Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:34

Қаршида пикетчилар судланди


Малоҳат Эшонқулова ва Елена Урлаева пикетда калтакланганидан сўнг шифохонада.
Малоҳат Эшонқулова ва Елена Урлаева пикетда калтакланганидан сўнг шифохонада.

6 июл куни Қарши шаҳар жиноят ишлари бўйича суди 71 ёшли ҳуқуқ фаоли Ҳасан Чориевнинг ҳибсга олинганига қарши норозилик акцияси ўтказган етти кишини маъмурий ҳуқуқбузарликда айблаб, уларга 6 миллион сўм атрофида жарима белгилади.


Пикетчилар "ҳуқуқбузар" деб топилди

Қарши шаҳар маҳкамаси судяси Отабек Мустафоев 3 июл куни Қашқадарё вилоят прокуратураси олдида Ҳасан Чориевнинг қамалишига қарши норозилик акцияси ўтказган икки ҳуқуқ фаоли ва Чориевлар оиласидан беш кишини маъмурий ҳуқуқбузар, деб топди.

Суд қарорига кўра, етти пикетчи Ўзбекистон маъмурий-жавобгарлик кодексининг 201-моддаси (Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) бўйича айбдор, деб топилган.

Бу ҳақда Озодликка жаримага тортилганлардан бири, "Бирдамлик" ҳаракатининг Ўзбекистон бўйича раҳбари Малоҳат Эшонқулова маълум қилди.

- Судда мен, ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева, Ҳасан Чориевнинг тўнғич қизи Зулайҳо Чориева кўча юришлари, намойиш, митинглар ўтказиш тартибини бузишда айбланиб, айбдор, деб топилдик. Шу 201-модданинг 1-қисми билан. Ва бизга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 75 баробари миқдорида жарима жазоси белгиланди. Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 79 минг сўмдан зиёд. Буни 75 баробари 6 миллион сўмдан зиёд бўлади. Намойиш иштирокчиларининг қолган қисми - Гулшан Чориева, Беҳзод Чориев, унинг рафиқаси Шоҳиста ва Фарида опа деган аёл энг кам иш ҳақининг 60 баробари миқдорида жаримага тортилди. Бу 5 миллион сўмдан зиёд пул бўлади,- деди Эшонқулова.

Малоҳат Эшонқулова пикет пайти калтакланганидан сўнг шифохонада.
Малоҳат Эшонқулова пикет пайти калтакланганидан сўнг шифохонада.
Ҳуқуқ фаолига кўра, 3 июл кунги пикетда жами 15 киши иштирок этган, лекин пикетчилар орасидаги болалар маҳкамага тортилмагани боис фақат 7 киши судланган.

- Ўн беш одам судланмади. Чунки уларнинг орасида тўрт нафар ёш бола бор эди. Қолганлари эса 9, 10, 11-синфда ўқийдиган ўсмир йигит-қизлар эди. Яъни улар Ҳасан Чориевнинг болаларининг болалари - набиралари эди. Шу сабабли улар бу ишга жалб қилинмади. Жами етти киши айбдор, деб топилди ва жаримага тортилди, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Жабрланувчилар ҳуқуқбузарга айланди

Малоҳат Эшонқулова 3 июл куни Қарши шаҳар милиция бўлимида ушлаб турилган пайтда Озодликка интервю бериб, пикет иштирокчиларига номаълум аёллар гуруҳи ҳужум қилиб, уларни калтаклагани ҳақида гапирганди.

Эшонқуловага кўра, Қарши маҳкамаси уларнинг калтаклангани борасида берган аризаси кўрилмаслигини маълум қилган.

- Ички ишлар бошқармасига олиб боришганида ўша ерга шифокорлар, экспертлар чақиртирилди. Ўша ерда мен номаълум кишилар томонидан таланганим ва калтакланганим бўйича Қарши шаҳар ИИБ бошлиғи номига ариза ёзганман. Мазкур шахсларнинг шахсини аниқлаб, уларни топиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатишни сўраганман. Бошқалар ҳам ёзган. Ўша куни мен ва бошқаларга нисабатан жабрланувчи сифатида тан олиш бўйича қарор чиқарилди. ИИБ тергов бўлимида биз жабрланувчи сифатида сўроққа тортилиб, протокол ҳам тузилган ўша куни. Лекин ўшанинг барчаси чаппасига бўлиб кетиб, бир кундан кейин биз жабрланувчидан ҳуқуқбузарга айланиб, жаримага тортилдик, - дейди Эшонқулова.

Эшонқулова сўзларига кўра, бу пикет пайти номаълум аёллар юлиб олган унинг соч толаси.
Эшонқулова сўзларига кўра, бу пикет пайти номаълум аёллар юлиб олган унинг соч толаси.
Ҳ​уқуқ фаоли Қарши шаҳар судининг ушбу қарори устидан юқори инстанцияларга шикоят қилишни режалаштираётганини гапирди.

- Албатта курашамиз. Ушбу шаҳар судининг қарори устидан Қашқадарё вилоят судига апелляция аризаси берамиз. Лекин биламан, бу ҳатто Олий судга чиққан тақдирда ҳам, дастлабки суд қарори ўз кучида қолади. Биламан, бу жамиятда ҳақиқат қарор топиши мумкин эмас, қарор топмайди. Лекин барибир курашамиз. Охиригача борамиз, - деди Эшонқулова.

Номаълум аёллар гуруҳи - Матлубанинг қариндошлари

АҚШда яшаётган ўзбек мухолифатчиси, “Бирдамлик” ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориевнинг Ўзбекистондаги 71 ёшли отаси Ҳасан бобо 17 яшар Матлуба исмли қизни зўрлаганликда айбланиб, июн ойи ўрталарида ҳибсга олинган эди.

Озодлик почтасига ўзини Матлубанинг холаси деб таништирган Замира Боймерова номидан келган хатда 3 июл куни Қашқадарё вилоят прокуратураси олдидаги номаълум аёллар гуруҳи Матлубанинг қариндошлари бўлгани ёзилган.

Матлубанинг холаси эканини иддао қилган ушбу мактуб эгасининг ёзишича, ўзи ҳам 3 июл кунги жанжалда иштирок этган.

Мактубда ёзилишича, ўша куни Матлуба прокуратурага сўроққа чақирилган бўлган ва у ерга қариндошлари билан бирга боришган пайти Ҳасан Чориев ҳимоясига пикет ўтказаётганларга дуч келишган.

“Чориевнинг бир қизи менинг опамнинг юзига бир тарсаки тортворгани эсимда, кейин ҳамма урушиб кетди. Уларни ажратишга минг уринсам-да уддалай олмадим, устига-устак калтак ҳам еволдим. Яхши, милиция ходимлари бор экан, келиб ўртага тушишди, ажратишди. Кейин ҳаммамизни (Чориевларни ҳам) милиция управлениясига олиб бориб, у ерда озгина савол-сўроқ қилишди, кейин эса қўйиб юборишди”, деб ёзилади мактубда.

Замира Боймерова "жияни Матлубанинг номусини булғаган Ҳасан Чориевнинг жазоланишига умидвор экани" ҳақида ёзади.

“Сўнгги пайтларда бизнинг оиламизга жуда кўп ноҳақликлар қилинаяпти. Жияним Матлуба Абдруҳмоновани Ҳасан Чориев икки йилдан бери зўрлаб келар экан, устига устак бу жиноятчи бувани эндигина тергов қилишни бошлашганда унинг хотини-ю қизлари бизарни қўрқитиб, тинмай жанжал кўтара бошлашди... Умид қилиб қоламанки, тез кунларда менинг жияним Матлубанинг номусини булғаган Ҳасан Чориевга адолатли ҳукм жазоси ўқилади ва у ўз қилмишига яраша жавоб беради”, деб ёзади ўзини Матлубанинг холаси деб таништирган Замира Боймерова.

Таъкидлаб ўтамиз, Озодликда ушбу мактуб эгаси ҳақиқатан Матлуба Абдураҳмонованинг холаси экани ҳақида ҳеч қандай ҳужжат йўқ.

Ҳасан ота ҳимоясига пикетлар

Ўтган ҳафта Баҳодир Чориев отасининг қамалиши ортидан Америка бўйлаб норозилик акциялари ўтказди.

Ўзбекистонда “Президент Ислом Каримов режими жиноятлари” ҳақида сўзловчи улкан плакатлар тортилган юк машиналари жума куни Сент-Луис шаҳридан пойтахт Вашингтондаги ўзбек элчихонасигача ҳайдаб келинди.

Хабарларга кўра, норозилик акциясининг бошида Ўзбекистон элчихонаси ходимлари полиция чақирган.

Баҳодир Чориевни полиция бир соатга ушлаб туриб, кейин қўйиб юборган. Ўзбекистон элчихонасидан мухолифатчи билан учрашишга ҳеч ким чиқмаган.

Ўзбекистонда нозўравон йўл билан инқилоб қилиш орзусида юрган “Бирдамлик” ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориев Озодлик билан суҳбатда отасининг қамалиши ўзининг сиёсий фаолияти билан боғлиқ эканини айтди.

Ҳасан Чориев аввал ҳам "туҳмат"да айбланиб, жаримага тортилган эди.
XS
SM
MD
LG