Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:31

Тошкентсиз ҳам иш давом этаверади


Қозоғистоннинг ягона энерготизимдан чиқиш тажрибаси 2008 йилда муваффақиятсиз якунланган эди.
Қозоғистоннинг ягона энерготизимдан чиқиш тажрибаси 2008 йилда муваффақиятсиз якунланган эди.

Қозоғистон Бош вазири Карим Масимовнинг Бишкек сафари доирасида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиши эҳтимоли ҳам муҳокама қилинди.

Қирғизистон Бош вазири Игор Чудинов ва қозоғистонлик ҳамкасби Карим Масимов 7 октябр куни Бишкекда Ўзбекистоннинг ягона энерготизимдан чиқиши эҳтимоли ва бунинг оқибатлари ҳақида фикр алмашиб, бу борада ягона принципиал келишувга эришганлар. Бу ҳақда Қирғизистон Бош вазири матбуот котиби Айбек Султанғазиев маълумот берди.

- Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиш нияти борлигини билдирган. Бу масала ҳам муҳокама қилинди. “Ўзбекистон энерготизимдан чиқса, унинг оқибати қандай бўлади, қандай чора-тадбирларни кўриш керак?” деган масалада тарафлар принципиал келишувга эришдилар, деди Айбек Султанғазиев.

Келишувга мувофиқ, Қирғизистон ва Қозоғистон ягона энерготизимни сақлаб қолади ва бу йўналишда параллел равишда иш олиб боради. Шунингдек, Қозоғистон қиш мавсумида Қирғизистон энерготизими учун кўмир ва мазут етказиб бериш масъулиятини тўла зиммасига олади.

28 сентябр куни бир қатор оммавий ахборот воситалари Қозоғистон энергетика ва маъданли заҳиралар вазири Саут Минбоевга таянган ҳолда Ўзбекистон расмий Остонага ягона энерготизимдан чиқиши мумкинлиги ҳақида билдирганини ёзган эди.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё энерготизимидан чиқиши нимани англатади ва бу ҳаракат қўшни давлатларга қандай салбий таъсир кўрсатиши мумкин?

Бу саволга Қирғизистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари, энергетика бўйича эксперт Бозорбой Мамбетовдан жавоб олдик.

- Ўзбекистон Тўқтўғулдан берилаётган электр энергияси ўрнига Янги Ангрен энергиясидан фойдаланмоқчи бўлаётир. Шунинг учун ҳам ягона энерготизим узилиб қолади.

Тўқтўғул ГЭСи электр энергиясининг бир қисми Ўзбекистон орқали Қирғизистоннинг шимолий вилоятларидаги айрим туманларга ва Қозоғистоннинг жанубий вилоятларига етказилар эди.

Ўзбекистоннинг ягона энерготизимдан чиқиши эса бу ҳудудлар электр таъминотида муаммоларни келтириб чиқаради, дейди Бозорбой Мамбетов.

Экспертнинг айтишича, Ўзбекистон ягона энергосистемадан узилгач, бу ҳудудларни электр энергияси билан таъминлаш учун Тўқтўғулдан Олмаотагача бўлган тахминан 600 километрлик янги электр узатиш тармоғини қуриш зарурати пайдо бўлади.

Эслатиш ўринлики, бир давлатнинг ягона энерготизимдан чиқиш тажрибаси 2008 йилда муваффақиятсиз якунланган эди. Ўшанда Қозоғистон энерготизимдан вақтинча чиқишини эълон қилган¸ натижада Қирғизистон шимолида энергия тақчиллиги вужудга келган эди. Бу ҳолатда Қирғизистон ўз аҳолисини энергия билан таъминлаш мақсадида Қозоғистонга сув чиқармай қўйган ва натижада Қозоғистон жанубида қурғоқчилик юзага келган эди. Пировардида Қозоғистон 2008 йилнинг 11 мартидан яна ягона энерготизимга қайтишга мажбур бўлган эди.

Ўзбекистоннинг ягона энерготизимдан чиқиши билан шу каби ҳолат такрорланиши мумкинми?

Қирғизистон Миллий энерготизими ширкати мутахассиси Роза Давудова бу саволга жавоб беришга ҳали эрта эканини айтади:

- Ҳукумат раҳбарлари аввал бу борада ҳужжат имзолашлари, ҳисоб-китоб қилишлари, сўнгра эса стратегияни ишлаб чиқишлари зарур бўлади. Ана шундан сўнггина умумий хулоса чиқариб, бир гап айтиш мумкин, дейди Роза Довудова.

Айни пайтда Швейцария ташқи ишлар вазири Мишелин Калми Рей ўз давлати Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сув-энергетика муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш масъулиятини олганини маълум қилган.

Бишкекдаги 24.kg ахборот агентлигининг бу борада тарқатган хабарида айтилишича, Швейцария Марказий Осиё сув-энергетика муаммосини БМТда муҳокама қилиш таклифини киритмоқда.

Қирғизистон тарафи Швейцариянинг бу таклифини қўллаб-қувватлашни билдирмоқда.

- БМТ Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга сув-энергетика бўйича ҳамкорлик қилишда максимал даражада кўмак кўрсатиши мумкин. Бу бизнинг расмий позициямиздир, деди Қирғизистон Саноат ва энергетика вазирлиги расмийси Татяна Анкудович.
XS
SM
MD
LG