Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:51

Ота-оналар ўқитувчиларнинг "аҳлоқ полицияси" бўлмаслигини талаб қилмоқда


Ўтган йилнинг сентябрида ҳам Самарқанднинг Ургут туманидаги мактаб директори ўринбосари 11-синф ўқувчиларининг сочини қайчилаб, тан жароҳати етказган эди.
Ўтган йилнинг сентябрида ҳам Самарқанднинг Ургут туманидаги мактаб директори ўринбосари 11-синф ўқувчиларининг сочини қайчилаб, тан жароҳати етказган эди.

Фарзандлари Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 27-ўрта мактабда ўқийдиган ота-оналардан бир гуруҳи Халқ таълими вазирлигидан мактаб директори ва 9-В синф раҳбарини ишдан бўшатишни талаб қилишда давом этмоқда.

Ўтган йилнинг сентябрида бошланган можарога ечим топиш мақсадида ота-оналар ноябрь ойида Ўзбекистон Омбудсманига ҳам ариза киритганлар. Мактабда болалар ҳуқуқлари бузилаётганидан норозилик билдирилган мактубни Омбудсман Халқ таълими вазирлигига жўнатган, вазирлик эса Тошкент халқ таълими бошқармасига.

Таълим бошқармаси "ўқитувчига хайфсан берилганини" билдирган. Аммо ота-оналар бу қарордан норози.

Мактаб директори ва синф раҳбари ишдан бўшатилишини талаб қилаётган ота-оналар гуруҳининг иддао қилишича, 27-ўрта мактабда ўқитувчилар болаларни ўқитиш билан эмас, балки “аҳлоқ полицияси вазифасини бажариш” билан шуғулланмоқда.

Ота-оналар ва ўқитувчилар зиддияти нимадан бошланган эди?

9-В синф ўқувчиларининг ота-оналари Ўразимбет Қурбонов, Зерхан Саекеева, Зулфия Имомова ва Александр Бороденко Озодлик радиосига биринчи марта ўтган йилнинг 10 октябрида боғланган эдилар.

Уларга кўра, 2019 йилнинг 9 сентябрь куни 9-В синф раҳбари "сочининг тепаси сариққа бўялган ўғил боланинг сочини қирқишга ҳаракат қилган”. Шундан сўнг синф раҳбари “сочи узун икки қизнинг ҳам сочини қирққан”.

Ўтган йилнинг 10 октябрида эълон қилинган ўша мақолада Халқ таълими вазирлиги расмийси Озодликка бу ишни қилган “ўқитувчининг ҳайфсан олганини” айтган эди.

Бу жисмоний тажовуз ўқувчиларни шокка солган. Ота -оналар ўшандан бери қатор ташкилотларга мурожаат қилиб, директор ва синф раҳбарининг ишдан олинишини талаб қилиб келмоқдалар.

Ота-оналар: Мактаб раҳбарияти ва ўқитувчи болаларимизга босим кўрсатишда давом этмоқда

Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ота-оналарнинг бу талабига 19 декабрда берган расмий жавоб хатида Озодликка Халқ таълими вазирлиги расмийси айтган жавобни – яъни ўқитувчига хайфсан берилганини билдириш билан чекланган.

Ўразимбет Қурбоновнинг айтишича: ”Бу воқеадан мактаб директори ҳам, синф раҳбари ҳам хулоса чиқармаган ва ота-оналари Озодликка ҳамда вазирликка хат ёзган ўқувчиларга турли йўллар билан босим кўрсатишда давом этган”.

Суҳбатдошимизнинг билдиришича, ота-оналар Омбудсманга хат жўнатганларидан бир ҳафта ўтиб, синф раҳбари (исм-фамилияси Озодликка маълум -муаллиф) дарс пайтида хат ёзган ота-оналарнинг фарзандларини ўрнидан турғизиб олиб, ярим соат давомида изза қилган.

«У болаларимизга «Ота-оналаринг қўлидан келганини қилсин, менга ҳеч нарса қила олишмайди» қабилидаги сўзларни айтиб, бақир-чақир қилган. Қизларимиз йиғлаб, уйга келишди. Бир қизнинг кичик синфда ўқийдиган укасига ҳам ўқитувчилар мана шунга ўхшаш босимларни қилишаяпти. У бола мактабга боришдан қўрқиб қолган», деди ота-оналардан бири.

Ўқувчиларнинг сочини мажбурлаб қирқиш жисмоний тажовуз эмасми?

Ота-оналар болаларига ҳимоя сўраб, Омбудсманга ноябрь ойи охирида киритган аризаларини Омбудсман Халқ таълими вазирлигига жўнатган. Вазирлик хатни Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасига юборган. Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси аризачи ота-оналарга 2019 йил 19 декабрда юборган жавоб хатида “ўқитувчининг ҳайфсан олганини” айтиш билан чекланган.

Озодликка тақдим этилган мазкур ҳужжатда айтилишича, бошқарма мактабда текширув ишларини ўтказган ва ҳақиқатан ҳам “ўқувчилар ва ўқитувчи ўртасида 9 сентябрь куни мактабда ўзини тутиш ва ташқи кўриниш юзасидан инцидент бўлиб ўтгани тасдиқланган”.

“Ўқитувчи томонидан ўқувчиларга нисбатан тажовуз бўлмаган. Ўқувчилардан ҳеч бирига тан жароҳати етмаган. Аксинча, ўқувчининг тажовузи туфайли ўқитувчининг бармоғи шикастланган”, дейилади расмий хатда.

- Ўқитувчи болаларнинг сочини қирққан. Бу жисмоний тажовуз бўлмай нима? Болалар индамай бундай хўрликка чидаб туриб беришлари керакмиди? Албатта, қаршилик кўрсатишлари табиий. Қизиғи шундаки, бу ҳолатда халқ таълими бошқармаси ўқитувчини эмас, ўқувчиларни айбдор қилаяпти. Келинглар, унда эртага ўқитувчининг қўлига болта берайлик. У синфга кириб: “Бошингни партага қўй, чопаман”, деса, ўқувчи қўйдай бошини кундага қўйиб бериши керакми? Шунда тўғри бўладими?- деб савол қўяди Ўразимбет Қурбонов.

Ота-оналар: Вазирликдан ўқитувчиларни болалар ҳуқуқига ўқитишни талаб қиламиз

Озодлик суҳбатлашган ота-оналар Халқ таълими вазирлигидан мактабни “аҳлоқ полицияси”га айлантирмасликни ва ўқитувчиларни болалар ҳуқуқи бўйича ўқитишни ҳам талаб қилмоқдалар.

“Хабарларда “халқаро ташкилотлар Ўзбекистонга халқ таълими тизими учун 50 миллион долларми, 60 миллионми грант берди”, деган гапларни ўқиб қоламиз. Аммо бу грантлар мактаб “аҳлоқ полицияси” функциясидан воз кечиб, билим бериш сифатини яхшилаган тақдирдагина, мактабда болалар ҳуқуқларига риоя қилингандагина ўз самарасини беради деб ҳисоблаймиз. Ўқитувчилар учун бола ҳуқуқлари бўйича махсус курсларни ташкил этиб, уларнинг малакасини ошириш лозим”, дейдилар ота-оналар.

Мактаб директори яна Озодлик билан гаплашишни истамади

Озодлик радиоси ота-оналарнинг иддаолари юзасидан саволларга жавоб олиш мақсадида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 27-ўрта мактаб директори Шоҳиста Ракипова билан боғланишга муваффақ бўлди.

Бироқ телефон қилишдан мақсадимизни билганидан сўнг, Озодлик билан мулоқот қилишни истамаслигини билдирган тарзда мулоқотни узиб қўйди.

2 январь дам олиш куни бўлгани муносабати билан Обмудсман ва Халқ таълими вазирлиги расмийлари билан боғланиш имкони бўлмади.

Озодлик радиоси ота-оналар кўтарган мазкур масалалар ва таклифлар юзасидан Обмудсман ва Халқ таълими вазирлигининг муносабатини кутиб қолади.

XS
SM
MD
LG