Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:31

Ҳасан Чориев аппеляция суди ҳам яширин ўтказилди


 Ҳасан Чориев.
Ҳасан Чориев.

20 август куни Қашқадарё вилоят жиноят ишлари бўйича суди аёл кишининг номусига тажовуз қилишда айбланаётган Ҳасан Чориевнинг апелляция аризасини кўриб, қуйи инстанция томонидан чиқарилган 5 йилу 2 ойлик қамоқ муддатини ўз кучида қолдирди. Аввалги суд мажлислари каби бу маҳкама ҳам Чориевнинг қариндошлари ва ҳуқуқ фаолларидан яширин тарзда ўтказилди.



Қашқадарё вилоят жиноят ишлари бўйича судининг ажримига кўра, Ҳасан Чориевга берилган қамоқ жазоси ўзгармасдан қолган.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган Ҳасан Чориевнинг жамоатчи ҳимоячиси Шуҳрат Рустамовга кўра, суд ажрими Чориевнинг яқинларига берилмаган ва маҳкамага ҳеч ким киритилмаган.

- Ҳеч кимни киргизишгани йўқ. Битта мен жанжал, тўполон билан милициялардан ўтиб, бугунги суд бўлаëтган залнинг олдига етиб борганимда, уже суд бошланиб бўлган экан. Суд мажлисига мени киргизишмади ҳам. Милиционерлар мени қўриқлаб ўтирди ўша залнинг олдида. Қарши шаҳар судининг ҳукмини ўз кучида қолдирди дейишди. Ҳали қўлимизга олганимиз йўқ. Ким судя бўлган¸ ким прокурор иштирок этган – бу ҳақда ҳеч нарса билмаймиз. Ҳеч қанақа ҳужжат берилгани йўқ. Бизлардан яширин тарзда ўтказилаяпти бу суд. Биринчи инстанция суди ҳам, аппеляция суди ҳам. Жиноий иш қўзғатиш ҳақидаги қарорни ҳам беришгани йўқ. Бизнинг қўлимизда бор-йўқ ҳужжат биттагина суднинг ажрими. У ҳам бўлса эҳтиëт чорасини қўллаш ҳақидаги ажрим. Бошқа ҳеч қанақа ҳужжат йўқ қўлимизда,- дейди Чориевнинг жамоатчи ҳимоячиси Шуҳрат Рустамов.

Қарши шаҳар судидаги Озодлик манбасига кўра, Чориевнинг яқинларига суд ҳукмини бермаслик ҳақида Қарши шаҳар жиноят ишлари суди раиси Ориф Элмуродов котибиятга буйруқ берган ва бу ҳукм нусхасининг матбуотга сизмаслиги учун чора сифатида кўрилган.

Суд мажлисига журналист ва инсон ҳуқуқлари фаолларининг кирмаслигини таъминлаш ҳам айни мақсад билан амалга оширилган, деди суддаги Озодлик манбаси.

Ҳасан Чориевнинг қариндошларига маҳкамаларда қатнашишга изн берилмагани билан биргаликда Чориев ҳибсга олинганидан буён у билан учрашувга ҳам рухсат берилмаган.

- Йўқ, ҳеч ким учраша олгани йўқ. Мана бугун как раз мен ўша суд бўлаëтган залнинг фоесида турган эдим. Иш кўриб бўлингандан кейин суд маслаҳатда қолади, деб Ҳасан акани коридорга олиб чиқишди. Ана ўшанда мен биринчи марта кўрдим қамалгандан бери. Ҳол-аҳвол сўрадим. “Мен яхшиман” дедилар. Икки-уч оғиз гаплашганимдан кейин бизнинг ўртамизга тушиб гаплашишга рухсат беришмади,- дейди Шуҳрат Рустамов.

71 ёшли Ҳасан Чориев шу йилнинг 17 июн куни 19 яшар Матлуба Абдураҳмоновага жинсий тажовуз қилганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Чориевнинг қариндошлари икки марта юрак ҳуружи ўтказган 71 яшар Ҳасан Чориевнинг 19 яшар Матлуба Абдураҳмонованинг номусини поймол қилиши мантиқан мумкин эмаслигини иддао қилишади.

Қариндошлари назарида Матлуба Абдураҳмонова Ўзбекистон куч ишлатар тизимларининг исталмаган шахслардан ўч олиш воситасидир.

Қашқадарë вилоят Адлия бошқармасидан олинган маълумотга кўра, шу кунларда Матлуба Абдураҳмонованинг номусига текканликда айбланиб яна бир фуқаро - қаршилик бой тадбиркорнинг ўғли ҳибсга олинган.

Матлуба Абдураҳмонова бир ойнинг ичида икки марта жабрланувчи тарзида Қаршидаги икки терговда кўрсатма берган.

Бу ҳолат 19 яшар Матлуба Абдураҳмонованинг Ўзбекистон куч ишлатар тизимларининг исталмаган шахсларга қарши қурилган тузоқ экани борасидаги иддаолар урчишига асос бўлди.

"Бирдамлик" етакчиларига кўра, Ҳасан Чориев иши - унинг ўғли, "Бирдамлик" ҳаракати лидери Баҳодир Чориевдан қасд олиш учун қилинган ошкора қасос амалиëтидир.
XS
SM
MD
LG