Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:27

Россияда патент тўлаш ва регистрацияни узайтириш 15 июнгача тўхтатилди


Муҳожирлар патент тўловлари ва регистрацияни бекор қилиб туришни сўраган эди
Муҳожирлар патент тўловлари ва регистрацияни бекор қилиб туришни сўраган эди

Россия президенти Владимир Путин хориж гражданларига берилган ишга рухсатнома, регистрация, визалар муддатини автоматик тарзда 15 июнгача узайтириш тўғрисидаги қарорга имзо чекди.

Кремль расмий сайтида шанба куни эълон қилинган ҳужжатга кўра, ҳар қайси иш берувчи хориж гражданларини патентсиз ишга қабул қилиши мумкин.Шу кундан бошлаб, мигрантларни депорт қилиш ва олдин берилган миграция ҳужжатларини бекор қилиш тақиқланади.

Россия президенти меҳнат муҳожирлари томонидан кутилган ҳужжатга ниҳоят имзо чекди.

Коронавирус касаллиги тарқалиши олдини олиш мақсадида 18 апрель куни Владимир Путин хориж гражданлари ва гражданлиги йўқ шахсларнинг ҳуқуқий ҳолатига оид Қарор чиқарди.

Унга кўра, 15 мартдан 15 июнга қадар хорижликлар ва гражданлиги йўқ шахслар учун қайдга туриш (регистрация) ва ишга рухсатномаларни (патент) расмийлаштириш ва тўлаб бориш вақтинчалик тўхтатилди.

Қарорда барча бошқа миграция ҳужжатларининг амал қилиш муддати ҳам 15 июнгача музлатилгани айтилади.

Шу тариқа, 2020 йилнинг 15 мартидан 15 июнигача қуйидаги ҳужжатлар муддатлари вақтинчалик музлатилади:

- Россия Федерацияси ҳудудида муддати ўтган ва ўтиб бораётган хориж гражданлари ва гражданлиги йўқ шахсларнинг вақтинчалик ёки доимий яшашга рухсатномалари;

- Ватандошларни ўз ихтиёрига кўра кўчириш дастури (Государственной программы по оказанию содействия добровольному переселению в Российскую Федерацию) асосида Россияда ҳужжат расмийлаштирган ёки доимий яшаш рухсатномаси (ВНЖ)ни олган, аммо муайян сабабларга кўра хориж мамлакатларида қолиб кетган ва 6 ойлик муддат давомида Россияга қайтиб келиш имкони бўлмаган шахслар ва улар оилаларининг хорижда бўлиш муддатлари;

- Россия ташқарисига чиқиб кетиш тўғрисида суд қарорини қўлига олган, депортация ёки экстрадиция қилинган хорижликларнинг чиқиб кетиш муддатлари;

- виза, вақтинчалик яшаш рухсатномаси, доимий яшаш рухсатномаси, муддати ўтган ёки ўтиб бораётган миграция картаси, қочқинлик гувоҳномаси, қочқинлик олишга топширилган ариза эгалари, ишга рухсатнома ва патент, хориж гражданларини ишга ёллашга рухсатномалар муддатлари.

Жорий йилнинг 15 мартидан 15 июнига қадар Россиядаги ҳар қайси иш берувчи санитария-эпидемиология чора-тадбирларига қатъий риоя қилган ҳолда ишга рухсатнома ёки патенти бўлмаган ишчиларни ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлди.

Қарор 18 апрелдан бошлаб кучга кирди.

Россия президенти 2020 йилнинг 1 февралида муддати ўтган ёки 15 июлгача ўтадиган Россия паспортлари ва ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий деб ҳисобланиши тўғрисида махсус қарорга ҳам имзо чекди.

Озодлик Россиядаги қатор муҳожирлар ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва юристлар патент тўловлари ва регистрацияни вақтинчалик тўхтатиб туриш талаблари билан чиққани тўғрисида хабар берган эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияга меҳнат патенти тўлови муддатини узайтириш ва мажбурий ишсизлик сабабли патент тўловини амалга ошира олмаган ўзбекистонликларни маъмурий жавобгарликка тортмасликни илтимос қилиб нота жўнатганди.

Эпидемия тарқалиб бораётган Москва ва Москва вилояти ҳукуматлари 13 апрелдан 19 апрелгача қурилиш ишларини тўлиқ тўхтатган ҳам эди.

2019 йил натижаларига биноан, биргина Москва шаҳрида хориж гражданларига қарийб 464 минг ишга рухсат берувчи патент берилган. Бу пойтахт бюджетига 18,3 миллиард рубль (248 миллион АҚШ долл.) келтирди. Патент тўловчиларнинг ярмидан кўпи - Ўзбекистон гражданларидир.

XS
SM
MD
LG