Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:40

Ёзувчи Мамадали Маҳмудов озод этилди


Мамадали Маҳмудов қамоқдан озод бўлган куни. Оила ва яқинлар даврасида.
Мамадали Маҳмудов қамоқдан озод бўлган куни. Оила ва яқинлар даврасида.

Эврил Турон адабий тахаллуси билан машҳур ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмудов 14 йиллик қамоқ жазосини ўтаб бўлиши ортидан жума куни озод этилган.Озод этилган ёзувчининг саломатлиги ёмонлашгани айтилмоқда.



Таниқли ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмудов озодликка чиқарилгани ҳақда дастлаб Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти хабар берди.

– Мамадали Маҳмудов 19 апрел куни кечқурун еттиларда уйига кириб келди. Уни ўғли қарши олди. Невараларини биринчи марта кўрди, - деб ёзди ташкилот раҳбари Надежда Отаева ўз блогида.

Ёзувчининг Тошкент турмасидан озодликка чиқарилганини мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова ҳам тасдиқлади.

- Кўринишидан Мамадали аканининг соғлиги яхши эмас, жуда озғин, кичгинагина бўлиб қолибдилар. Кўзи яхши кўрмайди,ҳассага таяниб юради - деди кеча ёзувчини кўрган Дилором Исҳоқова.

Ҳозирча ёзувчининг ўзи билан боғланиш имкони бўлмади. Мамадали Маҳмудовнинг рафиқаси Гулсара опа Озодлик билан суҳбатда: - Эсон-омон чиқиб олдилар, ҳозир уйда, дам оляптилар. Ҳаммамиз ҳурсандмиз, чиққанларидан, - деди.

Эврил Турон адабий тахаллуси билан машҳур Маҳмудов 1999 йилда Тошкентда юз берган портлашларга алоқадорликда айбланиб, 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

У сўнгги йилларда Чирчиқдаги колонияда жазо муддатини ўтаётганди. Феврал ойида ёзувчининг Тошкент турмасига олиб ўтилгани маълум бўлди.

Ёзувчининг озод этилиши кўпчилик учун, жумладан оиласига ҳам кутилмаган хол бўлди.

- Кеча кечқурун кутилмаганда уйга кириб келдилар. Ҳаммамиз буни кутмаган эдик, - деди Гулсара опа.

Ёши 73 га яқинлашиб қолган Мамадали Маҳмудов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 221 - моддаси - "Жазони ижро этиш муассаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик" да айбдор деб топилгани ва уч йиллик муддат қўшиб берилгани айтилганди.

Феврал ойида Маҳмудовнинг қизи Тоштурмага сўроқлаб борганида, отасига қарши янги жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинган эди.

Қўнғироқдан қўнғироққача

Мамадали Маҳмудов 14 йилдан ортиқ вақт давомида халқаро ҳисоботларда энг дахшатли деб аталувчи ўзбек қамоқхоналарида жазо муддатини ўтади.

Бу давр ичида унинг қийноққа солингани ҳақда кўп бора айтилди.

Совет даврида "Ўлмас қоялар" номли романи билан танилган адиб мустақиллик йилларида мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси ва унинг раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан алоқалари учун озодликдан маҳрум этилгунига қадар ҳам икки марта қамоққа ташланган.

Қамоқхонада адибнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида бир неча марта хабар қилинганди.

Ўтган йил ноябрида ёзувчини қамоқхонада бориб кўрган қизи унинг бошида чуқур яра борлигини айтган, бу эса 72 ёшли адиб қийноққа солинаётган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни уйғотган эди.

Ҳозир ёзувчининг ҳассага таяниб юриши айтилади. Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва ижодий жамоатчилик Мамадали Маҳмудовни озод қилиш талаби билан кўп бор Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилишганди.

Ўғирланган 14 йил

Ню Йоркдаги Хьюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов Озодлик билан суҳбатда Мамадали Маҳмудов ҳақсизлик қурбони бўлганини айтади.

- Мамадали Маҳмудов ҳаётининг 14 йили ўғирланди. Ҳаётининг 14 йилини у энг дахшатли ўзбек қамоқхонасида кечирди. Қамоқда кечирган ҳар бир кун аслида унга нисбатан адолатсизлик эди, - дейди Свердлов.

Ҳозир Маҳмудовнинг қандай вазиятда озод этилгани маълум эмас. Хьюман райтс уотч вакили Стив Свердлов ёзувчидан барча айбловлар олиб ташланиши керак, деб ҳисоблайди.

- Сабаби бу айбловлар мутлақо сиёсий ва асоссиз айбловлар эди. Мамадали Маҳмудов ёши бир жойга етиб қолганда қамоқдан чиқариляпти, - дейди Свердлов.

Мамадали Маҳмудрвнинг озод этилиши АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк ташрифи арафасида рўй бермоқда.

22-26 апрел кунлари жаноб Блейк Ўзбекистон ва Қозоғистонга сафар қилади.

- Жаноб Блейк Ўзбекистондаги музоакаралар пайти бошқа махбусларнинг ҳам озод этилиши масаласини кўтариши керак, - дейди Свердов.

Ҳозир Ўзбекистон қамоқхоналарида камида ўн нафар ҳуқуқ фаоли ва журналист бор.

Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Нозим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Абдурасул Худойназаров, Ғанихон Маматхонов, Йўлдош Расулов, Дилмурод Саидов, Аъзам Турғунов каби журналист ва ҳуқуқ ҳимоячилари шулар жумласидан.

Ўн уч йиллик қамоқ жазосини ўтаб, ўтган йил феврал ойида озодликка чиқиши керак бўлган 58 ёшли сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжоннинг жазо муддати бир йил аввал 4 йил 8 ойга узайтирилди.

Журналист Юсуф Рўзимуродов ҳам соғлиғи ёмонлашганига қарамай, 14 йилдан буён қамоқда қолмоқда.
XS
SM
MD
LG