Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:55

Ҳижоб хавфсизликка таҳдид бўлиб кўринмоқда


Кузатувчиларга кўра¸байрам арафасида расмий Тошкент¸террорчиларнинг ҳижоб остига бекиниб ҳужум қилиш эҳтимолидан чўчиëтган бўлиши мумкин.
Кузатувчиларга кўра¸байрам арафасида расмий Тошкент¸террорчиларнинг ҳижоб остига бекиниб ҳужум қилиш эҳтимолидан чўчиëтган бўлиши мумкин.

Озодликка мурожаат қилган ҳижобли аëллар¸ мустақиллик арафасида хавфсизлик чоралари кучайтирилаëтган Тошкентда ўзларидан ҳижобни ечиб юриш талаб қилинаëтганини айтмоқдалар.

Тошкент бозорлардан бирида савдо қилувчи Дилбар исмли муслима аёлнинг айтишича, бозор маъмурияти байрам арафаси ҳижоб кийган сотувчи аёллардан рўмолларини ечиб савдо қилишни талаб етмоқда.

- Байрам арафасида бозорком бозор эшигининг олдида туриб ҳижобли сотувчиларга “Бозорга киришда рўмолингни ечасан. Бўлмаса савдонгни йиғиштирасан” деяпти.

Кўчада эса байрам арафасида назоратга чиққан милиционерлар ўтган-кетган рўмоллиларни текшираяпти. Мен ҳам дугонам билан бозорга кириб кетаëтганимда тўхтатиб¸ ҳужжатларимни сўради. Юзимдан тошкентлик эканлигим билиниб турган бўлса ҳам “Қаерда турасан? Прописканг қаерда?” деб сўраяпти. Рўмолли бўлганлигимиз учун тўхтатиб¸ прописка баҳона ҳужжатларимизни текширишди. Бунақа нарса кўп учраяпти, дейди муслима аёл.

Дилбар опа ўзидан кўра, рўмол ўрайдиган қизидан хавотирда. Сабаби, дейди Дилбар опа, маҳалла фаоллари байрам арафасида рўмолли ўқувчилар мактабга қўйилмаслиги борасида ота-оналарни огоҳлантирган.

- Мактаб бошланмасидан олдин маҳаллада раислар “Мактаб бошланаяпти. Болаларингизни мактабга рўмолини ечиб чиқарасизлар. Бўлмаса бўлмайди. Акс ҳолда сизларни рўйхатга олиб қўямиз. Ëки бўлмаса олиб бориб қамайди. Болаларга индамаса ҳам ота-онасини олиб бориб қамаб қўяди” деган гапларни гапиришаяпти, дейди Дилбар опа.

Тошкентлик Ҳалима исмли муслима аёл ҳам Озодлик билан суҳбатда шаҳарда милиция ходимлари ҳижобли хотин-қизларни ҳар қадамда тўхтатиб¸ ҳужжатларини текширишаётгани ҳақида гапирди.

- Кўчада ҳижоблилар иложи борича кўринмасин¸ юрмасин деб айтишаяпти. “Нимага юрибсан? Кимсан? Қаерда турасан?” деб ҳар хил таҳдидлар қилинаяпти. Шунақа нарса бизнинг ҳам бошимиздан ўтди. Мен дугонам билан кетаëтганимда тўхтатиб¸ “Ҳужжатингни кўрсат” деди. “Ҳужжат билан юриш керак деган қонун йўқ. Нимага биздан ҳужжат талаб қилаяпсиз?” десам¸ “Кўрсат ҳужжатингни” дейди. Яхши ҳам ҳужжатимиз ëнимизда бор экан. “Ҳозир ҳужжатимиз йўқ бўлганда нима қилардингиз?” деб асабийлашган эдик¸ “Сиз жуда кўп гапираяпсизми? Ҳозир сизни бўлимга олиб кетиб қоламиз” деб таҳдид қилишди, дейди муслима аёл.

Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов, шу пайтгача ҳам ҳижобли хотин-қизларга бўлиб келган босим байрам арафасида янада кучайганини айтади.

- Бизга маълум бўлишича¸ байрам арафасида милиционерлар ҳижоблиларни тўхтатиб¸ уларнинг қаердан келганлигини¸ қаерда яшашини суриштираяпти. Бунақа нарсалар олдинлар ҳам бўлган. Биласизми¸ бу нарсани давлат расман чиқармаяпти. Мактаб маъмуриятидан сўрасангиз¸ “Бизга Районодан буйруқ келди. Милиционерлар келиб шунақа дейишди” деган гап қилишади. Бу оғзаки буйруқлар. Маҳалла раисларига ëки мактаб раҳбарларига шунақа оғзаки инструкция берилган, дейди Суръат Икромов.

“Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳам байрам арафаси ҳижоблилар назоратга олинганини айтар экан, кейинги пайтда ҳижобли аёлларнинг маҳкамага тортилиш ҳолатлари ҳам кўпаётганини қўшимча қилади.

- Ҳозир жамоат жойларида¸ ишхоналарда намоз ўқиган муслима аëллар¸ мусулмонларга жарима солинаëтгани¸ суд орқали улардан энг кам иш ҳақининг бир неча баробари миқдорида тўловлар ундирилаëтгани ҳақида бизда маълумотлар бор. Бу ярим расмий чоралар кўрилаяпти¸ деган хулосага олиб келади. Бундан ташқари¸ менинг эшитишимча¸ Тошкент шаҳар ИИББ нинг ходимларига ëзма кўрсатмалар ҳам берилган. Ëзма кўрсатмаларда ҳеч қачон “Ҳижоб ечсин” ëки шунга ўхшаган нарсалар ëзилмайди. “Дин хавфсизлиги¸ юртимиз осойишталиги” каби изоҳлар билан улар ўзларининг иддаоларини хаспўшлашади ва расмийлаштиришади, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳижобли хотин-қизларга бўлаётган назорат сабабларини ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига мурожаат қилганимизда, бошқарма ходимларидан бири милиция ходимлари томонидан ҳижобли аёлларга нисбатан ҳеч қандай босим ва таъқиб бўлмаётганини билдирди. Шунингдек у байрам арафаси шаҳарда хавфсизлик чоралари сифатида кучайтирилган тартиб йўлга қўйилганини ва бу ҳолатни одамлар бошқача тушунаётган бўлишлари мумкинлигини айтди.

Маҳаллий кузатувчилар фикрича, мустақиллик байрами арафасида ҳижобли хотин-қизларга нисбатан назорат остида ҳукуматнинг террорчилардан қўрқиши¸ яъни ҳижоб остида қуролланган террорчилар яшириниб олиши мумкинлигидан ҳадик ëтибди.

Айрим интернет нашрларига кўра, байрам арафасида Ўзбекистон расмий телеканаллари орқали ҳижобни таъқиқлашга бағишланган кўрсатув берилиб, унда 26 май куни Андижон ва Хонободда бўлган портлаш қора ҳижоб кийган одамлар томонидан амалга оширилгани алоҳида таъкидланган.
XS
SM
MD
LG