Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:51

Андижонда кўмир исидан бир оиланинг беш аъзоси заҳарланиб ўлди


Ўзбекистон вилоятларидаги кўп қаватли уйларнинг аксариятида иссиқлик тизими ишламаётгани боис одамлар қўлбола печка ўрнатишга мажбур бўлмоқда
Ўзбекистон вилоятларидаги кўп қаватли уйларнинг аксариятида иссиқлик тизими ишламаётгани боис одамлар қўлбола печка ўрнатишга мажбур бўлмоқда
Андижон шаҳрининг Қўшариқ даҳасидаги кўп қаватли уйда яшаган оила якшанбага ўтар кечаси кўмир исидан заҳарланиб ўлди. Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбасига кўра, она, қизи, келини ва икки невараси печкага ёқилган кўмир исидан уйқу ичида заҳарланган. Оиланинг эркаклари эса Россияга ишлагани кетган.


Андижон шаҳрининг Қўшариқ даҳасидаги кўп қаватли 2-уйнинг 4-хонадонида истиқомат қилган Сотиболдиевлар оиласи 8 февралдан 9 февралга ўтар кечаси кўмир исидан заҳарланиб вафот қилди.

Бу хабарни тасдиқлаган Андижон шаҳар Ички ишлар бўлимидаги манбага кўра, кўмир исидан шу уйда яшаган беш киши заҳарланган:

- Биздаги маълумотга кўра, 64 ёшли Тиллахон Сотиболдиева, унинг 37 ёшли қизи Шоҳида, 24 ёшли келини Лайлихон Қосимова, тўққиз ҳамда етти ёшли икки невараси вафот этган. Кўмир ҳиди техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаган ҳолда хонадонга ўрнатилган қўлбола печкадан чиққан, - деди ички ишлар мулозими.

Қўшариқ даҳасида истиқомат қиладиган маҳалла фаолларидан бирининг микрофонсиз суҳбатда Озоликка айтишича, бу оиланинг эркаклари Россияга ишлагани кетган.

- Улар биринчи қаватдаги икки хонали квартирада яшарди. Бу уйларда марказий отопления ишламай қўйганига неча йиллар бўлди. Ҳаво жуда совуқ бўлиб кетди. Газ, свет деярли йўқ. Кўпчилик қатори, бу уйдагилар ҳам темир печка ўрнатиб, мўрисини деразадан чиқариб қўйган. Биз ҳам бориб кўрдик. Менимча, кечқурун кимдир трубани туртиб юборган ва уланган жойидаги сувоқ тушиб кетган, ис шу ердан чиққан бўлса керак. Тиллахон опанинг эри ва ўғли Россияда. Уларга хабар берилди, бугун эрта келиб қолишса керак, - деди исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бири.

Февраль ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистонда газ ва свет тақчиллиги боис фавқулодда ҳодисалар кўп кузатилди.

10 февраль куни Навоий шаҳридаги халқаро аэропорт яқинида икки қаватли уйда рўй берган портлаш оқибатида камида олти киши нобуд бўлди ва етти киши жароҳат олди.

6 февраль куни Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманидаги Равонак қишлоғида яшовчи ёш эр-хотин ва уларнинг икки гўдаги маиший газ баллонидан сизиб чиққан газдан заҳарланиб ўлди.

Фарғона вилоят Қўштепа тумани Ғиштмон фуқаролар йиғинида яшовчи Қодировлар уйида 2 февралга ўтар кечаси содир бўлган портлаш оқибатида хонадондагиларнинг ҳаммаси турли даражадаги куйиш билан вилоят касалхонасига ëтқизилди. Куйганлар орасида икки яшар қизалоқ ҳам бор.

Қишнинг илк кунларида Андижон шаҳрининг 2-микрорайонидаги 17-уйида ҳам газ портлагани оқибатида иккита хонадонга шикаст етди.

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати тунда -10 даражадан пастроқни ташкил қилаëтган айни кунларда аксар аҳоли газ ва электр қувватидан узилган оғир шароитда қишдан омон чиқишга уринмоқда.
XS
SM
MD
LG