Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:56

Андижонда бешинчи синф ўқувчиси зўрланди


Андижон вилояти Балиқчи туманидаги мактаблардан бирида ўқийдиган бешинчи синф ўқувчисини муқаддам судланган 36 яшар йигит зўрлади. Зўрлангандан сўнг уриб чалажон қилинган қизалоқнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Жиноят содир этганликда гумон қилинган шахс қўлга олинган ва тергов давом этмоқда.

Балиқчи туманининг Олимбек қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида 17 сентябрь куни 5-синф ўқувчиси (қизчанинг исми шарифи Озодликка маълум, лекин айрим сабабларга кўра ошкор этилмайди – таҳр.) 36 яшар йигит томонидан ваҳшийларча зўрланди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган балиқчилик манбанинг айтишича, воқеа куппа-кундуз куни далада рўй берган:

“Воқеа Олимбек ҚФЙга чеградош бўлган Охунбобоев ҚФЙнинг даласида содир бўлган. Олимбеклик икки қизча ўша куни далага қовун-тарвуз сотиб олишга борган. Охунбобоев ҚФЙнинг Ободмаҳалла қишлоғида яшайдиган 36 яшар Латифжон деган йигит маст ҳолатда бу қизларни кўриб қолган. Кейин қизларнинг бирини қўлига икки минг сўм бериб, “сен бориб ана у жойдан қовун олиб келгин, мен дугонангга мана бу томондан тарвуз олиб бераман”, деб алдаган. Қизлардан бири кетганидан сўнг, иккинчи қизни овлоқ жойдаги ариқни ичига тушириб, зўрлаган. Кейин қизчани уриб, ҳушидан кеткизиб қочиб кетган”, деди манба.

Охунбобев қишлоқ фуқаролар йиғини фаолларидан бирининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, қизчани зўрлашда гумонланган шахс ўша куни тунда қўлга олинган:

“Қизчанинг дугонаси қайтиб келиб, уни ўша жойдан тополмаган. Кейин югуриб бориб уйдагиларга хабар берган. Қизча ариқ ичида чалажон ҳолда топилган. Дўхтирхонага олиб борилиб, гинекологик операция қилинган ва ҳаёти сақлаб қолинган. Зўрлашда гумонланган шахсни эса ярим тунда уйидан ушлаб кетишган. У аввал ўғирлик билан қамалиб чиққан эди. Оилали, икки боласи бор", деди маҳалла фаоли.

Олимбек қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи собиқ маҳкумлардан бирининг айтишича, бу воқеадан сўнг муқаддам судланган барча эркакларни милиция ушлаб олиб кетган:

“Мен ҳам илгари ўғирлик билан судланган эдим. Ўша куни уйдан босиб олиб кетишди. Ҳалиги қизчанинг дугонасини милиция бўлимига олиб келишиб, барча гумондорларни бирма-бир кўрсатиб чиқишди. Ахийри ярим кечаси зўрлаган йигитни таниди. Кейин бизга жавоб беришди", деди собиқ маҳкумлардан бири.

Балиқчи тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган ходимининг айтишича, айни пайтда гумонланувчи устидан тергов давом этмоқда:

“Бу иш билан туман милицияси ва прокуратураси шуғуланмоқда. Жиноятда гумонланган шахс ҳибсга олинган", деди ички ишлар мулозими.

Ўзбекистонда вояга етмаган қизларни зўрлаш ҳолатлари учраб туради.

Жиззах вилояти Бахмал тумани марказида 19 май куни йўқолган 1-умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчиси орадан қарийб икки кун ўтганидан сўнг ўлик ҳолда топилган эди. Озодлик манбаларига кўра, қотил тўққиз ёшли қизчани зўрлаган ва уни бўғиб ўлдириб, жарликка ташлаб кетган эди.

Жорий йилнинг 27 июлида Самарқандда ёш қизни зўрлаганликда гумон қилинаётган 63 ёшли фермер ҳамқишлоқлари тарафидан сазойи қилинди.

Бу воқеадан тўрт кун ўтиб, Самарқандда 17 ёшли қиз 63 ёшли ҳамқишлоғи тарафидан жинсий зўрланиши ортидан ўзини ўзи осиб қўйди.

Шу йилнинг август ойида эса Қорақалпоғистоннинг Шуманай туманида истиқомат қилган милиция ходими томонидан зўрланган қиз ўз жонига қасд қилган. Сирка ичган қизнинг ҳаёти касалхонада сақлаб қолинган.

XS
SM
MD
LG