Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:56

Қўшработда 82 яшар қария 9 яшар қизни зўрлаганликда гумон қилиниб, жиноят иши очилди


Самарқанд вилоят, Қўшработ туманидаги қишлоқлардан бирида (қайси қишлоқлиги Озодликка маълум) яшовчи 82 яшар эркак 9 яшар қизни зўрлаганликда гумон қилинмоқда.

Қиз ўқийдиган мактаб ўқитувчиларидан олинган бу маълумотни туман ИИБ зобити тасдиқлади. Унинг айтишича, ҳолат юзасидан жиноят иши очилган.

Воқеа юз берган ҚФЙ раисининг Озодликка айтишича, Р.О. зўрлангани айтилаётган қизнинг оиласига узоқроқ қариндошдир ва "зўрлаш" воқеаси қариндошлар орасидаги низо оқибати бўлиши ҳам мумкин.

Тажовуз тоғда бўлгани айтилди

Тергов-суриштирувга оид ҳужжатларни кўрган Самарқанд вилоят ҳуқуқ-тартибот органи ходимига кўра¸ воқеа тоғли қишлоқда 25 июль кундузи юз берган:

“81 ëшдаги муқаддам судланмаган¸ маҳалладан яхши тавсифномаси бўлган Р. О. тоғ томондаги ҳовлисидаги экинларига сув қуйиш учун боради. У ерда бир девор қўшниси, 1981 йили туғилган О.Б. нинг уйига сабабсиз киради. Уйда О.Б. нинг 9 яшар қизи М.Б. нинг ëлғзилигидан фойдаланиб уни зўрлайди. Қиз бехуш бўлиб йиқилганидан кейин Р.О. жиноят жойидан қочиб кетади” деди матбуотга гапириш ҳуқуқи йўқлиги боис исми айтилмаслигини сўраган ҳуқуқ-тартибот органи ходими.

Унинг яна айтишича¸ қизга тиббий ëрдам кўрсатилган ва гумондор Р.О. қамоққа олиниб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) бўйича жиноят иши очилган.

Қиз даволанган тиббиёт маскани ходимларидан бирининг Озодликка айтишича¸ “М.Б. гинеколог кўригидан ўтиб, қисқа муддат муолажа қилиниб, уйига қўйиб юборилган".

Қизнинг ота-онаси Озодлик мухбири билан суҳбатлашишни истамаслигини билдирди.

Озодлик жиноят ишини олиб бораëтган терговчи билан ҳам боғланди. Воқеани тасдиқлаган терговчи "жинсий зўрлаш вояга етмаган қизга нисбатан бўлгани боис", бу жиноят ишига оид тафсилотларни матбуотга айта олмаслигини айтди.

Гумонланувчи уйига қўйиб юборилган

Зўрлангани иддао қилинаëтган 9 яшар қиз ўқийдиган мактабда она-тили ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган аммаси М.Х. нинг (Озодликда ушбу мақолада тилга олинган барчанинг исм-фамилиялари бор) Озодликка шикоят қилишича¸ “қизчани зўрлаган Р.О. ИИБ ходимлари тарафидан сўроқ қилинганидан кейин уйига қўйиб юборилган:

- 81 яшар чол эндигина 2-синфни битирган ўқувчини зўрласаю¸ уни сўроқ қилиб судгача уйига қўйиб юборишса?! Бу қандай бедодлик?! Мен зўрланган қизнинг қариндоши ва оддий ўқитувчи сифатида бу одамнинг судгача бўлса ҳам озодликда юришига қаршиман! ​- деди М. Х.

Воқеа содир бўлган МФЙ котиби Х.Қ. ҳам “жамоатчиликка хавф туғдирадиган эҳтимолий жиноятчининг очиқда юришига қарши” эканлигини Озодликка билдирди.

Қўшработ туман ИИБ ходими эса, “гумондор мавжуд қоидаларга асосан¸ тилхат ва маҳалла кафолати асосида уйига қўйиб юборилганини билдирди:

- Қўйиб юборади-да энди! 82 ëш чолни қамоқда тутмаймизку?! Туманни тарк қилмаслик ҳақида тилхат олдик. Маҳалла кафил бўлди. Судга келса бўлди. Унинг бошқа шўхлик қиладиган иштиëқи йўқ.

Воқеа юз берган қишлоқ МФЙ раиси А.М. Р.О. озод қилиниши учун кафолат хати ëзмаганлигини Озодликка билдирди:

- Бу воқеада бу одам айбдорми ë йўқми - охирги гапни суд айтади. Қизчанинг отаси ҳам ариза бергани йўқ. Онаси жаҳл устида ариза берди. Қолаверса, Р.О. уларга узоқроқ қариндош. Қариндошлар орасидаги низо бу. Олдинроқ сув устида ҳам жанжаллашишган. Мен ҳуқуқ-тартибот органлари ишларига аралашадиган ваколатим йўқ. Ўзи яқинда МФЙ га раис бўлдим. Р.О. озод бўлсин деб кафолат хати ëзмадим.

"Бости-бости қилишга интилишмоқда"

Зўрлангани иддао қилинаëтган 9 яшар қиз ўқийдиган мактабда она тили ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган аммаси М. Х.нинг иддаосига кўра, “жиноятни бости-бости қилиб юборишга интилишмоқда:

- Қизнинг отаси Х.О. жуда содда йигит. Бировга озор бермаган. У қизининг номуси поймол қилингани учун прокуратурага бормоқчи бўлса, чолнинг бадавлат ўғиллари таҳдид қилибди. Шундан кейин шашти пасайган Х.О. ариза ëзмади. Ҳозир қизнинг онасига ҳам босим ўтказишмоқда. Лекин биз қариндошлар ва қизчанинг ўқитувчилари бир ëш қизчанинг зўравонлик қурбони бўлганидан ғазабдамиз. Айбдор суд қилиниб жазоланишини талаб қиламиз.

Балоғатга етмаганларни жинсий зўрлаш ҳолатлари ҳақида Озодлик бир нечта мақола эълон қилган.

Ўтган йилнинг ноябрида Фарғона вилоят, Бешариқ туманида икки маҳаллий тадбиркор 13 яшар қизнинг номусига тегишда айбланиб судга тортилган эди.

Хоразм вилоят, Қўшкўпир туманида 7 яшар қизчани зўрлагани ортидан ҳибсга олинган 28 яшар йигит узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган эди.

XS
SM
MD
LG