Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:15

Касаллик тарихи. Москвада ишлаётиб коронавирусга чалинган самарқандлик йигит ҳикояси


Москвада коронавирусни юқтириб олган ўзбек муҳожири касалликни қандай юқтиргани ва у қандай кечаётганини Озодликка гапириб берди. Бир ҳафтадан буён Москвада даволанаётган самарқандлик бу муҳожир ўзи даволанган касалхонада жой тақчиллиги сезилганини айтди.

30 яшар самарқандлик Рустам бир неча йилдан буён Москвада ҳайдовчи бўлиб ишлайди.

COVID-19 касаллигининг Россияда ёйилиши ва мамлакатда ўзини яккалаш ҳолати жорий қилиниши унинг ишига деярли таъсир қилмади.

Аксинча, Рустамнинг Москвадаги озиқ-овқат етказиб берувчи ширкатларидан биридаги иши авж олди. Охирги бир ойда уйда ўтирган москваликларга озиқ-овқат етказиб бериш ишсиз қолган кўплаб меҳнат муҳожирлари учун асосий даромад манбаига айланди.

Бундан бир ҳафта олдин москвалик шифокорлар Рустамда “коронавирус” инфекциясини аниқлади.

Озодлик билан суҳбатда у касалликни қандай юқтириб олганини гапириб берди:

- Мен ўзим ҳайдовчиман - бозорлардан озиқ-овқат “доставка”си билан шуғулланаман. “Газель”да мен бозорларга, магазинларга ичимлик, сув, озиқ-овқат етказиб бераман. Шунда юқтириб олган бўлишим мумкин. 7 кун бўлди, касалхонада даволаняпман. Аввалига таъмни сезмай, ҳидни сезмай қолдим. Томоқ оғриб, йўтал тутди. Температурам 38 атрофида бўлди. Бутун баданим, оёқларим қақшаб оғриди. Ҳидни умуман сезмай қолдим!

Ўзбекистонлик йигит ҳозирда Москва касалхоналаридан бирида даволанаётгани ва касаллик қандай кечаётганини ҳам сўзлади. У касалликнинг илк аломатлари пайдо бўлиши биланоқ “Тез ёрдам” чақирган:

- Дарров “скорий” чақирдим. 3 марта келиб “Яхши, яхши!”, деб кетаверди, мен эса чақиравердим. Охири томоғимдан мазок олди. 9 апрель куни олган бўлса, 14 апрель куни хабари келди “тасдиқланди касаллик”, деб. 15 апрель рентгенга тушганимда чап томон нафас йўли 20 фоиз пневмония, бу енгил шакли экан. Менинг хонадош шеригимники оғир шакли - икки томонлама эди. У лекин тез даволаниб, 6 кунда чиқиб кетди! Мен ҳам анча дурустман ҳозир, Оллоҳга шукур, температура ҳам йўқ. Махсус дори йўқлиги учун антибиотик беради, ака. Капельница қўяди, Мукалтин бераркан. Ҳамма шифохонада ҳар хил даволар экан бу касалликни!

Рустам олдин бу касалликнинг мавжудлигига бироз скептик назар билан қарагани, аммо касалхонада кўргани вазият уни қўрқувга солганини айтди. У касаллар кўплигидан жой етишмаётганига гувоҳ бўлганини билдирди:

- Ака, касалхоналар тўлиб кетган! “Тез ёрдам” қаердан келса - ўша ерга олиб кетяпти. Ҳозир одам кўплигидан 38 ҳарорат билан ҳам олиб кетмаяпти, уйда қолдиряпти экан. “Уйда ётиб даволан!”, деяпти. Мен ўзим ҳаракат қилганим учун олиб келишди. Мен ётган жойда Қирғизистон, Ўзбекистондан - ҳар жойдан, миллатдан одамлар бор. Миллатчиликка ажратиш ёки “Сен мигрант экансан - қабул қилмаймиз!”, деган гаплар ёлғон ва сафсата гап. Врачларга раҳмат - унақа нарсанинг ўзи йўқ, ҳаммага бир хил қараляпти.

Рустамнинг айтишича, у билан бирга бўлган яна икки нафар хонадошида ҳам бу касаллик аниқланган. Шифокорлар касаллик аломатлари кўринмагани сабабли уларни уйда қатъий карантин ҳолатида қолдирган:

- Кимдир бу коронавирусни енгил ўтказар экан, кимдир оғир. Битта дўстим бақувват экан - унга юқмабди ҳеч нарса! Биттаси даволанди, айтганимдек. Учинчисида тасдиқланди вирус. Уни вирус ташувчи экан, бошқаларга юқтириб юраркан, лекин ўзига ҳеч нарса қилмас экан. Уни карантинга юборишди.

Рустам ҳозирча шифокорлар унинг касали қайтгани, ўпка ва нафас йўллари балғамдан тозаланаётганини айтганини сўзлади. Душанба куни у яна бир бор рентгенга тушиши ва ҳолатига врачлар ижобий ташҳис қўйишса, касалхонадан кетишини маълум қилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибияти берган маълумотича, хориждаги 73 нафар Ўзбекистон фуқаросида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Улардан 42 нафари Россияда, 11 нафари АҚШда, 6 нафардан Юнонистон ва Қозоғистонда.

Россия ҳукумати тарқатган сўнгги маълумотларга кўра, Россияда COVID-19 билан касалланганлар сони 63 мингга етди, 555 киши вафот этди.

XS
SM
MD
LG