Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:49

Пиёз можароси: Тошкентда 11 бозорқўм икки ойдан бери ҳибсда қолмоқда


Жорий йил 30 июнь куни Тошкентдаги камида 11 та бозорнинг раҳбари “Тошбозорсавдо” ташкилотида ўтаётган мажлис пайти ҳибсга олингани Озодликка 20 август куни маълум бўлган эди.

Бош прокуратура мулозимига кўра, бозорлар раҳбарлари устидан давлат заҳирасидаги пиёзнинг чириб кетгани учун жиноят иш қўзғатилган.

Мажлис пайти ушланган бозорқўмлар

30 июнь куни Тошкент шаҳар бозор ва савдо комплекслари уюшмаси -"Тошбозорсавдо"да ўтаётган мажлис пайтида пойтахт бозорларининг раҳбарлари ёппасига ҳибсга олинган.

Бу ҳақда Озодликка 20 август куни хабар қилган ҳибсдагиларнинг яқинларига кўра, ҳибсга олинганлар сони камида 11 нафар бўлиб, улар қарийб икки ойдан бери Ички ишлар вазирлигининг тергов изоляторида ҳибсда сақланмоқда. Пойтахтдаги бозор раҳбарларидан бирининг ўғли исмини очиқламаслик шарти Озодликка бундай деди:.

“Дадамни 30 июнь куни “мажлис бўлади” деб, “Тошбозорсавдо”га алдаб чақириб, ҳибсга олишган. Дадамдан ташқари яна ўн киши бор. Ўша куни мажлис эрталабки соат 10 да бошланган, ярим соатдан сўнг прокуратура ходимлари келиб, мажлисдаги ҳаммани машинасига босиб, олиб кетган. Буни дадамни кўчада кутиб ўтирган ҳайдовчимиз кўриб, бизга хабар берди”.

Бошқа бир бозор раҳбари хотинининг Озодликка айтишича, ушбу воқеадан икки ҳафта аввал прокуратура томонидан эрининг паспорти олиб қўйилган бўлган:

“Ҳибсга олишидан аввал ҳам роса сарсон қилишди. Деярли ҳар куни прокуратурага чақиришди. Ҳибсга олишидан икки ҳафта аввал ҳеч қаерга қочиб кетмасин деган маънода паспортини ҳам олиб қўйишди. Ҳибсга олинган бошқа бозорқўмларнинг аёллари билан гаплашдим. Уларнинг эрларининг ҳам паспортлари олиб қўйилган экан”.

Бозорқўмларга чириган пиёз можароси бўйича иш очилган

Ҳибсга олинган бозорқўмларга давлат бюджетига 12 миллиард сўм (тақрибан 1,5 миллион доллар) дан зиёд зарар келтириш айби қўйилаяпти.

Жорий йил баҳорида Тошкентда сифатини йўқотган қарийб 3000 (уч минг) тонна пиёз бепул тарқатилган эди. "Тошбозорсавдо" мулозимларидан бирининг Озодликка айтишича, ўндан зиёд бозорчининг ҳибсга олиниши айнан ушбу воқеа билан боғлиқ:

“Ҳибсга олинган бозорқўмларга давлат бюджетига 12 миллиард сўм (тақрибан 1,5 миллион доллар) дан зиёд зарар келтириш айби қўйилаяпти. Масалан, Бек тўпи бозори раҳбари Ботир Тошматов 3,3 миллиард сўмга 2 минг тоннага яқин пиёз харид қилган. Чорсу буюм савдо комплекси раҳбари Иброҳим Собиров 820 тоннадан зиёд пиёзни заҳирада сақлаш учун харид қилган. Унга бунинг учун 1 миллиад 400 миллион сўмга яқин маблағ берилган. Ўтган кузда заҳира учун бозорларга жами 12 миллиард сўм пул ажратилган. Бу пулга олинган пиёз баҳорга келиб, чириб кетди. Бозорқўмлар кўрилган зарарни текшириш пайти қамоққа олинди”.

"Тошбозорсавдо" мулозимларидан бирининг айтишича, ҳибсга олинганлар орасида, Ўрикзор савдо комплекси, Чилонзор буюм савдо комплекси (Ипподром), Бек тўпи савдо комплекси, Чорсу буюм бозори, Сергели автомобиль бозори, Юнусобод деҳқон бозори, Эски жўва деҳқон бозори каби пойтахтдаги йирик бозорларнинг раҳбарлари бор.

Бу маълумотларни Ўзбекистон Бош прокуратураси мулозими тасдиқлади. Унинг Озодликка айтишича, пиёз можароси билан боғлиқ ҳибсга олинганларга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) ва бошқа бир қанча моддалар бўйича жиноий иш қўзғатилган бўлиб, ҳибсдагилар сони яна ошиши мумкин.

“Айбланувчиларнинг доираси ҳали якуний эмас. Тергов йўли билан аниқланаяпти. Ҳозирда иш дастлабки тергов босқичида”, деди мулозим.

Ушбу жиноят ишини Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси ходимлари тергов қилаяпти.

Пиёз можароси ва бозорқўмлар

Эътибор қилган бўлсангиз, ҳибсга олинганлар орасида ноозиқ-овқат бозорлари раҳбарлари ҳам бор. Жумладан, Ипподром, Чорсу буюм бозори ва ҳатто Сергели автомобиль бозори раҳбари ҳам бор.

Бу сафар бюджет пули бўлгани учун шов-шув катта бўлди

“2013 йилдан бошлаб озиқ-овқат маҳсулотларини заҳирага ғамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бу вазифа озиқ-овқат маҳсулотлари бозорлари зиммасига юклатилди. Ҳар йили бозорлар ўз ҳисобидан кредит олиб, картошка-пиёзни заҳирага ғамлаб келган. Ҳар йили баҳорда бозорлар заҳирага сарфлаган ҳаражатларини қоплай олмай, зарар кўриб келган. Олинган кредитлар қайтарилмади. 2017 йили банклар бозорларга кредит бермаслигини айтди. Шундан кейин заҳиралар учун пул давлат бюджетидан ажратилди ва пойтахтдаги барча йирик бозорларга омборларида заҳирага озиқ-овқат ғамлаш буюрилди. Одатдагидек, баҳорга келиб яна зарар кўрилди, бироқ бу сафар бюджет пули бўлгани учун шов-шув катта бўлди”, дейди Тошбозорсавдо ташкилоти мулозими.

Тошкентдаги йирик бозорлардан бирининг ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, бозор омборхонаси озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашга мўлжалланмагани учун улар пиёзни сақлай олишмаган:

“Пиёзни сақлашнинг ўзига яраша қонун-қоидалари бор. Маълум бир температура бўлиши лозим. Ҳаво кириб турадиган, сквозняк бўлиб турадиган жой керак. Омборхонамизда бунақа шароит йўқ. Ўзлари қарор чиқариб, мажбурлаб беришди. Энди эса бизни айблаб, кўрилган зарарни биздан ундириб олишмоқчи”.

Пиёз можароси хроникаси

Озодликка тақдим қилинган ҳужжатларга кўра, бозорларга пиёз заҳирасини топшириш билан боғлиқ бир қанча қарор қабул қилинган.

Дастлаб Ўзбекистон президентининг 2017 йил 20 октябрдаги “2017-2018 йиллар қиш-баҳор фаслида республика аҳолисини ва ижтимоий соҳа муассасаларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турлари билан кафолатли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3345-сон қарори қабул қилинди.

26 октябрда Тошкент шаҳар ҳокимининг ушбу қарор асосидаги 1443- сонли фармойиши чиқди.

14 ноябрда Вазирлар Маҳкамасида бу борада йиғилиш ўтказилди.

Яна Тошкент шаҳар ҳокимининг 20 ноябрь, 29 ноябрь ва 1 декабрдаги фармойишлари чиқди.

Бозорлар баҳорда заҳирадаги маҳсулотни сотиб, пулини 2018 йил 1 июнгача қайтариши лозим эди.

“Шу ҳужжатлар асосида давлат бюджетидан 12 миллиард сўмдан кўпроқ миқдордаги пул ажратилиб, бозорларнинг катта- кичиклигига қараб бўлиб берилди. Бозорлар баҳорда заҳирадаги маҳсулотни сотиб, пулини 2018 йил 1 июнгача қайтариши лозим эди. Бироқ баҳорда пиёзлар чирий бошлагач муаммо юзага келди”, деди "Тошбозорсавдо" мулозими.

Озодликдаги мавжуд ҳужжатларга кўра, бозорлар раҳбарлари февраль ойида мутасадди ташкилотларга чиқиб, бозорда пиёз нархининг паст бўлаётгани ва пиёзларни сақлаш имкони бўлмаётгани учун амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишган.

“Бироқ бизнинг ёзма мурожаатларимиз барчаси эътиборсиз қолдирилди. Март ойи охирига келибгина пиёзни сотишга рухсат берилди. Бироқ уже кеч бўлганди. Пиёз почти чириб бўлганди. Шу боис бюджет идораларига сотишга тўғри келди”, деди пойтахт бозорларидан бирининг ходими.

Кўкариб кетган пиёз Тошкентда ўқитувчиларга пулланаётгани тўғрисида Озодлик 3 апрелда хабар қилди ва эртасига Тошкент шаҳар ҳокимлиги пиёзни бепул тарқатиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Бозорлар омбохоналарида чириб ётган пиёзни бепул сотиш учун Тошкент шаҳар ҳокими, Тошкент шаҳар прокурори, Ички ишлар вазири ўринбосари –Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, Тошкент шаҳар ДСБ бошлиғи ҳамда Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси 2018 йил 4 апрель куни қўшма Қарорни имзолади.

Қарор “баҳор фасли эрта келганлиги, ҳаво харорати кескин исиб кетиши оқибатида тегишли мутасадди идораларнинг захирага ғамланган пиёзнинг сифати ўзгариши мумкинлиги ҳақидаги хулосаларини инобатга олиб, шунингдек ортиқча исрофгарчиликнинг олдини олиш мақсадида” қабул қилингани таъкидланди.

Шу билан чириган пиёз муаммоси тугагандай бўлди. Бироқ бозорлар маъмурияти 2018 йил 1 июнга қадар бюджетдан олган пулларни қайтариши лозим эди. Бозорлар белгиланган муддатда пулни қайтармагач, июнь ойи ўрталарида Бош прокуратура текшириш бошлади ва текшириш натижасида бозор раҳбарлари ҳибсга олинди.

Ҳибсдагилар яқинлари: Зарарнинг 10 фоизини тўлаган чиқади, деб алдашди

Озодликка боғланган ҳибсдагилар яқинлари иддаосига кўра, аввалига кўрилган зарарнинг 10 фоизини қоплаганни озод қиламиз деб ваъда берилган, бироқ бу пулни тўлаганлар ҳам кейин қайта ҳибсга олинган:

“Биз ҳибсдагиларнинг қариндошлари ҳаммамиз бир-биримиз билан алоқадамиз. Шунинг учун ким қанча берди, ким нима қилаяпти, ҳаммасидан хабардормиз. Бошида кўрилган зарарнинг 10 фоизини тўлаганни озод қиламиз дейишди. Кейин Сергели автомобил бозори, Ипподром ва Ўрикзор бозорлари раҳбарлари шу пулни беришгач, уларни чиқариб юборишди. Лекин орадан 1-2 кун ўтгач уларни яна қамаб қўйишди. Чорсу билан Юнусобод бозорлари раҳбарлари ҳам бу пулни беришди, бироқ уларни умуман чиқаришмади. Биз эса бунча пулни топа олмадик. Бироқ дадам бизга уйимизни сотиб, пулини беришимизни айтган. Буни дадам адвокат орқали бизга етказди. Энди уйимизни сотсак керак”.

Бошқа бир суҳбатдошимиз эса, ҳибсдагилар билан учраштирилмаётганидан шикоят қилди:

Пиёзини ўзлари мажбурлаб беришди. Энди эримни айбдор қилишмоқчи.

“Эримнинг давленияси бор. У ерда яна инсульт бўлганлар бор. Тиббий муоалажага муҳтожлар кўп қамалганлар орасида. Бизни учраштирмаяпти. Икки ой бўлиб қолди. Нима гаплигини ҳам билмаймиз. Эрим одам ўлдирган жиноятчи бўлмаса, пиёзини ўзлари мажбурлаб беришди. Энди эримни айбдор қилишмоқчи. Аслида бошидан заҳира масаласини яхшилаб режалаштирмаган мутасаддилар айбдорку?!”

XS
SM
MD
LG