Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:35

Р.Комилов: Адвокатларимизда сиёсий фаоллик йўқ!


Uzbekistan - Ruhiddin Komilov, independent lawyer, Nov2008
Uzbekistan - Ruhiddin Komilov, independent lawyer, Nov2008

2009 йилда адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилинган Руҳиддин Комиловга яна рад жавоби берилди.

Куни кеча рад жавоби ҳақидаги билдиришномани қўлига олган Руҳиддин Комиловга яна бунинг сабаблари изоҳланмади.

Озодлик билан суҳбатда айтишича, у 2012 йилнинг январ ойида адвокатлик фаолияти учун лицензия сўраб, Адвокатлар палатаси қошидаги Малака комиссиясига ҳужжатларини топширган.

Аввалига январ ойи охирида берилиши керак бўлган бўлган жавоб икки ой кечиккан ва ниҳоят, яна ҳеч бир изоҳсиз рад жавоби берилган.

Руҳиддин Комилов бу билан ўз фаолияти учун курашни тўхтатиш ниятида эмаслигини айтмоқда.

- Мен аппеляцияга бердим. "Сут билан кирган жон билан чиқади", дейишади-ку. Ҳаракатни тўхтатмайман, - дейди Комилов.

Руҳиддин Комилов Ўзбекистонда танилган ва сиёсий фаол фуқаролар, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистларнинг ҳаққи учун маҳкама залларида курашган адвокатлардан биридир.

У ҳимоя қилганлар орасида Елена Урлаева, Саиджаҳон Зайнобиддинов, Дилмурод Муҳиддинов, Акбарали Орипов, Ҳамдам Сулаймонов, Мусажон Бобожонов, Холиқназар Ғаниев, Исроилжон Холдоров, Мўътабар Тожибоева, диссидент-шоир Юсуф Жума, журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййидлар бор.

Ўзбекистонда 2008 йилнинг 1 майида президент Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини ислоҳ қилиш чоралари тўғрисида”ги фармони эълон қилинган эди.

Фармонга мувофиқ, 2009 йил баҳоридан мамлакатдаги адвокатлар аттестациядан ўтказилган ва Руҳиддин Комиловга кўра, сиёсий ва диний мотивларда айбланган фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилиб келаётган 70 га яқин адвокат лицензиядан маҳрум қилинган.

Ўз вақтида бундай ислоҳотга қарши тузилган ташаббус ҳаракатига аъзо бўлган Руҳиддин Комилов бир неча йиллик бундай уринишлар иш бермай келаётгани оқибатида фаолиятига чек қўйилган адвокатларнинг кўпчилигида ҳафсала пир бўлганини айтади.

- Уларда сиёсий фаоллик йўқ. Бунга ҳафсала ҳам, ишонч ҳам йўқ ҳозир. Ишлаш имконидан маҳрум қилинмаган адвокатларнинг кўпчилиги учун бу жараённинг қизиғи йўқ. Чунки уларнинг ҳаммаси собиқлар - собиқ милиционер, собиқ терговчи, собиқ прокурор ва ҳоказо, - дейди Комилов.

Руҳиддин Комилов адвокатлик ҳуқуқидан маҳрум бўлиш билан бирга 2010 йилда у ва бошқа фаоллар ташаббуси билан тузишга киришилган "Халқ манфаатлари" Социал-демократик партияси ташаббус гуруҳини юргизиш имконидан ҳам чекланган.

- Биз 2010 йилнинг ноябр ойида ташаббус гуруҳининг йиғилишини ўтказишга улгурдик, холос. Тошкент вилоятида бўлган эди бу йиғилиш. Ўшанда қизғин муҳокамалар бўлган эди. Ҳеч қанча ўтмай, гуруҳ аъзолари орқасидан кескин таъқиб ва тазйиқлар бошланиб кетди ва биз ҳаракатни тўхтатишга мажбур бўлган эдик, - деб хотирлайди Руҳиддин Комилов.

Қуйида адвокат Руҳиддин Комилов билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG