Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:44

Махсус рўйхатдаги маҳбуслар


Қийноқларга қарши жаҳон ташкилоти Ўзбекистон қамоқхонасидаги қийноқлар шаштининг пасаймаëтганидан хавотирда.
Қийноқларга қарши жаҳон ташкилоти Ўзбекистон қамоқхонасидаги қийноқлар шаштининг пасаймаëтганидан хавотирда.

"Инсон ҳуқуқлари фаолияти учун жазоланган қатор ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистоннинг энг даҳшатли қамоқхоналарида соғлиқларини йўқотиб, таҳқирлардан азоб чекмоқда", - дейилади икки халқаро ташикилот тарқатган баёнотда.

Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси ҳамда Қийноқларга қарши жаҳон ташкилоти биргаликда эълон қилган баёнотда ўзбек қамоқхоналарида азоб чекаётган айрим ҳуқуқ фаоллари ва диссидентлар номлари ҳам келтирилган.

Булар инсон ҳуқуқлари фаоли ва журналист Солижон Абдураҳмонов, исёнкор шоир Юсуф Жума, ҳуқуқ ҳимоячилари Алишер Караматов, Норбой Холжигитов, Ҳабибулла Оқпўлатов ва Аъзам Турғуновлардир.

2008 йил 7 июн кунидан бери темир панжара ортида қолаётган қорақалпоғистонлик журналист Солижон Абдураҳмоновнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақда уни яқинда бориб кўрган қариндошлари ҳам билдиришган.

Ўзбекистонда 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғуновнинг аҳволи ҳам кескин оғирлашган. Бу ҳақда Озодликка маҳбуснинг қариндошлари маълум қилишди. Аъзам Турғуновнинг ўғли Муродбек сўнгги учрашув пайтида отасининг аҳволини кўриб хўрлиги келганини айтади.

- Дадам 60 ëшга қараб кетаяптилар. 50 ëшдан ошганларни ўзи ғишт заводига қўйишмас¸ бошқа ишга қўйишар экан. Дадам эса 50 ëшдан ошган бўлишларига қарамасдан, ғишт заводга ишга қўйилган экан. "Мени атайлабдан шунақа жойга қўйиб қўйишди"¸ деяптилар. Анча озиб кетганлар¸ дейди Аъзам Турғуновнинг ўғли Муроджон.

19 июл куни отасини кўриб чиққан Феруза Жумаеванинг айтишича, беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ўзбекистонлик диссидент шоир Юсуф Жума қамоқхона назоратчилари томонидан калтакланаяпти.

- Дадамнинг аҳволларини кўриб¸ жуда ҳам ачиниб кетдим. Дадамнинг аҳволлари яхши эмас. Жуда ҳам озиб кетганлар¸ дейди Феруза Жумаева.

Ҳюман Райтс Уотч маълумотларига кўра, фақатгина 2005 йилги Андижон қирғинидан кейин ўндан зиёд ҳуқуқ ҳимоячиси қамалган. Булар Аъзам Фармонов, Жамшид Каримов, Насим Исоқов, Расул Худойназаров, Йўлдош Расулов, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййид ва бошқалар.

Қамоқда қолаётган ҳуқуқ фаолларидан яна бири Норбой Холжигитовдир. Бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро ташкилотларга очиқ хат йўллаб, 60 яшар сиëсий маҳбус Норбой Холжигитовнинг саломатлиги ëмонлашгани хусусида жиддий ташвиш изҳор қилдилар.

- Биз Норбой Холжигитовнинг қамоқдаги аҳволини эшитиб жуда қаттиқ таъсирландик. Зеро¸ Холжигитов ўзбек қамоқхонасида азоб тортаётган ягона ҳуқуқ ҳимоячиси эмас. Қамалган кўплаб ҳуқуқ фаоллари сил ва бошқа касалликлардан азият чекмоқда ва уларга тегишли тиббий муолажа кўрсатилмаяпти, дейди Париждаги Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси Марказий Осиё бўлими раҳбари Франсуаз Петри.

Мурод Жўраев, Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Бекжонларнинг қамалганига эса 10 йилдан ошди.

- Мана, Мурод Жўраевнинг аҳволи ҳозир анча оғир. У 1994 йилдан бери қамоқда ўтирибди. У сил касалига чалинган экан. Унинг ҳозир қайси қамоқхонада эканлигини уйидагилар топа олмаëтган экан¸ дейди Отаназар Орипов.

Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси ҳамда Қийноқларга қарши жаҳон ташкилоти Халқаро қизил хоч ташкилотига шу йил 7 сентябрдан Ўзбекистондаги қамоқхоналарга ташрифларини тиклаш учун рухсат берилганини олқишлаган, аммо, Ўзбекистон қамоқхоналарида сил касаллигига қарши дастур йўқлигидан ташвиш билдирди.

- Ўзбек расмийлари қамоқхоналардаги қийноқ ва таҳқирлашлар билан боғлиқ кўплаб ҳолатларни инкор қилиб келади. Лекин маҳкумларга нисбатан мунтазам жисмоний зўравонликлар қўлланилиши ва уларга етарли тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани бизга маълум, деб таъкидлади Женевадаги Қийноқларга қарши жаҳон ташкилоти бош котиби Эрик Сотта.
XS
SM
MD
LG