Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:22

Пастдарғомда газдан чиққан ёнғиндан беш кишилик оила ҳалок бўлди


Ўзбекистонликлар совуқдан жон сақлаш учун Хитойда ишлаб чиқарилган газ баллонларидан фойдаланмоқда
Ўзбекистонликлар совуқдан жон сақлаш учун Хитойда ишлаб чиқарилган газ баллонларидан фойдаланмоқда

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги Қултон қишлоғида истиқомат қилувчи Омонқуловлар оиласи газ баллонидан сизиб чиққан газнинг портлаши оқибатида содир бўлган ёнғиндан ҳалок бўлди. 58 ёшли оила бошлиғи, унинг ўғли, келини ва икки ёш невараси таниб бўлмас даражада куйганлиги айтилади.

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги Қултон қишлоғида истиқомат қилган 58 ёшли Толиб Омонқулов, унинг ўғли 35 ёшли Хуршед Омонқулов, келини 33 ёшли Камола Раҳимова ва 7 ҳамда 5 ёшли неваралари Муниса билан Сардор 14 февраль куни кечқурун уйда чиққан ёнғиндан ҳалок бўлди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган пастдарғомлик манбага кўра, ёнғин чиқишига Хитойда ишлаб чиқарилган газ баллонидан газ сизиб чиқиши ва электр токи келган пайтда унинг ёниб кетиши сабаб бўлган:

- Ҳозир кўпчилик уйининг ичида газ ёқишга ўрганиб қолган. Булар Хитойда ишлаб чиқарилган баллонни уйда ишлатишган. Шлангани улаб, қўлбола печкани ичига ёқиб қўйган. Кейин у ўчиб қолганми, свет келгандан кейин учқун берганда, кейин уй ёниб кетган, - деди пастдарғомлик манба.

Бу оила истиқомат қиладиган Олтиқаҳрамон маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси Фахриддин Ўсаров билан Озодлик боғланганда, у айни пайтда қабристонда марҳумларни дафн қилиш маросимида қатнашаётганлигини айтди:

- Ҳозиргина майиитларни кўмиб бўлдик. Оила бошлиғи Толиб ака бугун эрталаб касалхонада жон берди. Қолганлар кеча ёнғин пайтида ҳалок бўлган экан. Улар кичкина бир даҳлизда ётган экан. Дўхтирларнинг айтишларича, улар таниб бўлмас даражада куйган экан. Бутун қишлоқ мотам тутяпти, жуда ҳам ёмон иш бўлди,- деди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фахриддин Ўсаров.

Озодликнинг Пастдарғомдаги манбасига кўра, бу фожеанинг содир бўлишига газ ва электр тақчиллиги асосий сабаб бўлган:

- Бу йил қиш қаттиқ келди. Бизда табиий газ умуман йўқ. Светни ҳам соатбай қилиб қўйган. Одамлар имкони йўқлигидан ота-она, ўғил - келинлар бир уйга тиқилиб қишни ўтказмоқда. Агар шу куни свет қўққисдан келмаганда, балки бундай ҳодиса бўлмасмиди. Халқ светсизликдан жуда қийналиб кетди,- деди Озодлик манбаси.

Жорий йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистонда газ ва свет тақчиллиги боис ëнғин ва ис газидан ўлганлар кўп кузатилди.

Жиззах вилоятининг Зафаробод шаҳарчасидаги Самарқанд маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Самарқанд кўчасида яшаган уч яшар Шоҳжаҳон Ҳайдаров ва уч яшар Нилуфар Муҳаммадиева 25 январь куни ис газидан димиқиб ўлди.

Бухородаги Хўжа Исмат жоме масжиди имом хатибининг 23 яшар ўғли Суҳробжон Гадоев 8 февраль куни ис газидан ҳалок бўлди.

Андижон шаҳрининг Қўшариқ даҳасидаги кўп қаватли уйда яшаган оиланинг беш аъзоси ҳам 9 февралга ўтар кечаси кўмир исидан заҳарланиб ўлди. Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбасига кўра, она, қизи, келини ва икки невараси печкага ёқилган кўмир исидан уйқу ичида заҳарланган.

10 февраль куни Навоий шаҳридаги халқаро аэропорт яқинида икки қаватли уйда рўй берган портлаш оқибатида камида олти киши нобуд бўлди ва етти киши жароҳат олди.

6 февраль куни Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманидаги Равонак қишлоғида яшовчи ёш эр-хотин ва уларнинг икки гўдаги маиший газ баллонидан сизиб чиққан газдан заҳарланиб ўлди.

Фарғона вилоят Қўштепа тумани Ғиштмон фуқаролар йиғинида яшовчи Қодировлар уйида 2 февралга ўтар кечаси содир бўлган портлаш оқибатида хонадондагиларнинг ҳаммаси турли даражадаги куйиш билан вилоят касалхонасига ëтқизилди. Куйганлар орасида икки яшар қизалоқ ҳам бор.

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати тунда -6-7 даражадан пастроқни ташкил қилаëтган айни кунларда аксар аҳоли газ ва электр қувватидан узилган оғир шароитда қишдан омон чиқишга уринмоқда.
XS
SM
MD
LG