Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:57

Ўзбекистон диний либосга оид қонунларни ўзгартирмоқчи


Озодлик Қўқонда рўмолли аёллар нафақа пуллари тўхтатилишидан огоҳлантирилгани ҳақида хабар қилган эди.
Озодлик Қўқонда рўмолли аёллар нафақа пуллари тўхтатилишидан огоҳлантирилгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбекистонда рўмол ўраган аёлларнинг тазийқларга учраётгани билан боғлиқ муаммо юзага келгани ва мамлакат қонунчилигида бунга оид мавҳумлик боис мавжуд қонунларнинг диний либосларга оид моддаларига ўзгартиришлар киритилиши кутиляпти.


Рўмол билан боғлиқ иккита модда ўзгартирилади

Ўзбекистон қонунчилик палатасида диний либослар билан боғлиқ қонунларнинг янги таҳрири муҳокамага қўйилган.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Ўзбекистон Мусулмонлари идорасидаги манбага кўра, "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида" ҳамда "Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги қонунларнинг диний либосларга оид моддалари ўзгартирилиши кутилмоқда.

Шахсини ошкор қилишни истамаган манбага кўра, ушбу икки қонундаги диний либослар билан боғлиқ мавжуд моддаларда жуда кўп мавҳумлик бўлгани боис Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакиллари унга ўзгартириш киритиш таклифи билан парламентга мурожаат қилишган.

"Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг "Диний урф-одатлар ва маросимлар" ҳақидаги 14-моддасида:

"Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди", дейилади.

Озодлик манбасига кўра, ушбу моддада ибодат либосига тегишли тасниф берилмагани боис мавҳумлик жиҳатлари кўп бўлгани учун диний идора моддани ўзгартириш ва шарҳ бериш масаласини кўтарган.

"14-модда қайтадан кўрилаяпти. Бу модда жуда мавҳум бўлиб қолган. Шулар тўғриланиши лозим. Модда билан боғлиқ шарҳ ҳам кўрилаяпти. Қонунчилик палатасида қонунлар қайта кўрилаяпти", деди Озодлик манбаси.

Шунингдек, "Маъмурий жавобгарлик тўғриси"даги қонуннинг "Фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юриши" ҳақидаги 184/1-моддаси ҳам ўзгартирилиши режаланган.

Ушбу моддада "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари — энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади", дейилади.

Келгусида жазо чоралари қатъийлашадими ёки юмшайдими, буниси ҳозирча номаълум. Чунки Ўзбекистон Мусулмонлари идорасидаги манба мазкур иккита қонун моддаларига қандай ўзгартириш киритилаётганини очиқламади.

"Яқинда ушбу қонунлардаги янги ўзгаришлар маълум бўлади. Яқин кунларда натижаси чиқади ва эълон қилинади. Ҳозирча ўзгаришлар қандай бўлиши ҳақида гапира олмайман. Биз натижани ҳар куни кутаяпмиз. Балки кейинги ҳафта маълум бўлар, деган умиддамиз", деди манба.

"Қўқондаги воқеадан хабардормиз"

Озодлик 11 июн куни Қўқон шаҳрида яшовчи рўмолли аёлларга агар рўмолларини ечмаса ёки айтилганидек ўрамаса, болаларига бериладиган нафақа пуллари тўхтатилишидан таҳдид қилингани ҳақида хабар қилган эди.

Қўқон шаҳар 23-маҳалла қўмитаси фаолларидан бири Дилором Каримова Озодлик мухбири билан ўзаро суҳбатда ушбу ҳолатни тан олди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасидаги манбага кўра, идора раҳбарлари рўмолли аёлларга бўлаётган бу каби таҳдид ва тазийқлардан хабардор.

"Рўмол билан боғлиқ барча ҳолатлардан хабардормиз. Қўқондаги воқеа: агар шундай қилган бўлса, қилгандир. Лекин оммавий ҳамма жойда бунақа қилинсин, деган топшириқ йўқ. 14-моддада мавҳумлик бўлгани учун ҳам Ички ишлар бўлимлари, маҳаллий мулозимлар шу каби йўл тутаяпти. Бу муаммолардан яхши хабардормиз. Бу тўғридаги қонунлар қайта қўрилаяпти. Натижасини кутайлик", деди Мусулмонлар идорасидаги манба.

Ўзбекистонда кейинги 4-5 йил давомида рўмолли аёлларга қарши кенг кўламли тадбирлар амалга оширилаётгани кузатилмоқда.

Дастлаб давлат идораларида ишловчи аёлларга рўмолларини ечиш талаби қўйилди. Кейин ушбу тақиқ мамлакат бозорларига кўчди.

2010 йилдан бошлаб ўқувчи қизларга рўмол ўраш мутлақо тақиқланди.

Бугунги кунда мамлакат олийгоҳларининг талаба қизларига ҳам рўмол ўраш тақиқланган.
XS
SM
MD
LG