Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:33

Айрим давлатларда карантинга қарши намойишлар бўлди. Одамлар иш жойларига қайтишни талаб қилмоқда (ВИДЕО)


АҚШдаги норозиларни президент Трамп қўллаб-қувватлади.
АҚШдаги норозиларни президент Трамп қўллаб-қувватлади.

Дунёнинг қатор мамлакатларида коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин чораларига нисбатан норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Энг кўп одамлар қатнашган намойишлар АҚШнинг айрим штатларида бўлди. Бошқа штатларда ҳам бу каби намойишларни ўтказиш режалаштирилган.

АҚШда ўтказилган норозилик намойишлари иштирокчилари иш ўринлари қайта тикланишини ва карантин чоралари юмшатилишини талаб қилмоқда. Норозиларни АҚШ президенти Дональд Трам қўллаб-қувватлади. У айрим штатлар губернаторлари “карантин чораларини жуда кучайтириб юборган”, деб ҳисоблайди.

Айни пайтда карантин чоралари юмшатилган ва намойишлар бўлиб ўтган штатларда СOVID-19га чалинганлар сони кўпайгани кузатилмода. Қўшма Штатлар шу кунгача коронавирус юқтирганлар сони энг кўп бўлган давлат бўлиб қолаётир. Бу ерда 800 мингдан кўпроқ одам коронавирусга чалинди. Беморларнинг 43 мингдан кўпроғи вафот этди.

Вашингтон штати губернатори Трампни карантин чораларини юмшатишга чақиргани учун кескин танқид қилди. Губернаторга кўра, Трамп бу билан аҳолини исён кўтаришга чақирмоқда ва коронавирусга чалинганлар сони кўпайишига омил яратмоқда.

Нью-Йоркда Трампга қарши бўлган фаоллар жавоб акцияларини ўтказишди. Улар Трампга тегишли бўлган бинолар олдига қопга солинган сохта жасадларни қўйиб пикет ўтказдилар.

Карантинга қарши митинглар Бразилияда ҳам ўтказилди. Бу намойишларни Бразилия президенти Жаир Болсонару қўллаб-қувватлади. Митинглардан бирида президент ёшларни карантин чораларига амал қилмасликка чақирди ва уларни иш жойларига қайтишга ундади.

Бразилияда шу кунгача 41 минг киши коронавирусга чалинган, 2,5 минг бемор ўлган.

Россиянинг Шимолий Осетия республикасида бир неча юз одам “ўзини яккалаш” тартибини бузган ҳолда марказий майдонга йиғилди. Намойишга чиққанлар карантин оқибатида даромадларидан айрилганларини ва оиласини боқиш учун маблағлари йўқлигини айтдилар.

Митинг ташкилотчиси Вадим Чельдиев полиция томонидан қўлга олинди ва икки ойга қамалди. Матбуотнинг ёзишича, унга нисбатан ёлғон маълумот тарқатиш ва ҳокимият вакилига нисбатан куч ишлатиш айбловлари билан жиноят иши очилган. Шимолий Осетия пойтахти Владикавказда ўтказилган митинг иштирокчиларидан 69 нафари қўлга олинган.

Россия мухолифати Youtube’да 28 апрель куни онлайн митинг ўтказади. “Ҳаёт учун” деб номланган митингнинг асосий талаби Россия ҳукуматини коронавирус пандемияси пайтида давлат томонидан аҳолини молиявий қўллаб-қувватлашга, бизнес учун солиқларни камайтиришга ва Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумни бекор қилишга чақиришдир.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Россияда коронавирус юқтирганлар сони деярли 53 минг киишга етди. 456 одам вафот этди.

Жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони икки ярим миллиондан ортиб кетди. Беморлардан 175 мингги оламдан ўтди.

XS
SM
MD
LG