бироқ минтақа энерготармоғини Ўзбекистон иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Мутахасислар ҳисоб-қитоби бўйича, энерготармоқнинг қон томир нуқтасида жойлашган Ўзбекистон ҳозрги кунда тармоқдан чиқадиган бўлса, кўпроқ қўшни давлатлар катта зиёнга киради.

Ўзбекистон ягона энерготармоқдан чиқадиган бўлса, Қирғизистон ва Қозоғистон электр энергияси транзити учун Ўзбекистонга йил сайин 50-70 миллион доллар миқдорида ҳақ тўлаши керак бўлади. Чунки Қирғизистоннинг жанубидаги ГЭСларда ишлаб чиқариладиган электр энергияси Қирғизистоннинг шимолий ва Қозоғистоннинг жанубий вилоятларига Ўзбекистон орқали транзит қилинади.

Мана шу қарамликдан қутилиш учун Қирғизистон “Датқа-Кемин” тармоғини барпо этишни бошлаган.

Эслатиш ўринлики, бир давлатнинг ягона энерготизимдан чиқиш тажрибаси 2008 йилда муваффақиятсиз якунланган эди. Ўшанда Қозоғистон энерготизимдан вақтинча чиқишини эълон қилган¸ натижада Қирғизистон шимолида энергия тақчиллиги вужудга келган эди.

Бу ҳолатда Қирғизистон ўз аҳолисини энергия билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистонга сув чиқармай қўйган, натижада Қозоғистон жанубида ва Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида қурғоқчилик юзага келган эди. Пировардида Қозоғистон 2008 йилнинг 11 мартидан яна ягона энерготизимга қайтишга мажбур бўлган.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг ягона минтақавий электротармоқдаги иштирокининг сусайиши ҳам сув-энергетика масалаларида Ўзбекистон ичкарисида муаммолар пайдо бўлишига сабаб сифатида кўрилади.

XS
SM
MD
LG