Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:32

Қирғизистонда томир отган коррупция ҳақидаги фильмда "Абу Сахий" ҳақида нималар дейилди?


Тошкентдаги "Абу Сахий" бозори
Тошкентдаги "Абу Сахий" бозори

Озодлик радиоси қирғиз хизмати Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ қилиш дастури ҳамда Бишкекдаги Kloop ахборот сайти билан ҳамкорликда 21 ноябрда эълон қилган журналистик суриштирувда Тошкентдаги “Абу-Сахий” бозори ва шу номдаги карго ширкати ҳам тилга олинди.

  • Қирғизистон божхонасидаги катта миқдордаги коррупция ҳақида ҳикоя қилувчи “Божхонадаги миллионлар: қароқчилик ва ҳимоя” деб номланган журналистик суриштирув муаллифлари мавзуни ўрганиш жараёнида Тошкентдаги “Абу Сахий” бозорига яқинларгача эгалик қилган Темур Тиллаевнинг адвокати Марк Раймонд билан боғланиб, унга бир қатор саволларни берди.
  • “Божхонадаги миллионлар: қароқчилик ва ҳимоя” кўрсатуви эълон қилинган куни келган жавобларида Марк Раймонд у ва унинг мижози шу пайтгача Саймаитини танимаганини ва унинг иддаоларида ноаниқликлар борлигини билдирган.
  • “Абу Сахий” бозорига 1990- йилларда чиндан ҳам Хабибулло Абдуқодир асос солганми, деган саволга Тиллаевнинг адвокати бундай жавоб берган:
  • “2006 йили жаноб Тиллаев Тошкент шаҳар ҳокимиятидан бўш ер участкасини сотиб олган ва ўша ерда “Абу Сахий” бозорини қурган”.
  • Адвокатнинг билдиришича, Темур Тиллаев жаноб Абдуқодир ёки унинг ҳеч бир ҳамкори билан ҳеч қандай ҳамкорлик қилмаган, Абдуқодир “Абу Сахий” бозорига Хитойдан товар ташувчи кўпчиликнинг бири бўлган холос.
  • Айэркан Саймаитининг иддао қилишича, Абдуқодирнинг одамлари “Абу Сахий” бозори пулларни контрабанда йўли билан Қирғизистонга чиқарган. Бу иддаога жавобан адвокат ўз мижозлари бундай айбловларни рад этишини билдирди.
  • Саймаитининг иддао қилишича, Хабибулло Абдуқодир Каримовлар оиласи билан келишув тузиб, “Абу Сахий” бозори устидан назорат ҳуқуқидан воз кечган ва шундан сўнг бозор устидан назорат тўлалигича Тиллаевларга ўтган. Тиллаевнинг адвокатига кўра, бундай иддао асоссиздир, бозорга жаноб Тиллаевнинг ўзи асос солган ва уни ривожлантирган.
  • “Мижозларингиз “Абу Сахий” бозорини ва/ёки юк ташиш компаниясини Абдуқодирнинг назорати остидаги компанияларга сотганми?” Бу саволга Тиллаевнинг вакили “Ҳа, 2017 йилнинг декабрида”, деб жавоб берди.
Абдуқодирнинг оиласи Xinjiang Abu-Sahiy Import and Export Trade Co. Ltd. Қўшма компаниясини 2009 йили Хитойда таъсис қилган. Компания расман Абдуқодирнинг акаси Хадеер Маимаитили томонидан назорат қилинади. Бу ташкилотнинг Тиллаев Ўзбекистонда 2006 йили асос солган ва 2017 йилда сотган. Abu Sahiy Trading Center Ltd. Компаниясига алоқаси йўқ.

Қирғизистон божхонасидаги катта миқдордаги коррупция ҳақида ҳикоя қилувчи “Божхонадаги миллионлар: қароқчилик ва ҳимоя” деб номланган журналистик суриштирувида “Абу-Сахий” бозори ва шу номдаги карго ширкатига оид қандай маълумотлар очиқлангани ҳақида гапиришдан олдин, муштарийга тушунарлироқ бўлиши учун суриштирув қаҳрамонларидан айримлари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтмоқчимиз.

Айэркен Саймаити

Истанбулда 10 ноябрда отиб ўлдирилган хитойлик 37 яшар этник уйғур Айэркен Саймаити Қирғизистон божхонасидаги коррупция, уйғур тадбиркорларининг товарларни нотўғри маркировка қилиши ва солиқ тўлашдан бўйин товлаши ортидан миллионлаб доллар ноқонуний фойда олган яширин бизнес тармоғини фош этишга ҳаракат қилди.

У 2019 йилнинг май ойида Озодлик радиоси қирғиз хизмати Қирғизистондан ноқонуний равишда 700 миллилон доллар пул чиқариб кетилгани тўғрисида эълон қилган журналистик суриштирувнинг ҳам асосий манбаси ҳисобланган. Бироқ ўшанда Айэркен Саймаитининг хавфсизлигидан келиб чиқиб, журналистлар унинг номини айтишган эмас.

Қирғизистондан 2017 йили қочиб кетган Саймаити Истанбулда 10 ноябрда отиб ўлдирилганидан сўнг журналистлар ўн кун мобайнида қаттиқ ишлаб, навбатдаги журналистик суриштирувни эълон қилдилар.

Ҳабибулла Абдуқодир

Суриштирувда Хитойда туғилган ва Қозоғистон паспортига эга бўлган Ҳабибулла Абдуқодир юзлаб миллион долларни Қирғизистондан олиб чиқиб кетган ва пул ювиш билан шуғулланувчи тармоқнинг етакчиси сифатида кўрилади.

Суриштирув эълон қилингунига қадар Ҳабибулла Абдуқодирнинг бирорта сурати ОАВда чиқмаган. Суриштирув жараёнида журналистлар Ҳабибулла Абдуқодир 2017 йилда Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбековнинг инаугурация маросими пайтида фахрий меҳмонлар қаторида ўтиргани акс этган суратни топганлар.

22 ноябрь куни президент матбуот котиби Толгонай Стамалиева Жээнбеков президент этиб сайланишидан олдин Ҳабибулло Абдуқодир билан учрашганини, аммо у билан ҳамкорликда бизнес қилмаганини таъкидлади.

Раимбек Матраимов

Айэркен Саймаити журналистик суриштирувда Қирғизистон божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимов Абдуқодир юк ташиш империясининг минтақадаги ҳимоясини таъминлашда муҳим роль ўйнаганини ҳам иддао қилган. Раимбек Матраимов халқ орасида Раим миллион номи билан танилган.

“Абу-Сахий” бозори ҳақида

Тошкентдаги “Абу -Сахий” бозорига узоқ йиллардан бери президент Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаев эгалик қилиб келгани айтилар эди.

Бироқ Айэркен Саймаитининг айтишича, “Абу -Сахий” бозорига 1990 йилларнинг охирларида Ҳабибулла Абдуқодир асос солган. Саймаити Ҳабибулла Абдуқодир ҳар доим жамоатчилик назаридан четда туришни маъқул кўриб келганини билдирган. Шунинг учун ҳам журналистлар тадбиркор Ҳабибулла Абдуқодир ҳақида ҳеч қандай маълумотларга эга бўлмаганлар.

2018 йилда Ҳабибулла Абдуқодирга қарашли фирмалардан бири Бишкекда қирғиз ҳукумати билан “Ақлли шаҳар” дастурини амалга ошириш юзасидан шартномани имзолайди. Бироқ кейинроқ бу шартнома бекор қилингани ортидан журналистларҲабибулла Абдуқодир шахсига қизиқиш билдира бошладилар.

Журналистлар 2000 йилларнинг бошидан бери то шу кунгача Ҳабибулла Абдуқодир фирмалари Хитой, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонга томир ёйганини аниқладилар. 2011 йилдан бошлаб унинг “Яширин империяси” Буюк Британия, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари ва Германияга қулоч ёйган.

Айэркен Саймаитининг айтишича, Ҳабибулла Абдуқодир “Абу -Сахий” бозорига асос солганидан кўп ўтмай, Ўзбекистонни тарк этган ва бир неча йил Қозоғистон ҳамда Россияда яшаган.

Кейин яна Ўзбекистонга қайтади ва ўша пайтдаги президент Ислом Каримовнинг оила аъзолари билан келишувга эришади. Келишувга асосан Ҳабибулла Абдуқодир бозордан воз кечади, бунинг эвазига у бозорга юк ташиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Шундай қилиб, “Абу -Сахий” карго ширкатига асос солинади.

“Абу -Сахий” карго ширкати

“Абу -Сахий” карго ширкати фаолиятини тўлиқ тушуниш учун журналистик суриштирув муаллифлари Хитой, Ўзбекистон ва Қирғизистонда мавжуд маълумотларни ўрганишди, кўплаб расмийлар ва ширкатлар раҳбарлари билан суҳбатлашишди, қатор божхона терминалларига сафар қилишди.

Бунинг натижасида жуда катта фойда топиладиган мазкур бизнеснинг мавжудлиги Ҳабибулла Абдуқодир оиласининг божхона амалдорлари билан муносабатларига боғлиқ экани аён бўлди.

Айэркен Саймаити “Абу -Сахий” карго ширкати фаолиятини юритган шахс сифатида юзага келган коррупцион схемани жуда яхши билган.

-“Абу-Сахий”нинг пули менда сақланарди. Бу пул нималарга сарфланганини, божхонага қанча берилганини ва бошқа чиқимларни мен ҳисоб-китоб қилардим, бу борадаги барча ҳужжатлар менинг қўлимда бўлган,-деб айтган Айэркен Саймаити.

Унга кўра, “Абу -Сахий”нинг юк машиналари бир ойда Хитойга камида 600 марта бориб келган. Айэркен Саймаити ўзи ичида бўлган иккита коррупциявий схемани фош этди.

“Абу -Сахий” карго ширкати билан боғлиқ коррупциявий схемалар

Биринчи схема: “Абу -Сахий”нинг юк машиналари Хитойдан Қирғизистонга ўтаётганда Ўзбекистонга транзит сифатида расмийлаштирилган. Бу ҳолатда божхона тўлови олинмайди. Бироқ божхона тўлови олинмаган ўша товарларнинг бир қисмига оид ҳужжатлар Ўзбекистонга жўнатилади, товарнинг ўзи эса Қирғизистонда қолдирилади.

Шундан сўнг Хитойдан Ўзбекистонга транзит сифатида божхона тўловисиз олиб ўтилган ва Қирғизистонда қолдирилган товар Қирғизистонда ишлаб чиқарилган маҳсулот сифатида Россия ва Қозоғистон каби давлатларга жўнатилган.

Саймаитининг бу гапларини мана шу товарларни Россияга ташиган ҳайдовчилардан бири ҳам тасдиқлади.

-Хитойдан товарларни олиб келар эдик. Қирғизистонга келганимизда уни Қорасувдаги терминалга олиб борардик. У ерда “Товар Қорасув бозоридан олинди, Бишкекка олиб кетилаяпти”, деб ҳужжат қилинар эди. Бишкекка келганимизда эса товар “Дўрдўй бозоридан олинди”, деб Москвага ҳужжат қилинади. Шу тарзда мен 2016 йилда бир марта, 2017 йилда уч марта Москвага бордим. Юкларни 20та “Вольво” юк машинаси ойига уч-тўрт мартадан қатнаб Москвага еткизар эди. Люблинода Московский торговий центр деган жуда катта бир савдо маркази бор. Юкни ўша ерга туширар эдик,-деди суриштирув видеосида хавфсизлик юзасидан исми айтилмаган ва юзи тўсилиб, овози ўзгартирилган ҳайдовчи.

Икинчи схема: Айэркен Саймаити 2014 йилда “Абдираз” фирмасига эгалик қила бошлайди ва фирма номидан “Нўғардан Атуш” бозорини ўз назоратига олади. Боткендаги дала жойда жойлашган бу бозордан Айэркен Саймаити фойда олишни кўзламаган. Саймаити бу бозор пул ювиш учун бир восита бўлганини айтган.

Журналистик суриштирувнинг май ойида эълон қилинган биринчи қисмида бозорнинг ҳозирги эгаси ва бош ҳисобчиси “Абдираз” бозори ташкил этилганидан то шу кунгача фақат 16,5 миллион долларгина савдо қилганини билдирганди.

Бироқ “Абдираз” бозори номидан Ҳабибулла Абдуқодирга қарашли фирмалар билан бундан бир неча баробар кўп бўлган миқдордаги шартномалар имзоланган. Саймаити бу шартномалар сохта бўлганини билдирган ҳолда, улардан тўрттасини журналистларга тақдим этган.Бу шартномаларда Қирғизистонга газлама етказиб бериш келишилган, лекин аслида бир сантиметр ҳам газлама келган эмас.

-Газламанинг бож тўлови бошқа нарсалар, масалан, кийим кечакларга қараганда арзон. Кийим-кечакларнинг растаможкаси 3 доллар бўлса, текстильники 50 цент. Менинг Қирғизистондаги фирмам номига текстиль жўнатилди, деб ёзилади. Бироқ Хитойдан менга телефон қилишиб: “Қимматбаҳо норка жўнатдик”, деб айтишлари мумкин. Ёки Хитойдан телефон жўнатилади, аммо текстиль деб расмийлаштирилади. Бир дона телефоннинг растаможкаси 6 доллар. Бир КамАз текстиль эса 5 минг долларга растаможка бўлади. Бир КамАз телефонни текстиль деб расмийлаштириб, 5 минг долларга растаможка қилиб, Россияга бориб тўкиб ташласангиз, ҳар қандай одамни банкрот қилишингиз мумкин,-деди Айэркен Саймаити.

Унга кўра, сохта шартномалар асосида “Абдираз” бозорига жўнатилган товарлар аслида Москвага жўнатилган.

-Юк менинг фирмамга жўнатилгани ёзилганидан кейин, мен “Юкни қабул қилдим, сотдим” деб расмийлаштириб, пулни ўтказиб бераман. Расмийлаштирилган ҳужжатни интернетдан кўриш мумкуин. Шунинг учун ҳам банклар, шубҳа қилмасдан, пулни ўтказиб беришаверади,-деди Айэркен Саймаити.

“Абу -Сахий”нинг Ўзбекистонда топган даромадини сохта ҳужжатлар орқали чет элга кўчиришган

Сохта шартномалар асосида “Абдираз” бозорига жўнатилган, аслида эса Москвага олиб кетилган товарларнинг расмийлаштирилган ҳужжатлари Айэркен Саймаити қўлида қолган.

Бу ҳужжатлардан “Абу -Сахий”нинг Ўзбекистонда топган даромадини хориж давлатларига кўчиришда фойдаланишган.

Ўша пайтларда Ўзбекистонда молиявий назорат ўта қаттиқ бўлгани ортидан тадбиркорлар қонуний йўл билан банк орқали пул ўтказиши жуда мушкул эди.

-Ўзбекистондан пул “қора йўллар” билан ўтар эди. “Абу -Сахий” Ўзбекистондаги ягона энг катта карго бўлган эди. Пулни “қора йўл” билан ўтказмаса, Ўзбекистонда доллар кўтариб юриш жуда қийин эди. Шунинг учун пулни “қора йўллар” билан Қирғизистонга олиб ўтишади, пулни бу ерда банк орқали оқлаб туриб, хориж мамлакатларидан бирига юборилади. Айрим пайтларда хорижга жўнатилган пулни у ердан олган одам яна Қирғизистонга қайтариб жўнатар эди,-деб айтди Айэркен Саймаити.

“Абу -Сахий”нинг Қирғизистон ҳукуматидаги алоқалари

Далиллар кўрсатиб турганидай, агар ҳукумат доираларида алоқалар бўлмаганида бу схемаларнинг бирортаси ишга ошмасди.

Саймаитининг айтишича, ўша пайтда Қирғизистон божхона хизмати раисининг ўринбосари бўлган Раимбек Матраимов Ҳабибулла Абдуқодир оиласидан тушган пораларни йиғиш ва уларни бўлиштиришга масъул бўлган.

Саймаитининг гаплари ни яна қатор манбалар, аниқроқ қилиб айтганда, аввалги вазирлар, депутатлар, божхонада ҳозир ишлаб турган ва аввал ишлаган раҳбарлар ва четдан юк ташиган шахслар тасдиқладилар. Бироқ уларнинг айримлари хавфсизлигидан ташвишланиб, айримлари ҳукуматдан қўрқиб, айримлари эса шахсий муносабатларни бузиб олишни истамаслигини баҳона қилиб, журналистларга бу борада очиқ гапириб беришдан тийилдилар.

Шундай қилиб, “Абу -Сахий” Қирғизистондан Ўзбекистонга юк ташиган монополист ширкатга айланади.

-“Абу -Сахий”ни Матраимовлар “кришовать” этишган. Божхонадаги растаможкасидан тортиб, ҳаракатланишигача Матраимовлар назорат қилишади. Техникасини Руслан деган укаси бор, ўша қарайди,-деб билдирди “Ҳайдовчилар иттифоқи” аъзоси Исабай Сулайманов.

Хитойдан олиб келинган юк Ўзбекистонга ўтказиладиган бўлса бошқа машиналарга юкланади. Шунинг учун “Абу -Сахий” Қирғизистоннинг Қорасув туманидаги Қашқарқишлоқ қишлоғида махсус базани ташкил қилган. Ака-ука Матраимовларнинг кенжаси – Руслан Матраимовни мана шу базада кўп маротаба кўришганини бошқа ҳайдовчилар ҳам тасдиқладилар. Бироқ Руслан Матраимовнинг ўзи “Абу -Сахий” билан алоқаси борлигини инкор этган эди.

-“Абу -Сахий”нинг Қирғизистондаги ишини Раимбек Матраимов бошқаради. У Ўзбекистонга КамАзларни ўтказиб беради, биз эса унга бунинг учун пул тўлаймиз. Ўша берадиган пулини Қирғизистонда бермай, аввал чет давлатга олиб чиқамиз, кейин чет элдаги банклар орқали уларнинг фондига ўтказиб берамиз. Хитойдан чиққан ҳар бир КамАз учун 4600 доллардан пул берамиз. Бир ойда “Абу -Сахий”нинг 600-650, 700тагача КамАз ўтади транзит бўлиб. Пулни Раимга берамиз. Унинг одамларидан бири келиб олиб кетади. Ҳар сафар бошқа-бошқа одам келади пулни олиб кетгани,- деб айтган Саймаити.

Айэркен Саймаити Ҳабибулла Абдуқодир кўрсатмаси билан турли одамларга, жумладан, Раимбек Матраимовга ҳам пул ўтказганини тасдиқловчи турли ҳужжатларни журналистларга тақдим этган.

Ҳужжатларга ишонилса, 2016 йилнинг августидан 2017 йилнинг февралигача “Абу -Сахий” учун Раимбек Матраимовга Айэркен Саймаити дастлаб олти бўлиб жами 380 минг доллар, кейин эса етти бўлиб жами 2 миллион 400 минг долларга яқин пул ўтказган.



Алоқадор

XS
SM
MD
LG