Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:54

Ўзбекистонда миллатни бирлаштиришни ният қилган партия тузилмоқда


Руҳиддин Комилов етакчилигидаги гуруҳ сиёсий партия тузиш учун қонунда мавжуд барча имкониятдан фойдаланмоқчи.
Руҳиддин Комилов етакчилигидаги гуруҳ сиёсий партия тузиш учун қонунда мавжуд барча имкониятдан фойдаланмоқчи.

Ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқшунос, қамоққа олинган мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоллари ҳимояси билан узоқ йиллар шуғулланиб келган адвокат Руҳиддин Комилов етакчилигидаги ташаббус гуруҳи “Ҳалқ манфаатлари” номли социал-демократик партия тузиш тараддудини бошлади - партиянинг ташкилий қўмитаси тузилди.

Ташаббус қўмитасининг илк йиғилиши Тошкент вилоятидаги Навбаҳор аҳоли пунктидаги дала шийпонида бўлиб ўтган ва унда 20 чоғли одам иштирок этган.

Руҳиддин Комилов сиёсий партия дастури кўпроқ ижтимоий масалалар, жумладан, бепул соғлиқни сақлаш тизими ва бепул таълим тизимини яратиш, бундан ташқари, кишиларнинг фундаментал ҳақ-ҳуқуқлари таъминланишига хизмат қилишдан иборат эканини айтди.

"Ўзбекистондаги бугунги шароитда бундай сиёсий партияни тузиш ва унинг фаолиятини амалга оширишга қандай қилиб эришмоқчисиз ва умуман, бунга эришиш мумкинми?", деган саволларга жавобан Руҳиддин Комилов гуруҳ қонунда бор барча имкониятлардан фойдаланишга уриниши, натижани эса вақт кўрсатиши айтди.

- Ҳозирча ташкилий қўмитани тузиш билан оворамиз. Тўйдан олдин ноғора чалиб бўлмайди. Ташкилий қўмита тузилгандан кейин Адлия вазирлиги хабардор қилинади ва кейин ташкилий қўмита имзо йиғиш ва жойларда партиянинг бўлимларини шакллантириш ишларини бошлаб юборади.

Озодлик: 50 мингта имзо йиға оласизларми энди?

- Гап ҳозир 50 мингта имзода эмас. Жуда катта муаммо эмас у гап. Бизда гап пўчоқ йиғишдамас, мағиз йиғишда.

Озодлик: Мағиз йиғиш нималардан иборат бўлади?

- Мағиз йиғиш шу иш учун, миллат, халқ манфаати учун туриб бера оладиган одамларни йиғиш. Шуни тўплашимиз ва уларни ягона бир ғоя остида бирлаштиришимиз назарда тутилади.

Озодлик: Озодлик мухлислари сизни Ўзбекистондаги ҳур фикрли, эркин фикр ëки мухолиф кучлар, демократик кучлар учун хизмат қилган фаолларнинг ҳуқуқий ҳимоячиси сифатида танийди. Сизнинг сиëсий партия тузиш ташаббусингиз учун Ўзбекистон шароитида имкон бўлармикан?

- Бу зарурат¸ гапнинг очиғи. Агар биз буни бугун қилмасак, уни яратмасак, шу имкониятни биз яратмасак, бошқа ҳеч ким яратмайди. Негаки ҳар қандай имкониятни инсон яратади.

Озодлик: Қандай қилиб яратмоқчисиз? Мана рўйхатга олинган бирорта ҳукуматга мухолиф бўлган партия йўқ. Ҳаттоки ташкилотлар рўйхатдан ўта олмаяпти. Сизнинг ташкилотингиз ўз ўзидан амалдаги ҳукуматга мухолиф бўладида энди шунақами? Ëки ҳамкор бўладими?

- Кечирасизу, ҳозир мухолифат ëки ҳамкорлик ҳақида гапиришга эрта. Нимагаки туғилмаган чақалоққа исм қўйишнинг ўзи нотўғри бўлади. Уни таърифлаш ҳам нотўғри. Бизларнинг ўзларимизнинг стратегиямиз бор, тактикамиз бор. Шулардан келиб чиққан ҳолда биз партиянинг ҳамкорини топишга ҳам ҳаракат қиламиз, ҳамкорликда ишлайдиган жойларимиз ҳам бўлади. Бунга қарама-қарши бўладиган кучлар ҳам мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Биз ҳаммасига тайëрмиз. Мана ҳозир менинг олдимда Алихонтўра Соғунийнинг бир асари турибди. 100 йил олдин ҳам шу ҳолат бўлган экан. "Туркистон қайғуси", деган асарида айтилган. Ўшанда ҳам одамлар лак-лак бўлиб наҳорга ошга боришган, лекин лак-лак бўлиб ҳақиқат учун курашмаган. Биз холис ниятдамиз. Буни қандай қабул қилса қилишсин.

Озодлик: Партия дастурига оид асосий йўналишларини айтиб берасизми?

- Айтиб бера оламан. Партиянинг асосий мақсадларидан бири, хабарингиз бор соғлиқни сақлаш системаси бизларда пулли. Шунга параллел равишда бепул соғлиқни сақлаш системасини ташкил қилиш. Шу жумладан минглаб, балки миллионлаб ëшларимиз илм олиш имкониятидан анча узоқда. Нимагаки илм олиш пулли. Параллел равишда бепул тизимини ҳам кашф қилайлик. Умуман илмсизлар кўпайиб кетади бунақада. Буни ҳозир биз қўзғатмасак, кейин кеч бўлади.

Озодлик: Демак, кўпроқ ижтимоий муаммоларга урғу берасизлар.

- Албата. Социал демократик партия.

Озодлик: Демократия ривожи учун нима қилмоқчисизлар? Қанақа йўналишларни танладинглар?

- Демократик йўналиш бўйича оладиган бўлсак, демократия нима ўзи? Қонун устуворлиги асосан. Ҳамманинг каттами кичикми, оқми қорами ўз овозига эга бўлиши. Фуқароларнинг сиëсий ҳуқуқларининг амалда бўлишига ҳаракат қилиш.

Озодлик: Руҳиддин ака, сиз Ўзбекистондаги вазиятни жуда яхши биласиз. Қандай амалга оширмоқчисиз?

- Биз шу ҳаракатни бошлаганимизда баъзилар устимиздан кулишган эдида. “Сизлар бир қадам ҳам юра олмайсизлар” деид. Ҳозир ташкилий қўмита тузишгача чиқиб келдик. Биз қонун доирасида ҳаракат қилган ҳолда, туриш керак эмас¸ ҳаракат қилиш керакда. Ҳамма ҳуқуқларимизнинг отаси ҳам, онаси ҳам ҳаракат. Ҳаракат қилишимиз керак.

Озодлик: Ҳозирча қилган ҳаракатинглар Навбаҳор посëлкасидаги йиғилиш-а?

- Ташкилий қўмита. Лекин ташвишли хабарлар ҳам мавжуд. Тазйиқлар ҳам бошланибди қисман иштирок этган одамларга нисбатан. Шунақа хабар ҳам олдик. Яна кўрамиз.

Озодлик: Руҳиддин ака, “Буларга Ўзбекистон СНБси рухсат берган бўлса керакки, шу ишга уринишган. Улар бошлагандир балки идеяни. Лойиҳа эмасмикан” деган фикрлар ҳам бўлаяпти. Бунга нима дейсиз?

- Ҳозир ҳам менга жуда "иззат-икром" кўрсатишаяпти роса. Албатта, бу иш учун бошимизни силаб қўймайди. Бошимизни силаб ҳам қўяëтгани йўқ¸ гапнинг очиғи. Кеча уйимга бештаси келиб кетган бўлса, бугун бошқаси келади. Агар МХХ ни лойиҳаси бўлса, ортимиздан ҳеч қанча ўтмай тазйиқ бошланармиди? Кечирасизу бу касаллик бор. Шунинг учун ҳам мухолифат мухолифат бўла олмади. “Сен бунинг вакилисан, сен МХХ вакилисан”. Лекин ўша МХХ вакиллари ҳам, прокуратура вакиллари ҳам, ИИВ вакиллари ҳам ҳаммаси миллатнинг вакилларику. Қачонгача бир-биримиздан душман қидирамиз?

Миллат манфаатлари, халқ манфаатлари буни ҳозирги вазиятда ҳазм қила олмайди. Геополитик нуқтаи назардан оладиган бўлсак, ҳозир жуда қизиқ вазият. Ҳозир миллат бирлашадиган, халқ бирлашадиган, саф бўлиб чиқадиган пайт. Лак-лак бўлиб ошга борадиган эмас, лак-лак бўлиб ҳақиқат учун курашадиган пайт ҳозир. Алихонтўра Соғуний бечора ëниб кетган.

Орадан шунча вақт ўтди. Ҳалиям имконият йўқ. Ким яратиб беради? Кечирасизу, бизга ҳеч ким беғараз имконият яратиб бермайди. Ғарбдан бўладими, Шарқдан бўладими ўзининг манфаатлари борда. Халқ, миллат ўзини англаб етиб, ўзидан келиб чиққан ҳолда ички муаммоларини халқаро миқëсда эмас, балки ички миқëсда ечиш чора-тадбирларини кўрар.
XS
SM
MD
LG