Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:32

Янги партия ташаббусчиларига тазйиқлар бошланди


Янги партия ташкилий қўмитаси аъзоларини милиция ходимлари мунтазам кузатмоқда¸ дейди қўмита аъзолари.
Янги партия ташкилий қўмитаси аъзоларини милиция ходимлари мунтазам кузатмоқда¸ дейди қўмита аъзолари.

30 ноябр куни “Халқ манфаатлари” номли социал –демократик партиясини тузиш ташаббус қўмитаси йиғилишида қатнашган 20 чоғли одам милиция бўлимига олиб кетилиб, сўроққа тутилди. Паркент Ички ишлар бўлимига чақиртирилган навбаҳорликларнинг бармоқ излари олиниб, нима учун йиғилишда қатнашгани борасида тушунтириш хати талаб қилинди.

30 ноябр куни Тошкент вилояти Паркент тумани Ички ишлар бўлими ходимлари “Халқ манфаатлари” номли социал –демократик партиясини тузиш ташаббус қўмитасининг уч кун аввалги йиғилишида қатнашган 20 чоғли одамни олиб кетиб, сўроққа тутди.

Бу ҳақда Озодликка мазкур йиғилишда қатнашган Паркентнинг Навбаҳор маҳалласида яшовчи Азамат Ёқубов маълум қилди.

Унга кўра, Паркент туман Ички ишлар бўлимига олиб кетилган йигитларни Миллий хавфсизлик бўлими ходимлари сўроқ қилган.

- Ўтган куни Рашид деган йигитни олиб кетишди. Уни кечаси олиб кетиб кечаси соат 2 да қўйиб юборишган. Бечора 10 километр йўлдан яёв келибди. Эртасига Рашидни яна чақирибди, яна Бекпўлатов Маҳмуд, Жўраев Имом ҳам Ўктам Ҳусанов деган йигитни олиб кетибди. Кейин мен ўзим орқасидан Паркент РОВДсига бордим. Мени ичкарига киритишмади. Йигитлар тушунтириш хати ёзиб беришибди. Кейин йигитларни олиб бирга қайтиб келдик. Биз қайтаётган пайтда яна битта группани олиб боришди. Улар ҳам бизни йиғилишда қатнашган йигитлар эди. Кейин эшитсам бу йигитлар ҳам 10 километрдан яёв келишибди. Кеча мен РОВДга борганимда расмга тушган йигитларни ҳаммасини олиб келиб сўроқ қиламиз деган. Йигитлар эсдалик учун суратга тушишган эди йиғилишдан кейин. Интернетда эълон қилинган эди суратлар. Ўша суратларни олиб, “ундаги ҳаммани сўроққа чақирамиз” дейишди.

Озодлик: Милиция бўлимидагиларнинг асосий талаби нима экан, йигитлардан нимани суриштираяпти?

- Йигитларни сўроққа тутганлар уюшган жиноятчиликдан, Миллий хавфсизлик бўлимидан экан. Йигитларимизни ҳаммасини олиб бориб “Нима учун четда йиғилиш ўтказдинглар” деб сўроққа тутибди, дейди Азамат Ёқубов.

“Халқ манфаатлари” партиясини тузиш қўмитасининг илк йиғилиши Тошкент вилояти Навбаҳор аҳоли пунктидаги дала шийпонида бўлиб ўтган ва унда 20 чоғли одам иштирок этган эди. Иштирокчиларнинг аксар қисми, асосан, навбаҳорликлар бўлган ва уларнинг кўпчилиги милиция бўлимига чақиртирилган.

Навбаҳорлик Олим Ҳасановнинг айтишича, милиция бўлимига чақиртирилган йигитларнинг бармоқ излари олинган. Шунингдек, улардан йиғилишда президент Каримовга қарши гап-сўзлар бўлган, бўлмагани ҳақида тушунтириш хати олинган.

- Йигитларни милиция бўлимига кечки соат 7 ларда олиб кетган. Дастлаб учтасини олиб кетган. Уларни соат 10 ларга қўйиб юборган. Ундан кейин яна бир гуруҳ йигитларни олиб кетди. Милиция бўлимига олиб бориб йигитларни қўлларидан бармоқ изларини олган. Ўзларидан тушунтириш хати олган. “Нимага қатнашдинг, нима бўлди” мазмунида тушунтириш ёзишган. “Президент Каримовга қарши гапла бўлдими, бўлмадими” деб сўрашган. “Йўқ ¸президентга қарши гаплар бўлмаган. Ҳаммаси яхши гаплар бўлган. Ўзи бизларни ниятимиз ҳам яхши. Халқни нимасини кўтариш каби яхши гаплар бўлган” деб гапиришибди. Кейин “Ҳеч ким билмасин” деб қўйиб юборибди, дейди Олим Ҳасанов.

Бу борада Тошкент вилояти Паркент туман ИИБ дан бирор бир маълумот олиш имкони бўлмади.

“Ҳалқ манфаатлари”номли социал-демократик партия тузиш ташаббускори Ўзбекистонда таниқли ҳуқуқшунос, қамоққа олинган мустақил журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари ҳимояси билан шуғулланган адвокат Руҳиддин Комилов бўлади. Ҳозирда бир қанча ҳуқуқ фаоллари иштирокида ташкилий қўмита тузилган.

Руҳиддин Комиловнинг Озодликка билдиришича, қўмитанинг илк йиғилишидан кейин унга нисбатан ҳам таъқиблар кузатилган.

-Ўша куни уйимга бориб безовта қилишган. Йиғилиш бўлган куни уйгача кузатиб боришди, дейди Руҳиддин Комилов.

Лекин Руҳиддин Комилов “Халқ манфаатлари” номли социал –демократик партиясини тузиш нияти қатъий эканини айтади.

–Давом эттирамиз¸ албатта. Ташкилий қўмитанинг биринчи йиғилиши эди. Ташкилий қўмитани ташкиллаштириш учун ўтказилган йиғилиш эди. Биз¸ албатта кейинги йиғилишларни ўтказишга ҳаракат қиламиз. Албатта¸ ўтказамиз. Бу нарса қилинади¸ албатта.

Озодлик: Биринчи йиғилишда қатнашган йигитларни милицияга чақиришибди. Энди улар қўрқиб қолишади¸ деб ўйламайсизми?

- Табиий бу. Қисқаси қилинаётган ислоҳатларга зид албатта. Кечирасизу қачонгача қўрқамиз. Қўрқувни ҳам чегараси борку энди. Ҳамма нарсани чегараси бўлгандай. Шунинг учун, мен ўйланманки, йигитлар кўпчилиги орқага чекинишмайди. Чекинса агар янгилари чиқади¸ албатта.

Озодлик: Демак, янги партия ташкил қилиш фикрингиз қатъий?

- Албатта. Вазият шуни талаб қилаяпти. Замон талаби. Биз агар вазиятдан фойдаланмасак, имкониятни қўлдан чиқарсак, биз келажак авлод олдида қарғишга учрашимиз аниқ. Миллат бизни кечирмайди. Миллат биздан рози бўлмайди. Халқ ҳам рози бўлмайди. Ватан ҳам рози бўлмайди кейинчалик, дейди Руҳиддин Комилов.

Руҳиддин Комиловга кўра, “Халқ манфаатлари”сиёсий партияси дастури кўпроқ ижтимоий масалалар, жумладан, бепул соғлиқни сақлаш тизими ва бепул таълим тизимини яратиш, бундан ташқари, кишиларнинг фундаментал ҳақ-ҳуқуқлари таъминланишига хизмат қилишдан иборат бўлади.
XS
SM
MD
LG