Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:21

Ташқи ишлар вазирлигининг руҳий хаста собиқ мулозими ДХХ томонидан давлатга хиëнатда айбланмоқда


Ташқи ишлар вазирлигининг давлатга хоинликда айбланаëтган собиқ мулозими Қодиржон Юсупов.
Ташқи ишлар вазирлигининг давлатга хоинликда айбланаëтган собиқ мулозими Қодиржон Юсупов.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг юқори лавозимли собиқ мулозими Қодиржон Юсупов Давлат хавфсизлик хизмати томонидан “давлатга хоинлик қилиш”да айбланмоқда.

Яқинларининг айтишича¸ узоқ йиллардан бери руҳий хасталикдан азият чекиб келаëтган 67 яшар Юсупов 2018 йилнинг 3 декабрь куни тонгда Тошкент метрополитенининг Пушкин бекатида ўзини поезд остига ташлаган, аммо тасодиф билан омон қолган.

Бошидан қаттиқ лат еган собиқ дипломат¸ оила-аъзоларига кўра¸ бу воқеадан кейин тушиб қолган руҳий транс ҳолатида “ўзининг Ғарб давлатларининг жосуси” экани ҳақида алжирай бошлаган ва касалхонага етиб келган ДХХ ходимлари ана шу “иқрор” асосида унга қарши жиноий иш очиб¸ собиқ мулозимни Жиноят Кодексининг 157-моддасида кўзда тутилган жиноятда айбламоқда.

Яқинларига сўнгги марта 9 декабрь куни касалхонада кўрсатилган Қодиржон Юсупов¸ 10 декабрь куни ДХХ тергов изоляторига ўтказилган. Шундан бери унинг саломатлиги¸ қўйилаëтган айблов моҳияти ҳақида яқинларига ҳеч қандай маълумот берилмаëтир¸ оиласи ëллаган адвокатнинг уни ҳимоя қилиши ҳам рад этилган.

Юсупов ишини тергов қилаëтган ДХХ терговчиси Озодлик билан суҳбатда бу ҳақда изоҳ берилмаслигини¸ Ўзбекистон Бош прокуратураси эса “ишнинг процессуал қонунчиликка мувофиқ олиб борилаëтганини” билдирди.

Суиқасд уриниши

2018 йилнинг 3 декабрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ўз расмий сайтида:

Бугун, 3 декабрь куни тахминан соат 8.45 да «Пушкин» метро бекатидаги темирйўл релсларига 67 ёшли киши йиқилиб тушди. ИИБ ходимлари шу заҳотиёқ метро электропоездини тўхтатиб, жабрланган кишига ёрдам кўрсатишди. Йиқилган киши енгил тан жароҳатлари олган. Ҳодисага аниқлик киритилмокда”¸ деган хабар эълон қилди.

Озодликка боғланган яқинларига кўра¸ “темирйўл рельсларига йиқилиб тушган 67 яшар шахс” Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг юқори лавозимли собиқ мулозими Қодиржон Юсуповдир.

Қодиржон Юсупов 3 декабрь кунги суиқасд уринишидан сўнг касалхонага олиб келинган.
Қодиржон Юсупов 3 декабрь кунги суиқасд уринишидан сўнг касалхонага олиб келинган.

Юсупов¸ Ўзбекистон республикасининг Австрия¸ Буюк Британия ва яқин Шарқ мамлакатларидаги элчихоналари¸ шунингдек мамлакатнинг БМТ ва ЕХҲТдаги доимий ваколатхонасида ишлаган¸ 2002-2005 йилларда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматини бошқарган¸ 2009 йилда ТИВ тизимидаги фаолияти узайтирилмаган.

3 декабрь куни Қодиржон Юсупов¸ оиласининг Озодликка билдиришича¸ темир йўлга тасодифан йиқилиб тушмаган¸ балки ўзини ўлдириш мақсадида ўзини метро поезди тагига ташлаган.

Қодировнинг Лондонда яшайдиган ўғли Бобурнинг айтишича¸ 2 декабрь кунги телефон суҳбатида отаси ўзининг қаттиқ тушкунликда экани¸ бир ҳафтадан бери уйқусизликдан азият чекаëтганини айтган.

Эрталаб бу воқеа бўлган¸ ўзини Тошкент ИИБси ходими деб таништирган шахс уйимизга бориб¸ бир соат сўроқ-жавоб қилган ва фақат 12 ларга яқин отамнинг поезд тагидан қутқариб олиниб¸ касалхонага ëтқизилганини хабар қилган. Кузатув камерасидаги ëзувдан отамнинг поезд тагига сакрагани кўрилади. Аммо улар буни суиқасд эмас¸ балки тасодифий бахтсиз ҳодиса¸ деб расмийлаштирган”¸ дейди Бобур Юсупов.

Руҳий хасталик

Яқинларига кўра¸ Юсупов 1995 йилдан бошлаб қаттиқ руҳий касаллик – шизофрениядан азият чекиб келади.

Дадам Ўзбекистоннинг ЕХҲТдаги вакили сифатида 1994 йил декабрида ЕХҲТ саммитига тайëргарлик учун масъул бўлган. Будапешт саммитига Каримов келган¸ стресс жуда қаттиқ бўлган. Биринчи тутқаноқ шу саммитдан кўп ўтмай 1995 йилда бўлган¸ ўшанда махсус консилиум қилиниб¸ россиялик мутахассис шизофрения аломатлари борлигини айтган. Аммо ишини йўқотмаслик учун оиламиз бу касалликни яширишга уриниб келишган”¸ дейди Юсуповнинг 34 яшар ўғли Бобур.

Юсуповнинг Тошкентдаги яқинлари 3 декабрь кунги воқеа айнан шизофрениянинг янги тутқаноғи турткисида бўлганини айтади.

Укам ва синглим дадамни кўриш учун Тошкентдаги 4-клиникага боришганда¸ у жудаям қаттиқ руҳий ҳаяжонда бўлган. Устига-устак¸ рельсга йиқилганида у поезд тагига боши билан йиқилиб¸ мияси чайқалган¸ елка суяги синган. Бир ҳафта умуман мижжа қоқмагани¸ ўзини поезд тагига қандай отганини эслай олмаганини айтган. Укам айтилган дориларни олиб келиш учун чиққанида¸ палатага иккита ДХХ ходими келган сўроқ-жавоб учун. Дадам уларга гўë “мен Ғарб давлатларига жосуслик қиламан¸ улар менга ойига 1000 доллар беради”¸ деб иқрор бўлган”¸ дейди Бобур Юсупов.

Суҳбатдошга кўра¸ ДХХ ходимлари галлюцинация ҳолатидаги одамнинг алжирашини жиддий қабул қилган - шундан сўнг нафақат Қодиржон Юсупов¸ балки унинг Тошкентда яшовчи кенжа ўғлининг барча электрон жиҳозлари¸ лаптоп¸ телефонлари олиб кетилган ва кўп ўтмай собиқ дипломатга Жиноят Кодексининг 157-моддаси бўйича жиноий иш очилган.

4 декабрь куни 16-касалхонага ўтказилган Қодиржон Юсуповни бу ерда операция қилишган¸ 10 декабрь куни эса¸ ДХХ Тегов изоляторига ўтказишган.

Ўшандан бери дадамга нима бўлгани¸ унинг соғлиғи қандайлигини билмаймиз. Оиламиз тошкентлик адвокат Аллан Пашковскийни ëллади. Аммо дадамга “бу адвокат хизматидан фойдаланмайман” деган хатга қўл қўйдириб¸ унинг хизматига рухсат беришмади. Давлат тайинлаган адвокат эса¸ “ҳеч нарса қилиб бўлмайди¸ отанг айбдор¸ камида 13 йилга кетади”¸ дейишдан бошқа нарса қилмади. Бу одам¸ хавфсизлик хизматларининг “чўнтак адвокати”¸ дейди Қодиржон Юсупов яқинларидан яна бири.

Собиқ дипломат Қодиржон Юсуповга очилган жиноят ишининг “унинг иқрори”дан ташқари яна нималарга асосланганини аниқлаш мақсадида Озодлик Юсупов ишини тергов қилаëтган ДХХ катта терговчиси Антон Ким билан боғланди. Қисқа телефон суҳбатида мулозим бу иш бўйича изоҳ берилмаслигини таъкидлаш билан чекланди.

Қодиржон Юсупов яқинларининг Озодликка билдирган хавотир ва эътирозларига муносабат билдирган Ўзбекистон Бош прокуратураси эса “Қ.Юсупов тергов органига ёзма мурожаат этиб ЖПКнинг 52-моддаси нормаларига риоя қилинган тартибда ихтиëрий равишда воз кечган. Буни тасдиқловчи процессуал ҳужжатлар мавжуд”лигини маълум қилди.

Прокуратура жавобида “ҳимоя ҳуқуқидан воз кечиш ҳам худди ҳимоя ҳуқуқининг ўзи каби айбланувчининг процессуал ҳуқуқи” экани айтилади.

Аммо яқинлари¸ бу жараëнда ЖПК 52-моддаси иккинчи қисми бузилгани¸ хусусан¸ Юсупов билан учрашишига узоқ вақт рухсат берилмагани ва бор-йўғи бир марта бўлган учрашувнинг яккама-якка ўтмаганини таъкидлайди.

"Дадам адвокатни кўрмай туриб¸ 27 декабрь куни унинг хизматини истамаслиги ҳақидаги хатга қўл қўйган¸ унинг адвокат билан биринчи ва ҳозирча ягона учрашуви эса 4 январь куни бўлган. ЖПК 52-моддаси 2-қисмига кўра¸ адвокат хизматидан фақат у билан яккам-якка учрашувдан кейингина воз кечиш мумкин. Бу ҳолатда дадамга психологик босим ўтказилгани шундоққина кўриниб турипти"¸ деб шарҳлади вазиятни Бобур Юсупов.

Ирсий касаллик

Руҳий хасталик¸ яқинлари эътифича¸ Юсуповлар оиласида ирсий касаллик ва Қодиржон Юсуповнинг акаси Ботиржон Юсупов 2015 йилда шизофрения оқибатида вафот этган.

Қодиржон Юсуповнинг акаси 2015 йилда вафот этган ва ўлимга "шизофрения асорати" сабаб бўлгани ëзилган.
Қодиржон Юсуповнинг акаси 2015 йилда вафот этган ва ўлимга "шизофрения асорати" сабаб бўлгани ëзилган.

Юсуповлар оиласи Ботиржон Юсуповнинг ўлимига шизофрения сабаб бўлганига оид расмий ўлим тўғрисидаги гувоҳнома¸ қолаверса¸ унинг врач назоратида тургани ва руҳий хасталикдан азият чекиб келгани ҳақидаги мутахассислар хулосани тақдим қилди.

Қодиржон Юсуповнинг йиллардан бери руҳий хасталикдан азият чекиб келганини тасдиқловчи тиббий хулосалардан бири нусхаси.
Қодиржон Юсуповнинг йиллардан бери руҳий хасталикдан азият чекиб келганини тасдиқловчи тиббий хулосалардан бири нусхаси.

Дадам 2011 йилдан бери мунтазам психиатр назоратида туради. Мунтазам равишда Севпрам деган психтроп дори ичади. Европада бу дорининг аналоги Ciralex деб аталади. Ичмаса¸ галлюцинация¸ суицид кайфиятига тушади. Шизофрения тутқаноғи баъзи-баъзида тутиб туради¸ бошқа пайт асабийлик ва жирракиликни ҳисобга олмаса¸ нормал юради”¸ дейди Бобур Юсупов.

Юсупов яқинлари¸ Қодиржон Юсуповнинг ДХХ изоляторида бу дори билан таъминланган-таъминламаганидан бехабарлиги¸ агар бу дори 1-2 кун берилмаса¸ отасининг галлюцинация ҳолатига тушиб¸ алжирашидан қаттиқ хавотирда эканини айтади.

Бунақа алжираш пайтида у Ғарб агенти у ëқда турсин¸ ўзини Худо ë пайғамбар дейишдан ҳам тоймайди”¸ дейди Юсупов яқинлари.

Озодликка маълум бўлишича¸ Қодиржон Юсупов¸ 2009 йили Венадаги хизмат ваколати тугаб Тошкентга қайтгандан сўнг¸ Ташқи ишлар вазирлиги хизматидан чиқарилган ва кейинги 10 йил давомида давлат сирига оид тизимларда ишламаган.

Дадам ниҳоятда эҳтиëткор одам эди. У Ўзбекистон ҳақида ҳеч қачон негатив гапирмаган¸ дипломат сифатида билганларини сир тутган. 157-моддада “давлатга хоинлик қилиш давлат сирларини чет элдагиларга етказиш ëки Ўзбекистонга атайлаб душманлик қилиш” деб таснифланган. Дадам бунақа сирга алоқадор бўлмаган бўлса¸ қайси сирни кимга сотиши мумкин?” дейди Бобур Юсупов.

Айни пайтда яқинлари¸ Юсуповнинг “пенсиядаги аналитик” сифатида бирор таҳлилий мақола ëзган бўлиш эҳтимолини инкор қилмаслиги¸ аммо бундай мақолани “пенсионер кундалиги”дан бошқа нарса деб аташ кулгули бўлишини таъкидлайди.

Вазият қандайдир трагиккомедияга ўхшайди. Шизофренияга йўлиққан собиқ дипломат ўзини “Ғарб шпиони” деб таништиради ва ДХХ терговчилари “катта жосус ва хоинни фош қилдик” деб очко олмоқчи¸ ўзини зўр ишлаëтгандек қилиб кўрсатмоқчи. ДХХда кадрлар остин-устун бўлиб кетган ҳозирги даврда дадамнинг тақдири ана шундай майда амбицияларга қурбон бўлиб кетишидан хавотирдамиз”¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Бобур Юсупов.

Юсуповлар оиласи Қодиржон Юсупов тақдирига эътибор қаратиш¸ хусусан¸ унинг тутқунликдаги ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиши¸ оиласи тайинлаган адвокат ва яқинлари билан кўришишига рухсат берилиши таъминланишида ëрдам сўраб¸ БМТ¸ ЕХҲТ¸ ЕИ каби халқаро тизимлар ва инсон ҳақлари ташкилотларига мурожаат қилган.

Ҳозирча жараëннинг боришида¸ Юсуповлар таъкидича¸ ҳеч қандай ижобий ўзгариш йўқ – ДХХ терговчиси Қодиржон Юсуповнинг яна камида икки ой ҳибсхонада қолиши ва ундан сўнг иш судга оширилишини билдирган¸ холос.

Жиноят Кодексининг 157-моддасида кўзда тутилган жиноятнинг содир этилгани судда исботини топса¸ судланувчи “ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

XS
SM
MD
LG