Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:34

Ўзга юртларда ризқ териб. Пандемия ва меҳнат муҳожирларининг оддий иш кунлари ҳақида


Кўплаб меҳнат муҳожирлари пандемия даврида ишлаб пул топишдан маҳрум бўлди. Ишлаб турганларнинг ҳам даромадлари камайди. Айримлар эса бегона юртда ҳатто ош-нонга пул топа олмай, қийналди. Аммо баъзилар, аксинча, пандемия даврида меҳнат бозорида рақобат пасайиб, иш кўпайганини айтадилар. Хўш, Марказий Осиё мамлакатларидан келган муҳожирлар Қозоғистонда қандай яшамоқда? Озодлик радиоси қозоқ хизмати мухбири мамлакат жанубида бўлиб, муҳожирларнинг кечмишларини ёзиб олди.

Мансур, 30 ёш: Ўзбекистонда иш бўлганида бу юртларга келмасдик

“Жетисой шаҳридаги тамаддихонада ошпаз бўлиб ишлайман. Оилалиман – хотиним, болам бор. Аёлим қозоқ, Қозоғистон фуқароси. Мен эса Ўзбекистон фуқаросиман.

Пандемиягача кунига 20-30 кило гуруч дамлардим. Гўшт маринадлаб, кабоб ҳам пиширардим. Менга 150 минг танга ойлик тўлашарди. Карантин бошланганидан бери тамаддихонамиз бир неча бор очилиб, ёпилди. Хўрандалар камнамо бўлиб қолди. Бир-икки ой ишсиз ўтирдим. Давлат тўлайдиган бола пулига кун кечирдик. Ҳозир ишлаяпман, аммо иш аввалгидек эмас. Ойликнинг ҳам баракаси учди. 100 минг танга оляпман. Озиқ‑овқатга базўр етади.

Биз тўрт ака-укамиз. Тўнғичимиз ота уйимизда яшаб қолди. Укаларимдан бири иш излаб Россияга кетганди, ўн йилдирки дом-дараги йўқ. Кенжамиз Чимкентда қурилишда ишлаяпти. Ўзбекистонда тайинли иш бўлганида эди, биз, ака-укалар бегона юртларга жўнамаган бўлардик.

Ишлаб пул топиш учун 2013 йилда Қозоғистонга келгандим. Қишлоқдаги якка-ярим қурилишларни айтмаса, Ўзбекистонда иш йўқ ҳисоби. Гоҳида қорнимизга пул етказолмасдик. Айниқса, баҳор палласида озиқ-овқатга қийналиб қолардик. Шунда бор-э дедим‑у Қозоғистонга йўл олдим.

У пайтлар чегаралар очиқ эди. Етти ой Жетисой бозорида арава тортдим. Эртадан кечгача тиним билмасдим, ҳаммоллик ҳам қилардим. Бозор яқинидаги 16 кв.метрли кулбада тўрт йигит яшардик. Хўжайинимиз, дўкон эгаси ҳар икки ҳафтада ҳақ тўларди. Топганимни банк орқали уйга жўнатардим.

Уч йил арава судрадим. Чарчаб кетдим. Дўкон ёнида ошхона бор эди, соҳиби менга ошпаз бўлишни таклиф қилиб қолди. Отам қишлоқнинг тўй-маъракаларида ош дамлар, мен ёнида юриб оз-моз ўрганиб олгандим. Ўзимни синаб кўришга қарор қилдим. Уч ой ичида анвойи таомлар тайёрлайдиган бўлдим. Хотиним билан шу ишимда танишдим. Тўйимиздан кейин ижара квартирада яшаб юрдик, икки йилдан сўнг уй сотиб олдик. Ҳозир ўша ерда яшаяпмиз.”

Наргиза, 40 ёш: Озиқ-овқатни қарзга оламан

“Қозоғистонга 2012 йилда Қирғизистондан келганман. Кийим-кечак савдоси билан шуғулланаман. Дастлаб Тарозда яшадик, сўнг Чимкентга кўчиб ўтдик. Кийим-кечакни “Автонур” бозорида улгуржи сотиб олиб, “Кирги” бозорида чакана пуллардик. Савдомиз ёмон эмасди.

2020 йил бошларида “Кирги”даги савдо жойлари бузилди, ўрнида савдо маркази қурила бошлади. Мен “Автонур” бозоридан ижарага жой топдим, ойига 50 минг танга пул тўлайман.

Қирғизистондан мол олиб келишга пулим йўқ. Бу ерда насияга оламан. Мол берган савдогарлар ҳар куни келиб, ўз улушини олиб кетади. Пули борлар ўзлари фабрикадан юк машиналарда мол олиб чиқишади. Фабрикадан тўғридан-тўғри сотиб олиш учун ҳеч қурса икки-уч минг доллар керак.

Оилам билан ойига 50 минг танга ижара ҳақи тўлаб қўшхонали квартирада тураман. Савдо-сотиқ ишларимиз бурунгидек эмас, тирикчилик учун пул топиш тобора оғир бўлиб боряпти. Топганимиз ош-нонга зўрға етади. Жон деб ватанга қайтган бўлардиг‑у, лекин у ерда бошпанамиз йўқ.

Беш нафар фарзанд кўрганмиз. Катта ўғлим қайнонам қарамоғида. Иккинчи боламга юкли бўлганимда уни қайнонамга олиб бориб берганман, чунки ўзим қарашим жуда қийин эди. Ўшандан бери тўнғичим қишлоқда яшайди. Қолган тўртови ўзим билан: иккитаси мактабда ўқийди, кейингилари ҳали кичкина. Жужуқларга эрим кўз-қулоқ бўлиб туради. Ўқувчи болаларимдан бири рус мактабига қатнаяпти, наригиси эса қозоқ мактабига. Тўртови ҳам Қозоғистонда туғилиб, шу ердан туғилиш гувоҳномаси олинган.

Карантинда жуда қийналдик. Эримнинг тоби қочди, инсульт ўтказди. Уни даволангани Қирғизистонга жўнатдик. Фарзандларим ёш, мен эса эмизикли болам билан уйдаман. Ҳатто егуликка пулимиз бўлмаган кезлар бўлди. “Кирги” бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қиладиган таниш аёллар бор. Улардан насияга егулик олардим. Ҳозир ҳам оламан. Ишлаб пул топишим билан қарзларимни узаман.”

Маҳмуд, 45 ёш: Карантин вақтида ишимиз кўпайиб кетди

“Мен Ўзбекистоннинг Қўқон шаҳридан келганман. Устаман, уй қурамиз. Бригадамда саккиз киши, жумладан, укаларим ва ўғлим бор.

Қозоғистонда иш кўп. Бир уйни қуриб битиришимиз билан бошқа буюртмачилар чиқади. Ҳатто навбатга туриб олишади. Яхши тўлашади. Ҳозир беш хонали уй қуряпмиз. Ўзимиз унинг ёнидаги икки хонали уйда яшаймиз. Саҳарлаб туриб, бешда ишни бошлаймиз. Соат 10 да таътил қилиб оламиз, икки соатдан сўнг тушлик қиламиз. Уч соат ҳордиқ чиқариб, кейин кун ботгунча ишлаймиз. Суткасига 12-13 соат иш.

Бизга ҳеч ким график тузиб бераётгани йўқ. Шунчаки, буюртмани қанча тез бажариб берсак ўзимизга яхши. Ҳозир қураётганимиз – сўнгги беш ойдаги учинчи уй. Қурилиш молларини вақтида етказиб бериб туришса, мумкин қадар тез қуришга ҳаракат қиламиз.

Буюртмачи ҳар куни бозор қилиб келтиради, овқатимизни ўзимиз пиширамиз.

Иш ҳақини олдиндан келишиб оламиз. Қандай қурилиш материаллари керак бўлишини, иш қанчага чўзилишини айтамиз. Ярим пулимизни олдиндан бўнак қилиб беришади, қолганини – якунда.

Уйга бориб келиш ҳозир анча қийин бўлиб қолди. Аммо карантинда иш камайгани йўқ. Кўпайди қайтага. Кўп муҳожирлар пандемия даврида ватанларига қайтиб кетишди. Лекин биз кетмадик. Бу ерда қурувчи усталар камёб бўлиб қолганди. Эрта баҳордан кеч кузгача меҳнат қилдик, сўнг уйга қайтиб, уч ой қиш дам олдик. Кейин яна Қозоғистонга қайтдик, Қирғизистон орқали. Совуқ тушгунча ишлаб пул топамиз.

Бегона мамлакатда ишлаш қийин, албатта. Лекин начора, пул топмаса бўлмайди. Қўқонда иш бор‑у, аммо кам тўлашади-да.”

Жасур, 38 ёш: Бир ярим йилдан бери уйда бўлганим йўқ

“Мен Чимкентда тандир нон пишириб сотаман. Ўзбекистоннинг Наманган вилоятиданман. Новвойликни 13 ёшимда ўрганганман.

Уйда ногирон укам ва икки синглим қолган. Оиламиз камбағал. Мактабни тамомлагач, Чимкентга келиб новвойликка жойлашдим. 100 доллар ойлик ваъда қилишганди, лекин бир йил ишлатиб бир чақа ҳам тўлашмади. Бир амаллаб йўлкирага пул топдим‑у уйга равона бўлдим.

Қишлоқда икки йил ишсиз юрдим, сўнг отамнинг ёнида ишлагани Чимкентга қайтиб келдим. Отам – бригадир. Биз билан беш қишлоқдошим ҳам келганди. Бирга уй қурдик. Меҳнат шартномаси имзоламаганмиз. Оғзаки келишув кифоя деб ўйладик. Бекор қилган эканмиз. Мусулмон-ку, алдамаса керак дедик-да. Отам қурилишни бошлашдан олдин хўжайин билан битишди. 14 минг доллар эвазига қуриб беришга келишдик. Тўрт мингини бўнак тариқасида берди. Йўлгаю озиқ-овқатимизга сарф бўлиб кетди бу пул. Аммо уйни қуриб бўлганимиздан сўнг буюртмачи тўсатдан келмай қўйди, ғойиб бўлди. Сўраб-суриштириб уйига борганимиз таъзия устидан чиқдик. Автоҳалокатда вафот этибди. Қариндошлари бизга бергани пуллари йўқлигини айтишди.

Ноилож, сўппайиб қишлоққа қайтдик. Биз билан бирга ишлаган беш йигит кунда уйимизга келиб отамдан иш ҳақларини қистайдиган бўлди, ахийри милицияга ёзиб беришди. Бизни алдаб, текинга ишлатди, деб шикоят қилишди. Милиция бизни одам савдосида айбламоқчи бўлганида отам қарзни бўйнига олди ва уларга ҳақ тўлашга розилик берди. Аксига олиб, ўша кезлар доллар курси бирдан кўтарилиб кетди. Қарзни узиш учун отам икковимиз тўрт йил босиб ишлашга мажбур бўлдик. Отамнинг руҳи синиб қолганди. Аммо қарздан қутулгунимизча тишини тишига босди. Сўнг қишлоққа қайтиб кетди.

Қишлоқда иш йўқ. Икки фарзандли бўлган ногирон укамни, бўй етиб қолган сингилларимни ўйлаб, Қозоғистонда ишлагани қолишга аҳд қилдим.

Уч йилдирки, нон ёпаман. Қозоғистонда ишлаб пул топиш қийин эмас.

Ўзбек тилидан ташқари, русчани биламан, қозоқча гапира оламан. Уч йилдан бери ижарага новвойхона олиб, юритаман. Мана шу новвойхонани етти ой излаб топганман. Жойи яхши ва хўжайин бамаъни одам бўлса, омад келгани шу. Ижара ҳақи – ойига 100 минг танга. Барча санитария талабларига риоя қиламиз. Харидор камроқ бўлса ҳам меҳнатимиз зое кетмайди. Кунига 50 дан 100 килогача унни хамир қиламиз. Нонимиз донаси 100 тангадан сотилади. Даромад яшашимизга, уйдагиларга пул жўнатишга етади. Яна, ўзимга уй солиш учун алоҳида жамғариб юрибман. Ҳар икки ҳафтада қишлоққа пул жўнатиб тураман.

Агар ишни ўзинг юритсанг, кўпроқ топишинг мумкин. Бировга ишлаганингда эса икки баравар кўп ишлашингга тўғри келади. Масалан, мен ижарага новвойхона олганман, кунига икки қоп унни хамир қилиб, нон ёпаман. Бировга ёлланиб ишлаганимда икки эмас, ҳозиргича даромад қилиш учун тўрт қоп ундан нон пиширишга мажбур бўлардим.

Қозоғистонда ишлаб чарчаганим йўқ. Бироқ уйдагиларни, жўраларимни соғиндим. Сайр қилиш, кўнгилхушликлар бизга ёт. Ишхонага яқинроқ жойдан ижара уй топишга ҳаракат қиламиз. Кўчага чиқсак, озиқ-овқат сотиб олиш учун дўконга чиқамиз фақат.

Ўтган йили карантинни деб уйга бора олмадим. Чегарадан ўтиш мушкуллашди. Одатда йилда тўрт марта қариндош-уруғларни кўргани бориб келардим. Аммо охирги бир ярим йилда уйга бора олганим йўқ. Йўлкира қимматлади. Бориш-келишга 240 минг танга (тахминан 560 доллар) сарфлаш керак. 240 минг танга эвазига сизни чегарадан ўтказиб, миграция полициясига етказиб беришади ва маълумотлар базасига киритиш учун вақтинча рўйхатдан ўтадиган жой топиб беришади.

Туғилган қишлоғингда яшаганга нима етсин. Лекин у ерда иш йўқ-да. Тадбиркорлик билан шуғулланай десанг, бунга ҳам пул керак бўлади. Пул бўлса, мол олиб-сотиш ёки чорва боқиш мумкин. Пулинг бўлмаса – ноиложсан. Қишлоғимиз ёшлари Қозоғистонга келиш учун пул жамғариб юради. Ҳар куни телефон қилишади бизга ҳам иш топиб бер деб. Афтидан, 32 миллион киши яшайдиган Ўзбекистонда ҳар икки кишидан бирига иш бор, шекилли. Қолганлар ризқини четдан излашга маҳкум.

Карантин бошланганидан сўнг бир ой ўтиб Чимкентда новвойхоналар қайта бошдан очилди, лекин харидор камроқ эди, кўчада ҳам одамлар сийрак бўларди. Ҳозир ҳаёт бирмунча изга тушган.”

Гулноза, 27 ёш: Икки боламни қайнонамга ташлаб келганман

“Касбим – тиббиёт ҳамшираси. Ўзбекистонда туман касалхонасида ишлардим. Ойлигим жуда оз эди, шуни ҳам кечиктириб тўлашарди. Томоққа есам, кийим-кечакка ортмас, кийинайин десам, томоқни тикиб қўйишим керак эди. Бир куни дугоналарим ишлагани Қозоғистонга кетмоқчи эканини эшитиб, уларга эргашдим. Тўрт қиз бирга шу ерга келдик.

Ўша кун худди кечагидек ёдимда. Чўнтагимда минг танга бор эди. Танлагани фурсат бўлмагани учун дуч келган ишни маҳкам тутдик. Учовлон иссиқхонага ишчи бўлиб жойлашдик, бир дугонамиз эса дўконга сотувчиликка ёлланди.

Иссиқхона иши – мавсумий. Бир қанча вақт ўтиб биттамиз фаррошлик қила бошладик, икки қиз идиш-товоқ ювдик. Тўртовимиз дугоналаримиздан бирининг синглисига қарашли уйда яшардик. То оёққа туриб олгунимизча.

Бошпанамиз бўлгани билан еб-ичишга ва йўлкирага пул зарур эди. Биз пулдан тежаш учун пиёда юрардик. Жазирама ёз кунларида кўчада сув сотиб олишга пулни қизғанардик. Ўзимизни иссиқ овқатдан мосуво этиб, чой-нонга қаноат қилиб юрдик.

Бир гал ишдан қайтаётганимизда полиция тўхтатди. Ҳужжатларимизни текширгач, бўлимга олиб кетишди. Биринчи марта бунақа ҳолга дуч келганимиз учун аввалига қўрқиб кетдик. Бизга жарима солишди – ўзга давлатда ноқонуний яшаётганимиз учун. Ўшанда билдик ҳар уч ойда миграция хизматида рўйхатдан ўтиб туриш кераклигини.

Қозоғистонда меҳнат муҳожири учун энг қийини – иш топгунга қадар чидаб бериш. Сенга пул қарз берадиган, ёрдам қўлини чўзадиган одам йўқлигини ҳисобга олиш лозим.

Аммо ишлайман деганга иш топилади. Пул бор, аҳолининг даромади ёмон эмас. Ўзбекистонда чоғроқ уй солиш учун беш-олти йил тер тўкиб ишлаш керак. Бу ерда, агар ўзимизни бўлар-бўлмас харжлардан тийсак, икки йилда уй қуришга етадиган пул жамғара оламиз.

Ватанни соғиняпмиз, албатта. Туғишганларимиз билан бирга яшашни хоҳлаймиз. Лекин қашшоқлик йўл бермаяпти бунга. Эрим иккимиз ишлаб бир оз ер сотиб олганмиз. Энди уй қуришга пул тўплаяпмиз. Икки болам қайнонамнинг қўлида қолган. Улар билан “WhatsApp”да видеоқўнғироқ орқали гаплашиб тураман. Болаларим мактаб ёшига етгунича уйимизни қуриб олмасак бўлмайди.

XS
SM
MD
LG