Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:58

Тадбиркорлар: “Абу Сахий”га мол кирмагани боис нархлар кўтарилмоқда, айрим дўконлар ёпиляпти


Тошкентдаги Абу Сахий бозори
Тошкентдаги Абу Сахий бозори

Тошкентдаги “Абу Сахий” улгуржи бозоридан харид қиладиган тадбиркорларнинг айтишларича, сўнгги бир ҳафта орасида бозордаги товарлар нарх-навоси анча кўтарилган. Товар йўқлиги учун айрим дўконлар фаолиятини тўхтатган. Бунинг асосий сабаби, бозорда текширув кетаётганлиги ва “Абу Сахий” ширкати орқали хориждан юборилган молларнинг божхонада ушлаб турилгани билан изоҳланмоқда.

“Абу Сахий” бозорида 30 январь куни бўлган ва у ердаги шароит билан яқиндан танишган жиззахлик тадбиркорлардан бирининг айтишича, бозорда сотиладиган молнинг камайганлиги сабаб, нарх-наво кўтарилган:

“Карго ишламагани учун Абу Сахийда кўп нарсалар нархи ошиб кетди. Бир ойдан буён товар келмагани сабаб, сотиш учун мол ҳам тугади. Айрим дўконлар эгалари солиқчилар ҳар куни топширишни талаб қиладиган 4,5 миллион нақд сўмни савдо қилолмагани учун ишламай ҳам қўйишди”, дейди тадбиркорлардан бири.

Компютер ва унинг эҳтиёт қисмлари билан шуғулланадиган тадбиркорлардан бирининг айтишича, бозорда асосан электр товарлари қимматлаган:

"Масалан, ноутбуклар юз минг сўмдан икки юз минг сўмгача қимматлади. Мен компютер запчастларини Абу Сахийдан олар эдим. Бугун борсам кўпчилиги "товар йўқ, ишламаяпмиз", деб айтди. Чорсуда турк кийимлари билан савдо қиладиган танишларим ҳам, товар тугаб қолган, Абу Сахийга келмаяпти, деди. Асосан, хориждан келтириладиган техникалар анча ошган", деди тадбиркорлардан бири.

“Абу Сахий” бозорига Хитойдан мол олиб келадиган тадбиркорнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, бозорга уч ҳафтадан буён мол киргани йўқ:

"Хитойдан юборилган молим Тошкентга етиб келганига 21 кун бўлди. Лекин, беришмаяпти. Божхонада ушлаб туришибди, экан. Бозорнинг катталаридан сўрасам, "шошмай туринг, февралда оласиз, сал текшир-текшир бўлиб турибди”, деяпти. Нархлар ҳам ошиб боряпти. Бозордан дўкон сотиб олмоқчи бўлган таниш тадбиркорлар ҳам бу ниятларини кейинга қолдирди, дейди тадбиркор.

Тошкентлик тадбиркор Шоира Содиқбекованинг айтишича, "Абу Сахий” бозорида ишлайдиган тадбиркор дугоналарининг хориждан юборилган товарлари ҳам ушлаб қолинган:

- Бозорда дўкони бор дугоналарим янги йил арафасида Туркиядан юк жўнатишган экан. Лекин ҳали ҳам олишмаган. Туркиядан сўрашса, жўнатганмиз, дейишар экан, бу ердан сўрашса, келмаган, дейишаркан. Ана шунақа қилиб, сарсон бўлиб юришибди. Булар бир-икки нафар эмас, жуда кўпчилик. Шунинг учун ҳам баъзилари тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туришга мажбур бўлишяпти, - деди Шоира Содиқбекова.

Озодлик бу масалага муносабат олиш мақсадида “Абу Сахий” бозорининг маъмурияти билан кун давомида боғланишга ҳаракат қилди. Аммо, телефонлар гўшагини ҳеч ким кўтармади.

“Абу Сахий” ширкати орқали хориждан юборилган молларини ололмаётган тадбиркорлар ҳақида Озодлик илгари ҳам хабар берган эди.

Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитасининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган расмийси¸ “Абу Сахий” мижозларининг янги йил бошидан бери хориждан юборган молларини ололмаëтганини тасдиқлаган эди.

Озодликда мавжуд ҳужжатларга кўра¸ “Абу Сахий” ширкати марҳум президент Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг турмуш ўртоғи Темур Тиллаевга тегишли.

“Абу Сахий” фаолияти¸ хусусан¸ унинг хориждан юборилаëтган молларни олиб келиш ва ҳужжатлаштириш билан боғлиқ фаолиятининг текширилаëтгани ва Ўзбекистондаги “Абу Сахий” мижозларининг ўз молларини ола олмаëтгани ҳақидаги маълумотларни изоҳлашни сўраб¸ Озодлик Тиллаевлар адвокатига мурожаат қилган эди.

Озодлик йўллаган қатор саволларга Тиллаевлар номидан берилган жавобнинг тўлиқ матни қуйидагича бўлган эди:

“Сизга бундан олдин ҳам таъкидлаганимиздек¸ “Абу Сахий” солиқларни тўлайди ва ҳеч қачон солиқ ва бож тўловлари бўйича имтиëздан фойдаланган эмас. Бунинг аксини иддао қилиш¸ ëлғондир. Бундан ташқари¸ “Абу Сахий” ўзбек расмийлари томонидан текширилаëтгани йўқ ва унга қарши ҳеч қандай айб илгари сурилгани ҳам йўқ. Байрамлар мавсуми муносабати билан бизнес кўлами кейинги пайтларда қисқарди¸ лекин бу ноодатий ҳол эмас; бу ҳол ҳар йил шу пайтда кузатилади. “Абу Сахий” ўз фаолиятини одатий тартибда давом эттирмоқда”.

Тиллаевлар адвокати ўзбекистонлик тадбиркорларнинг “Абу Сахий” орқали хориждан юборган молларни Тошкентда ола олмаëтгани ҳақидаги Озодлик саволига жавоб бермаган эди.

XS
SM
MD
LG