Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:53

Навоийдаги портлашда камида 6 киши ўлди


Воқеа жойидан олинган бу расмни Озодликнинг Навоий шаҳридаги муштарийси юборди.
Воқеа жойидан олинган бу расмни Озодликнинг Навоий шаҳридаги муштарийси юборди.

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати тунда - 20 даражадан пастроқни ташкил қилаëтган айни кунларда газ портлаши оқибатида юз бераëтган воқеалар кўпайгани кузатилмоқда. Қиш совуғида Навоий шаҳрида юз берган газ портлаши олти хонадонга мусибат келтирди.



Навоий шаҳридаги халқаро аэропорт яқинида икки қаватли уйда рўй берган портлаш оқибатида камида олти киши нобуд бўлди ва етти киши жароҳат олди.

Бу ҳақда маълумот берган Навоий прокуратурасидаги Озодлик манбасига кўра, портлаш душанба куни маҳаллий вақт билан соат 6.11да рўй берган. Портлашга газ сизиб чиқиши сабаб бўлганини билдирган манба таъкидига кўра¸ воқеа қувурлардаги газнинг бир келиб бир келмаслиги боис содир бўлган:

- Аэропорт яқинидаги 12-рақамли уйнинг икки подъездидаги олти хонадон 10 январь эрталаб портлаб кетди. 6 киши воқеа жойида дарҳол ҳалок бўлди. 7 киши ярадор бўлди. Газ портлаши асосий версия сифатида кўрилмоқда¸- деди Озодликнинг Навоий вилоят прокуратурасидаги манбаси.

Манбаниниг айтишича, аэропорт яқинидаги бу кўп хонадонли уйда газ бир келиб бир келмай турган:

- Дастлабки тахминларга кўра¸ газ келмагани боис газ плиталаридан бирининг жўмраги очиқ қолган. 20 январга ўтар кечаси бу мавзега берилган газ босими очиқ жўмраклардан сизиб олтита хонадонни тўлдирган ва портлаб кетган¸- дейди суҳбатдош.

Халқаро аэропорт яқинида содир бўлган портлаш воқеасини Навоий вилояти Кармана тумани прокуратураси тергов қилмоқда.

Ўзбекистонда қишнинг қаттиқ келиши ва газ танқислиги боис содир бўлаëтган бахтсиз воқеалар кўпайгани кузатилмоқда.

10 феврал тонгида Тошкентнинг Миробод кўчасида жойлашган харбий қисмда ëнғин чиққани билдирилди.

Расмий маълумотга кўра ëнғин харбий қисм ошхонасидан чиққан.

Ëнғин оқибатлари ҳақида тафсилотлар хозирча йўқ.

6 февраль куни Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманидаги Равонак қишлоғида яшовчи ёш эр-хотин ва уларнинг икки гўдаги маиший газ баллонидан газ сизиб чиққани оқибатида заҳарланиб ўлган эди.

Фарғона вилоят Қўштепа тумани Ғиштмон фуқаролар йиғинида яшовчи Қодировлар уйида 2 февралга ўтар кечаси содир бўлган портлаш оқибатида бу хонадондагиларнинг ҳаммаси турли даража куйиш билан вилоят касалхонасига ëтқизилган эди. Куйганлар орасида икки яшар қизалоқ ҳам бўлган.

Қишнинг илк кунларида Андижон шаҳрининг 2-микрорайонидаги 17-уйида газ портлагани оқибатида иккита хонадон шикастланган эди.

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати тунда - 20 даражадан пастроқни ташкил қилаëтган айни кунларда аксар аҳоли газ ва электр қуввати йўқ бир шароитда қишдан омон чиқишга уринмоқда.
XS
SM
MD
LG