Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:51

Ҳукумат хорижда ишловчиларнинг оилаларини “бола пули”дан маҳрум қилмоқчи  


Ёш болали оналар бола парвариши учун 434 000 сўм нафақа олади.
Ёш болали оналар бола парвариши учун 434 000 сўм нафақа олади.

Хорижда ишлаётган ватандошлар оилаларини ижтимоий нафақа олувчилар рўйхатидан чиқариш кутилмоқда.

Банклар билан келишувга эришилгач, хориждан пул олувчилар рўйхати шакллантириб, уларга “бола пули” бермаслик режаланган.

Мутасаддилар бу яқин икки ой ичида амалга оширилишини билдиришди.

Ҳукумат йилдан-йилга ижтимоий ёрдам олувчилар сонини камайтирмоқда: 2012 йилда 8,1 миллион киши ижтимоий ҳимоя дастурларидан фойдаланган бўлса, жорий йилда пенсия ва нафақа олувчилар сони 3,9 миллионни ташкил этади.

Бугунги кунда мамлакат аҳолиси (34 миллион 700 минг)нинг фақат 11,2 фоизи ҳукуматдан ижтимоий ёрдам олади.

“Бола пули” билан боғлиқ янги тартиб

Хорижга кетиб ишлаётганлар оиласини ижтимоий ҳимоя дастурларидан чиқариб ташлаш ҳаракатлари бормоқда.

Россияда меҳнат қилаётган ўзбек муҳожирлари
Россияда меҳнат қилаётган ўзбек муҳожирлари

Буни Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Озодлик суҳбатлашган мулозими тасдиқлади.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб аноним қолишни сўраган мулозимга кўра, ёш боласи борларга мўлжалланган ижтимоий нафақа ва моддий ёрдамларни чет элга кетиб ишлаётганлар оиласига бермаслик тартиби яқин икки ой ичида амалга ошиши мумкин:

“Бу борада тегишли ташкилотларга топшириқлар берилган. Ҳозир банклар билан ишланмоқда. Банклар хориждан келаётган пул жўнатмалари борасида ойлик маълумотларни тегишли идораларга мунтазам етказиб бериш тартибини йўлга қўйиши лозим. Шундан сўнг хориждан жўнатилаётган жўнатмаларнинг ойлик кўрсаткичи оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромадга солиштирилади. Яъни чет элдан жўнатилган пул меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 0,527 бараваридан кўп бўлса, бундай оилаларга ижтимоий нафақалар бериш рад этилади”.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 0,527 баравари бугунги кунда 393,8 минг сўмга тенг.

Агар оилада уч киши: эр-хотин битта боласи билан яшаса ва эр чет элда ишлаб, ойига 1181400 сўм жўнатса, бундай оилаларга ижтимоий нафақа берилмаслиги мумкин.

Бугунги кунда 1181400 сўм тахминан 112 АҚШ долларини ташкил қилади.

Ҳукумат ижтимоий ёрдам олувчилар сонини йилдан-йилга камайтириб бормоқда.

Бу халқаро Меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ ва Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя тизимини баҳолашга доир ўтган йилги ҳисоботида акс этган.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда 2012 йилда 8,1 миллион киши ижтимоий ҳимоя дастурларидан фойдаланган бўлса, 2017 йилда бу рақам 6,4 миллионга қисқарган.

2021 йил 1 апрель ҳолатига кўра, мамлакатда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3,9 миллионни ташкил етади.

Бу ҳақда 28 апрель куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижрочи директори Абдулазиз Ҳайдаровга кўра, бугунги кунда мамлакатда 3,5 миллионга яқин пенсионер ва 400 мингдан зиёд ижтимоий нафақа олувчилар бор.

Расмий маълуотга таянилса, Ўзбекистондаги доимий аҳоли сони жорий йил апрелига келиб, 34 миллион 700 минг кишини ташкил этади.

Ҳайдаровга кўра, мамлакатда нафақа ва пенсия олувчиларнинг умумий аҳоли сонидаги улуши 11,2 фоизни ташкил қилмоқда.

Иқтисодчилар фикрича, ижтимоий ҳимоя олувчилар сонининг йилдан йилга қисқартирилиши мамлакат молиявий аҳволининг ночорлиги билан боғлиқ.

Марказий банк маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи қарзи сўнгги бир йилда 37,4 фоизга ошиб, 33,8 млрд. долларга етган.

Айни пайтда мамлакатдаги ижтимоий ҳимояга муҳтожлар сони ҳам ошмоқда.

Жаҳон банкининг Ўзбекистонга доир ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, пандемия билан боғлиқ чекловлар сабаб қўшимча 450−840минг киши камбағаллик чегарасидан пастда тушиши мумкин.

2015 йилда Жаҳон банки камбағаллик чегарасини бир киши учун кунига 3,2 АҚШ доллари миқдорида белгилаган.

ЮНИСEФнинг “Ўзбекистон келажагига сармоя” номли тадқиқотига кўра, Ўзбекистондаги болаларнинг аксари даромади киши бошига кунига 10 минг сўмдан (1,2 АҚШ доллари) кам бўлган оилаларда яшайди.

Айни пайтда Озодликка ижтимоий нафақага муҳтож, аммо давлатдан ёрдам ололмаётганларнинг шикоятлари оқими тўхтамаяпти.

“Бола пули бермаяпти”

27 май куни нукуслик бир гуруҳ аёллар “бола пули” берилмагани сабаб кўчани тўсиб қўйди ва ҳокимлик шу куннинг ўзидаёқ норози аёлларга нафақа пуллари берилгани ҳақида хабар қилди.

"Бола пули" олмаган нукуслик аёллар акцияси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:28 0:00

Ушбу хабардан сўнг “бола пули” билан боғлиқ Озодликка келаётган шикоятлар кўлами ошгани кузатилди.

Жумладан, Сирдарё вилояти Сирдарё тумани “Ҳикматли” маҳалласида яшовчи уч фарзанднинг онаси Мадина Меҳлибоева болалари учун ижтимоий нафақа берилмаётганидан нолиди:

“Мен фермер фермер хўжалигида ишчи бўлиб ишлайман, сезон пайтлари 370 минг сўм ойлик оламан. Эрим “Тез тиббий ёрдам” бўлимида фельдшер бўлиб ишлайди, ойлиги 300-350 минг сўм. Ижарада, домда турамиз. Бирор мулкимиз йўқ. На машина, на қорамол, ҳеч нарса йўқ. Болаларим 6, 10, 12 ёшда. Улар учун давлат белгилаган 14 ёшгача бўлган болалаларга мўлжалланган нафақа учун ариза топширганмиз, лекин нафақа беришмаяпти”.

Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи аёл ҳам фарзанди учун нафақа ололмаётганидан шикоят қилган:

“Турмуш ўртоғим корхоналардан бирида ишлайди, 1 миллион 400 минг сўм атрофида маош олади. Ўзим бола тарбиясидаман. Бола пулига ҳужжат топширдим, лекин пенсия бўлимидан ўтказишмади. Мен бола пули беришда ноҳақлик бўляпти, деб ҳисоблайман”.

Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Бойбўри маҳалласида яшовчи Дилфуза Чориева ҳам “бола пули” ололмаётганлардан:

Бу каби шикоятлар SizdanTelegram рукнига мунтазам келаётганини сабаб Озодлик “бола пули” билан боғлиқ айрим саволларга жавоб излади.

“Бола пули” кимларга берилади?

Амалдаги тартибга кўра, “бола пули” фақат кам таъминланган деб топилган оилаларга берилади.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 мартдаги 122-сон қарорига кўра, оила аъзоларининг (ҳар бирининг) даромади 393,8 минг сўмдан кам бўлса, бундай оилалар кам таъминланган оила ҳисобланади.

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Озодлик суҳбатлашган мутахасисига кўра, кам таъминланган оила рўйхатига киритиш учун нафақат ойлик маошлари ҳисобланади, балки кўчмас мулк ва машиналари бор-йўқлиги ҳам текширилади.

Мутахассиснинг айтишича, “бола пули” учун ариза берувчига қуйидаги ҳолларда рад жавоби берилади:

  • Оилада ишлайдиганларнинг ойликлари оила аъзоларига тенг тақсимлаб чиқилганда 393,8 минг сўмдан кўп бўлса;
  • Шахснинг биттадан зиёд кўчмас мулки яъни уйи бўлса;
  • Уйидан ташқари нотурар жой бинолари бўлса;
  • Янги машинаси бўлса (ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган);
  • Машиналари сони биттадан кўп бўлса (Эски-янгилигининг фарқи йўқ);
  • Банкда 3736500 сўм маблағи бўлса (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш баравари);
  • 3736500 сўмга тенг қимматли қоғозлари бўлса;
  • Оилада ишсизлик нафақаси олаётганлар бўлса;
  • Оиланинг иш қидираётган аъзоси охирги 12 ой давомида меҳнат органларининг ишга доир таклифларини икки марта рад этган бўлса;

Шунингдек, ариза берувчининг қорамоллари бўлса ҳам, унга “бола пули” берилмаслиги мумкин. Мутахассисга кўра, қорамол ва паррандаларни ҳисоблашнинг махсус коэффициенти бўлиб, уни тегишли идоралар ҳисоблаб чиқади: “Дейлик, оилада уч киши яшаса ва уларнинг учта сигири бўлса, бундай оилага ижтимоий нафақа берилмайди”.

Мутахасисга кўра, ариза берувчининг сигир ва буқасидан ташқари, от, туя, чўчқа, қўй ва товуғи ҳам ҳисобга олинади.

Нафақалар тури қандай?

Бугунги кунда Ўзбекистонда ижтимоий нафақанинг (пенсиядан ташқари) уч тури мавжуд:

  • Бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси
  • 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа
  • Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам

“Бола пули” учун кимлар ариза бериши мумкин?

Амалдаги тартибга кўра, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Президент Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа саноати давлат қўмитаси ходимлари ёки уларнинг оила аъзоларидан “бола пули” учун ариза қабул қилинмайди.

Ёш боласи бор бошқа барча оилалар ижтимоий нафақа учун ариза топшириши мумкин.

“Бола пули” миқдори қанча?

Жорий йил 1 февралидан бошлаб бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа 434 000 сўм, кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам 326 000 сўмдан 653 000 сўмгача бўлган миқдорда белгиланди.

14 ёшгача бўлган бир болали оилаларга 144 100 сўм, икки болали оилаларга 238 700 сўм, уч ва ундан ортиқ болали оилаларга 334 400 сўм нафақа берилади.

“Бола пули” қанча муддат тўланади?

Болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақа 12 ой муддатга тайинланади.

Ариза топшириш тартиби қандай?

Жорий йилдан бошлаб, Ўзбекистонда ижтимоий нафақа учун ариза бериш тартиби осонлаштирилди. Янги тартибга кўра, кам таъминланган оилалар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқланиб, уларга нафақа тайинланади.

Жорий йилнинг 17 февраль куни президент Мирзиёев “2021−2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармойишни имзолади.

Фармойишга кўра, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси концепцияси тасдиқланган бўлиб, йилдан йилга ижтимоий нафақа олиш жараёнини соддалаштириш режалаштирилган.

Ҳужжатга кўра, 2030 йилгача давлат бюджетининг ижтимоий ҳимояга йўналтирилган харажатлари ички ялпи маҳсулотга нисбатан 1,5%га етказилади.

2025 йилга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги негизида Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя миллий стратегияси лойиҳаси Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, БМТ Тараққиёт Дастури ва Жаҳон банки экспертлар гуруҳи иштирокида ишлаб чиқилгани айтилди.

XS
SM
MD
LG