Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:46

Қашқадарёда ўқитувчи ва врачлар эски пиёзни бозор нархидан қиммат сотиб олишга мажбурланаяпти


Қашқадарё вилоят, Китоб туман Тиббиёт бирлашмаси раҳбари пайшанба кунги умумий йиғилишда ҳар бир шифокор ва ҳамшира вилоятдан юборилган пиёз ва картошкани камида 20 килограммдан сотиб олишга мажбур эканлиги ҳақида эълон қилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган врачларидан бири ўзи ўша мажлисда қатнашгани, раҳбарият бу маҳсулотларни сотиб олмаганларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилгани тўғрисида айтди.

Китоб туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи бу хабарни инкор қилмади.

Тумандаги қишлоқ врачлик пунктларидан бирининг исми ошкор этилмаслигини сўраган шифокори мажлисда ўзи иштирок этганини айтар экан, раҳбарлари уларнинг касбий фаолиятига умуман тегишли бўлмаган топшириқ берганини айтди:

“Одатда ҳар пайшанба куни эрталаб бизда ҚВПлар, касалхоналар врачлари, бош ҳамширалар иштирокида умумий йиғилиш бўлади. Бу мажлисда тиббиёт бирлашмаси бошлиғи антиқа топшириқ берди. Бу вилоят ва туман ҳокимининг буйруғи экан, яъни, бизга вилоятдан бир неча ўн тонна пиёз ва картошка келар экан ва ҳар бир врач, ҳамшира ва санитаркалар камида 20 килограммдан сотиб олиши керак. Агар сотиб олмасак, аризани ёзишимиз керак экан”, дейди ҚВП шифокори.

Унинг айтишича, қишлоқ врачлари ва ҳамшираларининг бу маҳсулотларга умуман эҳтиёжи йўқ:

“Масалан, мен қишлоқда яшайман, ўзимиз деҳқончилик қиламиз. Пиёзимиз ҳам картошкамиз ҳам бор. Қишлоқ жойда туриб ўзимиз етиштирамизку. Мана янги пиёзимиз ҳам бўп қолай деди. Бир ойдан кейин картошкамиз ҳам пишиб қолади. Менга нимага керак, эски, кўкаришни бошлаган пиёзни сотиб олиб. Уни ҳатто мол ҳам емайди. Кимларнингдир манфаати учун, бир ҳовуч маош оладиган шифокору ҳамшираларни чўнтагини охирги тангасигача қоқиш яхшими?”, дейди шифокор.

Китоб туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчи ҳам, улар 20 килограммдан пиёз сотиб олишга мажбур бўлганини айтди:

“Бизга керак бўлмаса ҳам, пиёз, картошкани олиб бўлдик, олмаганимизга қўйишмади. Энди навбат дўхтирларга келибди. Бу, менимча вилоят ҳокимига яқин одамлар жуда кўп пиёз ғамлаб қўйган, энди сотолмай ҳокимият орқали ўқитувчи ва шифокрларга ўтказяпти. Чунки бозорда пиёз бу йил жуда кўп. Нархи 500-800 сўм бўлиб ётибди. Бизга эса 1800 сўмдан ўтказишди. Картошка бозорда 3000 сўм, биз эса 3800дан иш ҳақимиздан ушлаб қолишар экан”, дейди ўқитувчи.

Китоб тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Ҳаким Саидов Озодликнинг мажлисда шифокорларга пиёз ва картошка сотиб олиш ҳақида топшириқ бергани ҳақидаги врачлар иддаосини инкор этмади.

Бош врач Озодлик саволини обдон эшитган, бир оз ўйланиб турди-да, бир соатдан сўнг қўнғироқ қилишимизни сўради.

Бироқ бир соатдан кейин ҳам, икки соатдан кейин ҳам Ҳаким Саидов Озодлик қўнғироқларига бошқа жавоб бермади.

Озодлик бундан сўнг Қашқадарё соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Дониёр Турсунов билан боғланиб, шифокорларга мажбуран пиёз сотилаётгани тўғрисида сўради.

Гарчи, Озодлик суҳбат давомида картошка тўғрисида сўрамаган бўлса ҳам, негадир Дониёр Турсунов картошкани ҳам қўшиб инкор қилди:

“Ҳеч қандай духтурларга, тиббиёт ходимларига пиёз ҳам, картошка ҳам тарқатиш бўйича кўрсатма берилмаган. Ҳеч кимга сотилган ҳам йўқ. Бу нотўғри маълумот”, деди Дониёр Турсунов.

Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг мулозими Беҳзод Жўраев шифокор ва ўқитувчиларга пиёз ва картошка тарқатиш бўйича ҳокимлик томонидан кўрсатма бермаганини айтаркан, бундай топшириқни "бошқа тизим" берган бўлиш эҳтимолини рад этмади:

“Ҳокимиятнинг бунга алоқаси йўқ. Ашар бошқа тизимлар томонидан бундай топшириқ берилган бўлса, билмадим”, деди Беҳзод Жўраев.

Ўзбекистонда бу йил пиёз ҳосили жуда ҳам кўп етиштирилгани учун ҳокимиятга яқин бўлган тадбиркорлар сотилмай қолган ва кўкаришни бошлаган пиёзни бюджет ташкилотлари ишчи ва хизматчиларига ўтказиш ҳаракатини қилмоқда.

Мақола якунига етаётган пайтда, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчидан ҳам Озодлик ушбу мазмундаги хабар олди:

“Яккабоғда ўқитувчилар ойлик маошидан пиёз, картошкага деб 32000 сўмдан мажбурий ушлаб қолиняпти”, деб ёзди ўқитувчилардан бири.

Айни пайтда мамлакатнинг бошқа ҳудуди - Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати тарқатган хабарга ногиронлар аҳволидан хабар олингани ва уларга бир қопдан ун ва пиёз тарқатилаётгани акс этган сурат илова қилинди.

Жиззах ИИБ ногиронларга пиёз тарқатмоқда
Жиззах ИИБ ногиронларга пиёз тарқатмоқда

XS
SM
MD
LG