Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:22

Марказий Осиёда ягона энергетика тизимини тиклаш сари илк қадамлар


Қозоғистон ягона энергетика тизими яратиш учун Ўзбекистон ва Қирғизистон билан музокаралар ўтказмоқчи. Агар бу музокаралар муваффақиятли якунланса, минтақадаги энергетик муаммолар сезиларли камаяди.

Собиқ иттифоқ даврида ягона энергетика тизимига эга бўлган Марказий Осиё давлатлари иттифоқ тарқалгандан сўнг кутилмаган муаммоларга дуч кела бошлади. Илгари ҳаммага етган электр энергияси тақчил бўла борди. Қирғизистон ва Тожикистон сув омборлари ГЭСларда электр энергияси ишлаб чиқаришга сарфланаётгани сабабли ёз ойларида Ўзбекистон ва Қозоғистон қишлоқ хўжалиги сув танқислигидан қийналиб қолди.

Бу муаммолар минтақа давлатларини биргаликда ишлашга ундаётган кўринади. Куни-кеча Қозоғистон бош вазири Карим Масимов ягона энергетика тизимига қайтиш масаласи юзасидан Ўзбекистон ва Қирғизистон билан музокаралар бошлаш ҳақида ўз қўл остидагиларга кўрсатма берди.

Ўзбекистонлик кузатувчи Комрон Алиев ягона энергетика тизимига қайтиш барча давлатлар учун фойдали эканини таъкидлади.

Унинг фикрича, Ўзбекистонда электр энергияси ёнилғидан ҳосил қилиниши боис анча қиммат. Илгари Ўзбекистон ёз мавсумида электр энергиясини, асосан, Тожикистондан олар, қишда эса Тожикистонга берар эди. Ҳозир эса ҳамма ўз аравасини ўзи тортяпти. Бу эса минтақанинг барча давлатларига катта иқтисодий зарар келтирмоқда.

Қозоғистондаги География институти профессори Абай Турсуновнинг айтишича, ягона энегетика тизимининг бузилиб кетганига, асосан, мамлакатларнинг сиёсий муносабатлари сабаб бўлган.

“Электр ишлаб чиқариш манбаи бўлган Сирдарё суви қозоқлар, қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида талаш бўляпти. Барча қийинчиликларнинг сиёсий сабаблари бор. Шунинг учун ҳам мен ягона энегетика тизими яратилишига юз фоиз тарафдорман”, - дейди Абай Турсунов.

Қозоғистон бош вазири Карим Масимов Қирғизистоннинг Тўхтағул гидроэлектр станцияси юқорисида қурилажак Қамбарота 1 ва Қамбарота 2 ГЭСлари қўшни давлатлар учун нохуш оқибатлар келтириб чиқариши ҳақида ҳам гапирган.

Лекин Қирғизистондаги Сув муаммолари ва гидроэнергетика институти директори академик Душен Маматқанов бу фикрни рад этади.

“Қамбарота ГЭСлари том маънода энергетика объектлари бўлади. Сув йиғувчи омборлар эмас. Бу иншоотлар, асосан, қишда электр энергиясига бўлган тақчилликни енгиллатиш учун қурилади. Ягона энергетика тизими эса жуда керак. Чунки Тўхтағул ГЭС сув омбори ҳамдир. Ўзбекистон ва Қозоғистон қишлоқ хўжалиги учун сув шу ерда йиғилади. Биз сувни ёз пайтида уларга текин йиғиб берамиз, лекин қиш пайтида улар электр энергияни бизга пуллайди. Бу адолатдан эмас. Шунинг учун ҳам ягона энергетика тизимини яратиш керак”, - деди академик.
XS
SM
MD
LG