Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:49

Ўқувчиларга рўмол ўраш мутлақо тақиқланди


Ўзбекистонда ўқувчи қизалоқларнинг рўмолларини мактаб остонасида ечиб олишга милиция ходимларидан соқчилар қўйилди.
Ўзбекистонда ўқувчи қизалоқларнинг рўмолларини мактаб остонасида ечиб олишга милиция ходимларидан соқчилар қўйилди.

Тошкент шаҳридаги мактаб мутасаддиларидан бирининг сўзларига кўра, бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимиятидан кўрсатма берилган. Муслима қизларнинг ота-оналари мактаблар остонасига қўйилган милиционерлар қизларидан мактаб ҳудудудига 20 метр қолганда рўмолни буткул ечиш талаб қилинаётганини айтмоқда.


Озодлик билан исми сир қолиши шарти билан гапирган онахон набираси Тошкент шаҳридаги 40 мактабда таҳсил олишини ва аслида, рўмолли ўқувчиларга тазйиқ 2 йилдан бери давом этиб келаётгани айтади.

- Орқасидан ўрашни ҳам умуман тақиқлашаяпти. Орқасидан ўрашга бултур рухсат бор эди. Бу йил умуман рўмол кўринмасин дейишаяпти. Францияда ниқобни тақиқлади. Бизларда эса тўлиқ рўмол ўраш тақиқланаяпти. Ҳатто, баъзилар каттаю кичик ўранганни кўчада кўриб қолишса, 3 минимал оклад штраф солишармиш, дейишаяпти. Мен ўзим уларга рўпара бўлганим йўқку, лекин болалар жуда қийналишяпти, дейди исми сир қолишини истаган онахон.

Яъни шу вақтга қадар рўмолни бўйни орқадан ўраб, бир амаллаб дарсга бориб турган қизалоқлар энди шу имкондан ҳам мосуво бўлдилар.

Мактаб мутасаддилари рўмолли қизларнинг ўқиш сменаси яқинлашган кезда мактаб остонасига қўриқчи қўйиб, уларнинг йўлини пойлагани боис, ўқувчи қизлар рўмолини ечмаслик учун икки соат олдин мактабга боришга мажбур бўлмоқда, дейди яна суҳбатдошимиз.

- Йиғлаб келишди. Охири йўлини топишибди. Иккида бўладиган дарсга 12 дан боришади.

Озодлик: Кейин нима қилишади?

- Рўмолини кўрсатмаслик учун милициялар келадиган пайтдан олдин кириб олишади мактабга. Агар рўмолини кўрса, киргизмайди мактабга. Мактаб территориясидан 20 метр нарида уже рўмол бўлмаслиги керак, дейди суҳбатдошимиз.

Яна бир суҳбатдошимизнинг қизи эса, шаҳардаги 81-мактабда ўқийди. Уни ўқув йили бошидаёқ рўмолни ечишни истамагани учун мактаб остонасидан қувишган.

- Охраналари бор-ку мактабга киргизиб чиқарадиган. Мактабга жавоб берадиган қоровуллари бўладику. Ўшалар, кейин мактабдаги иккита-учта ўқитувчиларнинг дарсига кирганда чиқариб юборишлар бўлади. Рўмол билан киргизишмаяпти. Рўмолни орқадан ҳам ҳаттоки рухсат беришмаяпти. Хуллас қизларнинг мактабда ўқиши мана шунақа қийин шароитда бўлиб қолди.

Озодлик: Нима қилди энди қизингиз?

- Орқадан рухсат беришса, орқадан ўраб кирардим деяпти. Ҳозир бетоблиги учун чиқамяпти мактабга, дейди қизи 81-мактабда ўқийдиган суҳбатдошимиз.

Тошкентлик муслима ўқувчи қизларнинг ота-оналарига кўра, бу қадар кескин тақиқ шаҳар ҳокимиятининг буйруғи асосида жорий этилган.

- Мактаб маъмурияти, яна бошқалардан ҳам эшитдик, ҳокимият шунақа буйруқ берган дейишди. Шунақа қонун чиқибди. Оқ дўппи киймаслик, кўк дўппи киймаслик тўғрисида ҳам аниқ буйруқ берди дейишди, дейди тошкентлик муслима қизларнинг ота-оналаридан бири.

Республика Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари бу вазиятга изоҳ беришни истмади. Пойтахтдаги бир неча мактаб маъмурлари ҳам Озодлик мухбирининг бу борадаги мурожаатларига жавоб беришдан бош тортди.

Аммо, 40 мактабнинг Озодлик билан мкирофонсиз суҳбатлашган ўқитувчиси шаҳар ҳокимиятидан муслима ўқувчи қизлардан рўмолини ечиш талаб қилиниши ҳақида оғзаки кўрсатмалар берилганини тан олди.

Бу суҳбатдошимизга кўра, мактаб ҳудудида қизларга рўмол билан юриш тақиқланган. Аммо, муслима қизлар рўмол остидан кийиладиган кичиккина бош кийимларни кийиб, дарсларга кириши мумкин, деди у.

40 мактабда рўмолли ўқувчилар 5-6 нафаргина, деган бу суҳбатдошимиз сўзларига кўра, бу йил ўқишга янги келган мактаб ўқувчиларининг оналари орасида ҳижоблилар кўплиги кузатилган.

15 сентябр куни тонгги соат етти яримда орган ходимлари келиб, мактаб ҳовлисидаги рўмолли оналар ва муслима қизларни видеога олиб кетганини айтган мактаб мутасаддиси бу оналарни ҳам ўқитувчилар, деб ўйлашмаганмикин, деб ўзларига гап тегиб қолиши мумкинлигидан хавотир қилаётганини айтди. "Боиси, деярли кунора шаҳар таълим бошқармасида шу масалага бағишланган йиғишлар бўляпти, бошлиғимиз ҳозир ўша ерда, ҳали келса биламизда нима гаплигини", дея қўшимча қилди пойтахтдаги 40-мактаб ўқитувчиси.

Аслида ўзлари ҳам мусулмон экани, муслима қизларга нисбатан бу қадар кескин тақиққа хайриҳоҳ эмаслигини айтган бу суҳбатдошимиз "биз ҳам охиратидан қўрқамиз, аммо, давлат муассасаси ходими сифатида юқорининг буйруғига бўйсунишга мажбурмиз", дейди.

Рўмол ўраган набираси шу мактабда ўқийдиган тошкентлик онахон қизалоқларга нисбатан бу қадар кескинлашаётган муносабатни кўриб, мўмина қизларга юраги туз сепгандек ачишини айтади.

- Ëш болаларга жуда увол бўлиб кетди. Масалан бизлар уларни “ўрангин” деб мажбурламаймиз. Уларнинг ўзлари хоҳлаб ўранган. “Шунақа қийналсанг, ечавер” десак, “Йўқ” дейди. Уже ўрганганда. Ҳозир яшаш жуда азоб бўлиб қолди бизларнинг болаларга. Айниқса отаси қамалган болаларга жуда қийин, дейди набираси рўмол ўрагани учун мактабда таъқибга учраётган онахон.

Дарслардан қолиб кетмаслик учун беркиниб-қимтиниб, мактаб остонасини ҳатлаётган муслима қизларнинг бир ташвиши бошидаги рўмолини сақлаш бўлса, яна бир улкан ташвиши эътиқоди учун йиллаб қамоқда, баъзи ҳолларда қийноқлар остида сақланаётган оталаридан айрилиқдаги хўрлик азобидир.

Суҳбатдошимиз исмини ошкор этмаслигимизни сўрагани боиси ҳам аслида шунда — рўмолни ечишни истамаган қизалоқнинг дадаси мана бир неча ойдирки, зона ичида туриб, дараги чиқмаётганида...
XS
SM
MD
LG