Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:56

Ҳуқуқ ҳимоячиси квартирасида икки муҳожирни қайдга олгани учун судланмоқда


11 сентябр куни “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев устидан суд жараёни бошланди.

Ҳамроев икки ўзбек қочқинини ўз квартирасига регистрация қилганликда айбланмоқда.

Жиноят ишининг уйдирилганини айтган ҳуқуқ фаоли судда мутлақо айби йўқлигини, аксинча, у Россия миграция қонунларини бажараётгани учун жавобгарликка тортилаётганини билдирди.

Москванинг Бибирево туман судида 11 сентябрь кунги маҳкамада таниқли ҳуқуқ фаоли, “Ёрдам” инсон ҳақлари ташкилоти раҳбари, “Мемориал” аъзоси Баҳром Ҳамроев устидан жиноий иш кўрилиши бошланди.

Москва полицияси ҳуқуқ фаолини икки нафар хориж гражданини ўз квартирасига қайдга олгани учун жавобгарликка тортилаётганини Озодликка Баҳром Ҳамроевнинг ўзи билдирди:

- Бир йил олдин менга нисбатан жиноий иш қўзғатилган эди. Қидирувда бўлган ва экстрадиция қилиниши керак бўлган икки нафар муҳожирни ўз уйимдан рўйхатдан ўтказгандим. Бундан кейин ҳам мен одамларни рўйхатдан ўтказавераман – ёрдамимни аямайман. Полиция уларни регистрация қилганим учун эмас – “Нима учун улар регистрацияга туриб, сени уйингда яшамайди?” деган айбни қўйишмоқда. “Биз келдик, кўрдик – улар яшамаган!”, деб баҳоналар қилиб, жиноий иш қўзғатилди. Тергов 1 йил давом этди ва мана судга оширилди.

Бибирево туман полицияси Баҳром Ҳамроевни Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 322.3 (Хориж гражданини сохта қайдга олиш) моддаси асосида айблаётгани маълум бўлди.

Бирмунча вақт олдин қабул қилинган бу модда Россияда “ноқонуний мигрантлар” сонини камайтириш ва уларнинг қайд жойи бўйича яшашга ундашга қаратилгани иддао қилиб келинади.

Судя Резникова олдида қилган чиқишида Бибирево туман прокуратураси вакили Ҳамроевни бир хонали квартирасида яшамаслиги олдиндан аниқ бўлган ўзбек муҳожирларини қайдга олганликда айблади.

Москванинг Бибирево туман полициясидан Озодлик олган маълумотга биноан, “Мемориал” вакили ўз ҳимоясида бўлган қирғизистонлик Валишер Қодиров ва Фируз Рустамовларни 2018 йилнинг январида Россия қонунчилиги талабларига мувофиқ вақтинчалик қайдга қўйган.

Қўзғатилган жиноят ишига оид қарорда “Ҳамроев шахсий манфаатлари йўлида ҳаракат қилиб, бу шахсларнинг қайд этиш манзили бўйича яшамаслигини олдиндан билган ҳолда <...> Бибирево туман УФМС бўлимига юқорида зикр этилган шахслар устидан миграция назоратини ўрнатиш ва Россия ҳудудида ҳаракатланиш имконидан маҳрум этган”ликда айбланаётгани айтилган.

Баҳром Ҳамроев Валишер Қодиров 2010 йилдаги Ўш ҳодисаларидан кейин Қирғизистонни тарк этишга ммажбур бўлгани, 2012 йилда Россияда Қирғизистон талаби билан ҳибс этилгани ва “Гражданское содействие” қўмитаси ёрдамида Европа судига мурожаат қилгани ва 39- Қоида асосида экстрадиция қилинмаганини айтди.

Бироқ ҳуқуқ фаоли ва унинг ҳимоячиси мазкур иш сиёсий тус олгани ва унинг қочқинларни ҳимоя қилишга қаратилган фаолиятига тўсқинлик, дея баҳоламоқда.

- Бу қўйилган айбловлар ўйдирма ва ноқонунийдир, дедим судьяга. Бу ҳолатга айнан Россия давлати жавобгардир, чунки давлат Россияга келаётган муҳожир ва қочқинлардан регистрацияга туришни талаб қилади биринчи қонун бўйича. Улар ўзлари регистрация қилмайди, “Ўзинг топ!”, дейди. Бу одамларнинг яқинлари, танишлари регистрацияга олса – иккинчи қонун асосида регистрация қилганларни жавобгарликка тортади. Қаранг! Бу қарама-қарши қонунлар бир-бирига, деди Баҳром Ҳамроев.

Россиядаги қочқинлар масалалари билан узоқ йиллардан бери шуғулланиб келаётган “Ёрдам” раҳбарининг фикрича, Россия миграция қонунчилигидаги қарама-қаршиликлар полиция ва ФСБ томонидан “керакли пайтда” олиб ишлатилиши ва асосан “номақбул” саналган шахслар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан қўлланилиб келмоқда.

Баҳром Ҳамроев бу жиноий иш очилиши олдидан унинг бир хонали квартирасида полиция ва ФСБ бир неча маротаба тинтув ўтказгани, унинг компьютер ва ахборот ташувчи бошқа мосламалари ФСБда текширилганини маълум қилди.

Б.Ҳамроев қамоқда қолаётган режиссёр Олег Сенцов ҳимоясига пикетда
Б.Ҳамроев қамоқда қолаётган режиссёр Олег Сенцов ҳимоясига пикетда

Судда иштирок этган адвокат Тимофей Широков Озодликка Россияда яратилган ҳуқуқ тизими хорижликларни ва улар ҳимояси билан шуғулланаётган фаолларга босим ўтказишга қаратилгандек туюлаётганини билдирди:

- Мушкул аҳволда қолган, ўз юртида ноҳақ суд ва қийноқлар кутаётгани боис Россияга келган, аммо яшаш, қайдга туриш жойи бўлмаган одамларга бефарқ бўлган давлат ундан регистрация қайдига туришни талаб қилади. У қаерда қайдга туради, нимага тирикчилик қилади – уларни қизиқтирмайди. Қочқинларга ёрдам бериб, ўз ўйларида регистрация қилганларни эса ҳукумат жиноятчи деб эълон қилмоқда!

Адвокат судда келтирилган мулоҳазаларни тинглаган судья Резникова бу ишни чуқурроқ ўрганиш учун томонларга муҳлат бергани ва кейинги маҳкама 25 сентябрда ўтказилишини эълон қилди.

“Мемориал” ташкилоти бу айбловни ўз ходимига нисбатан бошланган босим сифатида баҳоламоқда.

2010 йилда ҳимоячи Баҳром Ҳамроев ФСБ ходими томонидан қаттиқ калтакланган; 2011 йилда у номаълум шахслар томонидан ўз уйи яқинида калтаклаб кетилган; 2016 ва 2017 йилларда ФСБ ва Росгвардия махсус кучлари унинг квартирасида тинтув ўтказганини Озодлик хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG