Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:25

Пулини тўласа мактабга формасиз бориш ҳақидаги хабар "хом" бўлиб чиқди


MY5 сюжетидан олинган скриншот
MY5 сюжетидан олинган скриншот

Mening Yurtim каналининг “Энди таълим муассасасига ўқувчилар мактаб формасида келиши шарт эмас, бунинг учун 2,23 млн. сўм тўланиши кифоя” деган хабари нотўғри.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматининг бу баёноти MY5 телеканалининг ижтимоий тармоқларда тарқалган сюжетига жавобдир.

Телеканал раҳбарияти ижтимоий тармоқларда телесюжетнинг бир қисми тарқатилгани, натижада томошабинда нотўғри тасаввур шаклланиб қолганини таассуф билан тан олди.

Бироқ Халқ таълими вазирлиги пулли хизматлар турларини кўпайтираётган бир шароитда MY5нинг пулини тўлаб қўйганлар форма киймай қўяверади деган “хабари” чин хабар эшитилди.

Озодлик MY5 телеканалининг ижтимоий тармоқларда тарқалган қисқа вариантидан ташқари тўлиқ версиясини ҳам топиб кўрди.

Сюжет

MY5 нинг “Марказий Студия” информацион дастури олиб борувчилари вазирлик 9 мартда эътироз билдирган сюжетга кириш сўз айтар экан, “формасиз ўқисаям осмон узилиб ерга тушмайди, ўқитувчиларнинг савиясини кўтариш керак” деган фикрни уқтиришга ҳаракат қилиб, сўз навбатини мухбирга бериш олдидан “агар тасдиқланса, яна бир янгиликка қўл урилиши мумкин”, дейди.

(Сюжетнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган қисқа варианти)

Шундан сўнг кадрда мухбир қиз пайдо бўлади ва у бундай дейди:

“2230000 сўм. Шунча пулни тўлаган талабалар бир йил давомида ўқишга формасиз келиш лицензиясини олади ва ўзлари хоҳлаган кийимни кийиб келишлари мумкин бўлади”.

Шу сўзлардан сўнг мухбир қиз шаҳар кўчаларида талабалар орасида ўтказган сўров кадрлари кетма-кет берилади. Сўровда қатнашган талабаларнинг ҳаммасига “Пулни тўлаб қўйиб, ўқишга формасиз бориш мумкинми?” деган савол берилади.

Сўров тугагач, кадрда яна бошловчилар пайдо бўлади ва улар яна таълим тизимида шаклдан кўра мазмунга, сифатга эътибор қаратиш лозимлигини уқтиришади.

Сюжетнинг тўлиқ версиясидан ҳам “пулини тўлаб қўйсанг, формасиз ўқийверасан” деган фикр ҳосил бўлади. Бу фикрдан ҳатто бошловчининг “агар тасдиқланса, яна бир янгиликка қўл урилиши мумкин” деган писандаси қутултира олмайди. Аксинча, томошабинга “қандайдир бир қарор тайёрланаяётганга ўхшайди”, деган ўй келади.

Сюжетнинг хомлиги муҳокама қилинди

Жамоамиз ёш, уларга максимал эркинлик беришга ҳаракат қилаяпмиз.

MY5 раҳбарларидан бири 10 март куни Озодлик саволларига жавоб берар экан, “сюжет хомроқ” чиқиб қолганини тан олди ва бу хомликни монтаж пайтида "битта жумла кесилиб кетгани" билан изоҳлади. Унинг айтишича, йўл қўйилган бу камчилик жамоада муҳокама қилинган, лекин ҳозирча интизомий чора кўрилмаган. “жамоамиз ёш, уларга максимал эркинлик беришга ҳаракат қилаяпмиз”, деди MY5 раҳбарларидан бири.

“Марказий Студия”нинг расмий баёноти

MY5 раҳбарларидан бири билан мулоқотимиздан олдин телеканалнинг Телеграм-каналида кўрсатув муаллифларининг қуйидаги баёноти эълон қилинди (аслини келтирамиз):

Biz qaror qabul qilindi degan mazmundan yiroqdamiz!

Markaziy Studiyada efirga uzatilgan -"Agar formasiz yurish uchun pul to'lansa, to'lar edingizmi?" degan savol bilan so'rovnoma o'tkazgan edik.
Biz qaror qabul qilindi degan mazmundan yiroqdamiz!
So'rovnoma o'tkazishimizga sabab esa telegram kanalda tarqalgan post. Postga nisbatan aholi vakillarining munosabati olingan, xolos.

Xurmat bilan MARKAZIY STUDIYA

Бошқармалар вазирлик инкорини такрорлади

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги MY5нинг хабари асоссиз эканлигини билдирар экан, “вазирликнинг бундай “ташаббус” ҳақида хабари йўқ”лигини ёзди.

Вазирлик фурсатдан фойдаланиб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли қарори мавжудлигини,“Барча ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўқув йили бошида ушбу талаблар билан таништирилиб, ўқув йили давомида ўз фарзандининг Низом талабларига мос равишда умумтаълим мактабларига келишини таъминлашга масъул” ҳисобланишини яна бир бор эслатиб ўтди.

Бугун эрталаб шу масала муҳокама қилинди. ТВнинг пул тўлаган ўқувчи формасиз келади, деган хабари мутлақо асоссиз.

Озодлик вазирликнинг бу баёноти билан танишишдан олдин Тошкент ва Сирдарё вилоят Халқ таълими бошқармалари, шунингдек икки олий ўқув юрти мулозимлари билан боғланиб, MY5нинг хабаридан пайдо бўлган саволларни берди. Барча инкор этди. Тошкент вилоят Халқ таълими бошқармаси вакили эса, худди Озодликдан шу саволларни кутиб тургандек, “Бугун эрталаб шу масала муҳокама қилинди. ТВнинг пул тўлаган ўқувчи формасиз келади, деган хабари мутлақо асоссиз” деди.

Хўш, унда қаердан пайдо бўлди “формасизлик лицензияси” тўғрисидаги ғоя?

“Марказий Студия”нинг сўровига баҳона бўлган постдаги истеҳзо

MY5 ўз Телеграм-каналида сюжетга баҳона бўлган қуйидаги постни ҳам эълон қилди.

“Бўлаётган ислоҳотлар фонида тез кунларда 4 ва 5 га ўзлаштирган талабалар олаётган стипендиясидан 25% даромад солиғи тўлашини, бир йил дарсларга формасиз келиш учун энг кам иш ҳақининг 10 баробари эвазига бир марталик лицензиялар жорий қилинишини тахмин қилаяпман. Албатта бу тахминология”.

MY5 TV ўтказган сўровга туртки бўлган пост
MY5 TV ўтказган сўровга туртки бўлган пост

Пост муаллифининг бу кинояси ота-оналарнинг боғча ва мактаблардаги кети узилмайдиган пул йиғишлар, олий ўқув юртларидаги коррупция ҳақидаги хабарлардан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг конкрет бир қарорини ҳам ёдга солди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Вазирлар Маҳкамасининг «Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорини шарҳлар экан, мактабларга қабул квотаси асосий ва қўшимча – пулли квота турларига ажратилиши ҳақида хабар қилган эди.

Вазир ўша шарҳида ота-она боласини ўзи яшайдиган микроҳудуддан ташқаридаги мактабга бериш учун энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда пул тўлаши лозимлигини билдирган эди.

Мактабларда пулли хизматлар бу билан чекланмайди. Пуллик хизматларнинг бошқа турлари билан мана бу ерда танишинг.

Риторик савол

MY5нинг сюжетига баҳона бўлган пост муаллифи “бир йил дарсларга формасиз келиш учун энг кам иш ҳақининг 10 баробари эвазига бир марталик лицензиялар жорий қилинишини тахмин” қилар экан, қўшни мактабга бориш учун ҳам шунча пул тўлаш лозимлигини эсламаганмикан?

XS
SM
MD
LG