Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:17

Ўртачирчиқлик ўқитувчилар: Ҳокимлик президент қарорига зид равишда мактабларда текширув ўтказмоқда


Ўзбекистон мактабларидан бирининг синфхонаси.
Ўзбекистон мактабларидан бирининг синфхонаси.

Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги айрим мактаб директорлари ва муаллимлари туман ҳокимлигини мактаблар ишига ноқонуний аралашаётганликда айбламоқда.

Озодлик гаплашган ўртачирчиқлик таълим ходимларининг айтишича, туман ҳокими муовини Фарҳод Султонов буйруғи асосида туман ИИБ, прокуратура, молия идоралари ходимлари ва Ёшлар иттифоқи фаолларидан иборат ишчи гуруҳ дарс пайти текширув ўтказмоқда.

Бу эса¸ ўқитувчиларга кўра¸ ​таълим жараёнига халақит қилмоқда, ўқитувчи ва ўқувчиларни чалғитмоқда.

Мактаб директорлари таълим муассасалари фаолиятига бундай аралашув президентнинг мактабларни ҳокимликлар тазйиқидан қутқаришга қаратилган 5538-қарорига зид эканига ҳам эътибор қаратди.

Текширув ишчи гуруҳининг Озодлик боғланган фаоллари Ўртачирчиқ тумани мактабларида таълим-тарбия жараёнини ўрганиш тўғрисида туман ҳокимлиги буйруғига асосан мактабларни тафтиш қилаётганликларини айтди.

Бундай буйруққа қўл қўйган Ўртачирчиқ тумани ҳокими муовини Фарҳод Султоновнинг ўзи билан кун давомида боғланишнинг имкони бўлмади.

Ўртачирчиқ тумани мактабларидан бири ўқитувчиси (исми унинг илтимосига кўра сир тутилмоқда) текширувлар ўнта йўналиш бўйича ўтказилаётганини айтади:

Беш-олти ғўдайган дарсни бўлиб кириб, конспектларимизни, болаларнинг кундалигини текширяпти. Бу ёқада дарс қолиб кетяпти...

- Беш-олти ғўдайган дарсни бўлиб кириб, конспектларимизни, болаларни кундалигини текширяпти. Қўлида саволнома бор. У ерга қарасангиз¸ ўқувчиларнинг давомати, формада келиш-келмаслиги, ўқитувчиларни дарсга тайёрлиги қандай, мана шунақа саволлар. Яъни ярмидан кўпи ҳокимлик зиммасига кирмайдиган нарсалар. Дарс қолиб кетаяпти, мактаб директорлари кун бўйи буларнинг кетида, тағин едириб-ичириб юбориш ҳам керак, бизда шусиз бўлмайдику, - дейди ўқитувчи.

Текширувлар бўлаётганини Ўртачирчиқдаги бошқа мактаб директори ҳам тасдиқлади.

- Ҳозир биз бу ҳақда президент порталига ёзмоқчи бўлиб турибмиз, чунки ҳокимликнинг бу иши президент фармонларига тўғри келмайди. Ҳокимлик бизнинг ишимизга ноқонуний аралашаяпти. Туман халқ таълими мудирига айтсак у киши ҳам ҳокимликка қарам бир одам, қўлидан ҳеч нарса келмайди, - деди исми очиқланмаслигини истаган ўртачирчиқлик мактаб директори.

Озодликка тақдим этилган ҳужжатда Ўртачирчиқ тумани ҳокими ўринбосари Фарҳод Султонов текширувларни тумандаги барча 63 та мактабда ўтказиш ҳақида буйруқ берган.

Ўртачирчиқ тумани ҳокими ўринбосарининг мактабларда текширув ўтказиш учун ишчи гуруҳ тузиш ҳақидаги буйруғи.
Ўртачирчиқ тумани ҳокими ўринбосарининг мактабларда текширув ўтказиш учун ишчи гуруҳ тузиш ҳақидаги буйруғи.

Текширув ишчи гуруҳи фаолларидан бири уларнинг иши ўқув жараёнига халақит қилаётгани ҳақидаги иддаоларни рад қилди.

Ўқишга халақит бермайдиган даражада қиляпмиз бу нарсани. Битта синфга киргандан кейин узоғи беш минут ҳам кетмаяпти. Журналини текширамиз, тўғри дарс беряптими, конспекти борми, шуни текширамиз,

- Сўровнома қилиб берган, шу бўйича ўтказилаяпти. Лекин, биз иложи борича ўқишга халақит бермайдиган даражада қилаяпмиз бу нарсани. Битта синфга киргандан кейин узоғи беш минут ҳам кетмаяпти. Журналини текширамиз, тўғри дарс бераяптими, конспекти борми, шуни текширамиз, - деди Ўртачирчиқ тумани Молия бўлимидан бўлган текширувчи.

Мактабларда бундай текширув ўтказиш нега айнан ҳозир зарур бўлиб қолди¸ деган саволга бу расмий:

- Буни Фарҳод Султоновдан сўранг, - деб жавоб қилди.

Озодлик Ўртачирчиқ тумани ҳокимининг муовини Фарҳод Султоновдан ҳам¸ туман халқ таълими бўлими раҳбари Азиз Очиловдан ҳам мактаблардаги текширувлар юзасидан изоҳ ола олмади.

Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси расмийлари эса Ўртачирчиқдаги мактаблардаги текширувлардан хабарсиз эканлари, туман ҳокимлиги бу ҳақда ўзларига маълум қилмаганини айтди.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ҳуқуқшуносининг Озодликка айтишича, ҳокимликларнинг мактаблардаги таълим жараёнини текширишга ҳаққи йўқ.

- Фақат мактаблар қурилиши, моддий таъминоти масалаларига аралашиши мумкин. Президентни 5538-сонли фармони бор, ўша фармонда ҳокимликларга қурилиш, ташкилий масалалар юзасидан вазифалар топширилган, лекин таълим тизимини текширишга уларга ҳеч қанақа ҳуқуқ берилмаган. Бу Халқ таълими вазирлиги зиммасида. Агар мактаблар ишига ноқонуний аралашув бўлаётган бўлса¸ вазирлигимизда назорат-ҳуқуқий хизмат бор, шунга мурожаат қилишлари мумкин. Ўтган йили шундай аралашувлар кўп бўлганида, ўқитувчиларни ҳокимликлар қурилиш ишига чиқаришганида вазирлик назорат хизматидан ходимлар бориб бу ишни ҳал қилиб келганди, - дейди Халқ таълими вазирлиги юристи.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил июл ойидаги ҳукумат мажлисида ўқитувчиларнинг турли назорат органлари томонидан текширувини чеклаш, ободонлаштириш ишларига ўқитувчиларни жалб қилиш, турли йиғилишларда иштирок этиш, обуна кампанияси ва ўзларининг ваколатлари доирасида бўлмаган бошқа ишларга жалб қилишни тақиқлаш зарурлигини таъкидлаган эди.

Халқ таълими вазирлиги расмийлари агар ўқитувчилар ва халқ таълими муассасалари ходимларининг ишига ноқонуний аралашувлар бўлса ва уларнинг қонуний ҳуқуқлари бузилса “Устоз овози” виртуал инспекторига мурожаат қилишларини тавсия этмоқда.

XS
SM
MD
LG