Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:21

Озодлик хабари ортидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги пиёзни бепул тарқатишга қарор қилди


“Тошкент шаҳри аҳолисини ва ижтимоий соҳа, коммунал ва хизмат кўрсатувчи, ҳарбий муассасалар ва уларнинг ҳодимларини бепул пиёз билан таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Тошкент шаҳар ҳокими, Тошкент шаҳар прокурори, Ички ишлар вазири ўринбосари –Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, Тошкент шаҳар ДСБ бошлиғи ҳамда Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси 2018 йил 4 апрель куни қўшма Қарорни имзолади”, деб хабар қилди Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайти 4 апрель куни.

Ҳокимлик Ахборот хизматига кўра, мазкур қарор “Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 20 октябрдаги “2017-2018 йиллар қиш-баҳор фаслида республика аҳолисини ва ижтимоий соҳа муассасаларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турлари билан кафолатли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3345-сон қарорига мувофиқ” қабул қилинган.

Қарор, шунингдек, “баҳор фасли эрта келганлиги, ҳаво харорати кескин исиб кетиши оқибатида тегишли мутасадди идораларнинг захирага ғамланган пиёзнинг сифати ўзгариши мумкинлиги ҳақидаги хулосаларини инобатга олиб, шунингдек ортиқча исрофгарчиликнинг олдини олиш мақсадида” қабул қилинган.

Қўшма қарорга биноан, Тошкент шаҳри аҳолисини ва ижтимоий соҳа, каммунал ва хизмат кўрсатувчи, ҳарбий муассасаларга захира сақловида мавжуд бўлган пиёз махсулотининг бепул етказиб берилишини ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилгани;

бепул пиёзнинг ўз вақтида, тўлиқ ва манзилли етказиб берилишида муассаса ва маҳаллалар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги белгилангани;

Давлат санитария-эпидемология назорати маркази, Тошкент шаҳар ветеринария бошқармаси, Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан бепул тарқатилаётган пиёз маҳсулотининг сифати бузилмаган ҳолда етказилиши назоратга олингани айтилган Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати баёнотида.

Ҳокимликнинг пиёзга оид қарори тўғрисидаги хабари Озодлик “Тошкент шаҳар ҳокимлиги захирасидаги кўкарган пиëзни ўқитувчиларга пулламоқда”, деган сарлавҳа остида 3 апрелда эълон қилган мақола ортидан пайдо бўлди.

Мақола ижтимоий тармоқларда “Ҳокимликнинг чириган пиёзини олган бўлардингизми?” сарлавҳаси остида эълон қилинган.

Ҳокимликнинг “Тошкент шаҳар ҳокимлиги захирасидаги кўкарган пиёзни ўқитувчиларга пуллаётгани рад этилди”, деган сарлавҳа остидаги хабарида бундай дейилган:

“2018 йилнинг 3 апрель куни хорижий нашрларда хусусан Озодлик радиоси орқали тарқатилган “Ҳокимликнинг чириган пиёзини олган бўлардингизми?” номли мақола нашр этилди.

Хабарда 2018 йил 30 мартдан Тошкент шаҳридаги халқ таълими бўлимлари мактаб ўқитувчиларига мажбуран пиёз сотилаётганлиги, шаҳар ҳокимлиги заҳирасидаги пиёз кўкариб¸ чирий бошлагани боис бозорда ўтмаганидан уни ўқитувчиларга сотиш билан боғлиқ нотўғри ахборот берилган”.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўра, пиёз 4 апрелгача мактаб ўқитувчиларига мажбурий сотилмаган, балки улар пиёзни савдо ярмаркаларида ўз ихтиёри билан сотиб олган.

“Жорий йилнинг 4 апрелига қадар туман халқ таълими бошқармаларида ихтиёрий савдо ярмаркалари ташкил қилиниб пиёзнинг нархи 800 сумдан сотилган.

Вазиятни ўрганган Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасадди вакиллари пиёзни талаб даражасида истеъмолга яроқли эканини ўз кўзлари билан кўрдилар”, дейилган Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати хабарида.

XS
SM
MD
LG