Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:19

Коронавирусдан даволанаётган ҳуқуқ ҳимоячиси оиласи ёрдамсиз қолганидан арз қилди


Баҳром Ҳамроев Қозон касалхонасида. 2020, 7 апрель.
Баҳром Ҳамроев Қозон касалхонасида. 2020, 7 апрель.

Россиялик инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳром Ҳамроев коронавирус ташҳиси билан Татаристоннинг Қозон шаҳридаги касалхонада даволанмоқда.

Ҳамроевнинг карантинга олинган хотини Зуҳра Ҳамроеванинг Озодликка айтишича, унга ва оиласи аъзоларига ҳатто зарурий дори-дармон ва озиқ-овқат сотиб олиш учун уйдан чиқишга рухсат берилмаяпти.

7 апрель куни Баҳром Ҳамроевнинг оила аъзолари ҳам коронавирусга чалингани врачлар томонидан тасдиқланди.

30 март куни Москвадан Татаристон пойтахти Қозон шаҳрига етиб келган “Ёрдам” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари, “Мемориал” аъзоси Баҳром Ҳамроевнинг коронавирус инфекцияси юқтириб олгани маълум бўлди.

Аввалига шифокорлар юқори ҳарорат билан касалхонага олиб келинган ҳуқуқ ҳимоячиси топширган анализларда коронавирус аниқланмаганини айтган. Бироқ, 4 апрелда такрорий олинган анализлар олдинги ташҳис хато қўйилгани, Баҳром Ҳамроевда ҳақиқатан COVID-19 вируси борлигини тасдиқлаган.

Татаристонлик адвокат Руслан Нагиев асли бухоролик фаол Баҳром Ҳамроев Қозонга Хитойга бериб юборилиш хавфи остида қолаётган уйғуристонлик Шаҳризод ва Шоҳдиёр Шавкатларни ҳимоя қилиш учун келганини хабар қилди.

Ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Баҳром Ҳамроев Қозоннинг 7-сонли шифохонасига 38,6 ҳарорати ва қаттиқ йўтал билан ётқизилганини билдирди.

“...Ҳарорат 39 атрофида турибди. Қаттиқ йўтал телефон орқали суҳбат қилишга имкон бермаётир. Коронавирусга олинган анализлар касалликни тасдиқлабди. Бугун палатамизга инфекцияси тасдиқланган тўртинчи одамни ётқизишди”, - деб ёзди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Озодлик билан мессенжер орқали суҳбатлашган Ҳамроев 7 апрель куни COVID-19 унинг оила аъзоларида ҳам тасдиқланганини айтди. У рафиқаси Зуҳра Ҳамроева ва бошқа оила аъзолари карантинга олинганини маълум қилди.

Озодлик билан телефон орқали суҳбатлашган Зуҳра Ҳамроева қизи ва ногирон укаси билан Қозон шаҳридаги квартирада қолаётгани, бироқ маҳаллий ҳукумат идораларидан бирор ёрдам ололмаётганидан шикоят қилди.

- Биз изоляция ҳолатига олинганимиз сабабли тегишли идоралардан зарурий дори ва озиқ-овқат олиб келиб беришни сўрадик. Бироқ, улардан рад жавобини олдик. Мен шаҳарнинг “тезкор линияси”га қўнғироқ қилганимда, “биз кўнгиллиларимизни хавф остига қўя олмаймиз” деган жавобни олдим. Татаристон Соғлиқни сақлаш вазирлигида эса очиқчасига “Биз бундай муаммолар билан шуғулланмаймиз!” деган жавобни беришди. Бизга дори-дармон керак! Укамнинг ҳарорати иккинчи кун 37,7, менда ҳарорат юқори, йўтал қийнаяпти. Бизга ташқарига чиқиш мумкин бўлмаса биз касалликдан ва очликдан квартирада ўлиб кетишимиз керакми?! - деди Зуҳра Ҳамроева.

Суҳбатдош 7 апрелда у ҳам коронавирус инфекцияси билан касаллангани тўғрисида шифохонадан анализлар натижасини олганини билдирди.

Уларга бу хабарни етказган Қозон шаҳар марказий поликлиникаси ходими улар “ўзини-ўзи изоляция қилиш режими”га олинганини айтган, улар бу режимни бузса маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилишидан огоҳлантириб, ҳужжатларга қўл қўйдирмоқчи бўлган.

- Мен бу ҳужжатларни имзолашдан бош тортдим, чунки менга ташқи дунё билан алоқа қилишга имкон беришсин, деди суҳбат сўнггида Зуҳра Ҳамроева.

Адвокатлар Зуҳра Ҳамроева (ўнгда) ва Руслан Нагиев (чапда) Татаристон Олий Судида
Адвокатлар Зуҳра Ҳамроева (ўнгда) ва Руслан Нагиев (чапда) Татаристон Олий Судида

Зуҳра Ҳамроева 1968 йилда Ўзбекистонда туғилган. Қозонга 1983 йилда кўчиб келган ва шу ердаги ижтимоий-юридик институтни битириб, ҳозирда “Мемориал” ва “Ёрдам” ташкилотлари билан ҳамкорликда, жумладан, меҳнат муҳожирлари ва сиёсий қочқинлар ҳимояси билан шуғулланиб келади.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги маълумотларига кўра, Россияда COVID-19 билан касалланганлар сони 7497 кишига етди (улардан 5181 нафари Москвада), 58 киши ундан вафот этди, 494 одам соғайиб кетди.

XS
SM
MD
LG