Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:42

Бир гуруҳ адиблар навоийшунос олимнинг озод қилинишини сўраб Президентга хат ëзди


Акром Малик
Акром Малик

2016 йил, 22 июлдан буён қамоқда сақланаётган навоийшунос олим Акром Малик озод қилинишини сўраб, 20 га яқин ўзбек адиблари 27 апрель куни мамлакат Президентига мактуб жўнатди.

Мактубга Мурод Карим¸ Олима Набизода¸ Зариф Султоний¸ Шукуржон Исломов¸ Абдулҳамид Исмоил¸ Аъзам Обидов¸ Паҳлавон Содиқ¸ Алишер Назар, Олимжон Давлатов каби мамлакатда ва ундан ташқарида ижод қилаëтган ëзувчи ва шоирлар имзо чеккан.

Хатни имзолаган орасида Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ҳам бор.

Акром Малик 2016 йилнинг ёзида конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва жамоат хавфсизлигига хатар солувчи материаллар тайёрлашда айбдор, деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Мактубни имзолаганлар: Истеъдод соҳибининг кучга тўлган даври қамоқда ўтмасин!

Озодлик билан қисқа суҳбатда Хуршид Даврон “Икки томлик Навоий энциклопедияси муаллифларидан бири бўлган Акром Малик (Маликов Акром Абдухамидович) афв қилиниб, қамоқдан озод бўлишини истаётганлар билан ҳамфикр эканлигини” таъкидлади.

Мактубга имзо чекканлардан яна бири, 62 яшар шоир ва таржимон Абдулҳамид Пардаев Озодлик билан суҳбатда “30 яшар нодир истеъдод соҳибининг энг гуллаган ва кучга тўлган йиллари қамоқ панжаралари ортида ўтмаслиги керак” деб ҳисоблашини айтди.

Адибларнинг "Ўзбекистон президентига илтимоснома"си мана бундай якунланади:

“Биз, бир гуруҳ зиёлилар, навоийшунос ва шоир Акром Маликнинг озод этилишига давлатимизнинг тегишли ташкилотлари, хусусан, Афв масалалари бўйича комиссия, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги муносиб ҳисса қўшишларини сўраймиз”.

Отаси ҳам, ўзи ҳам афв сўраган

Бундан олдин Инсон ҳуқуқлари бўйича Республика Миллий марказига Акрам Маликнинг отаси, Пскент туман бош имом хатиби Абдулҳамид Маликов ҳам мурожаат қилиб, ўғлининг озод қилинишини илтимос қилган эди.

Қамоқда жазо ўтаëтган Акром Маликнинг ўзи ҳам президентга мактуб ëзиб, “Каримов даврида сиëсий сабабларга кўра қамоққа олиниб, айбсиз айбдорга айланганидан” шикоят қилган эди.

Озодликда нусхаси бўлган бу мактубда Акром Малик “Каримов сиёсатига танқидий ёндашгани ва буни ўз мақолаларида очиқ ёзгани учун қамоқда ўтиргани ва давлатга қарши ҳеч қандай жиноят содир этмаганини, жамоат хавфсизлигига асло таҳдид солмаганини” баён қилиб, жиноят ишига тааллуқли барча далилларни уйдирма, туҳмат деб атаган.

Акром Малик манзил колонияда
Акром Малик манзил колонияда

Қандай қамалган эди?

Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида мухолифат нашрларида қатор танқидий мақолалар ёзган Акром Малик 2016 йилнинг 22 июлида ҳибсга олинган, кейинчалик суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 159-моддаси – конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва 244-моддаси – жамоат хавфсизлигига хатар солувчи материаллар тайёрлашда айбдор деб топилган эди.

Акром Малик яқинларининг Озодликка айтишича, у 2016 йилнинг 22 июль куни Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармасига хорижга чиқиш стикерини олиш учун борган ва бир аëлга тегажоғлик қилганликда айбланиб¸ майда безори сифатида 15 суткага қамалган.

Қамоққа олинган пайтда Акром Маликнинг чўнтагидан "Ислом давлати" жангари гуруҳининг қора байроғи сурати жойлаштирилган флеш-карта топилгани Озодлик танишган суд тергов ҳужжатларида ëзилган. Бу ҳужжатларда Акром Маликнинг 2015 йилда мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан электрон почта орқали ёзишгани ҳам жиноят сифатида малакаланган.

2017 йилнинг 13 январида жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди Акром Маликни Жиноят кодексининг 159-моддаси – конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва 244-моддаси – жамоат хавфсизлигига хатар солувчи материаллар тайёрлашда айбдор деб топиб 6 йил озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган эди.

Олимнинг баъзи чиқишлари баҳс уйғотган эди

Акром Маликнинг жиноят иши билан 2018 йили танишган мустақил журналист Алексей Волосевич унинг Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси билан эълон қилган мақолаларида давлатнинг шариатга асосланган формати ижобий акс эттирилганлигини ëзган эди.

“Биз фабрикация қилинган ҳар қандай уйдирма жиноят ишига қаршимиз ва одам содир қилмаган иши учун жазо ўташини қоралаймиз. Шу жумладан Акром Маликни ҳам. Лекин Акром Маликдан конфет ясаш ҳам керак эмас”, деб ёзган эди Волосевич.

Бу сўзлар ортидан Волосевич мақоласида Акром Малик ëзган мақолаларнинг русча таржимаси қўйилган. Мақолалардан бирида “халқ давлат бошқарувининг шариатга асосланган шаклини танласа бу унинг ҳаққидир” дейилади.

27 апрелда Президент номига юборилган мактуб муалифлари - бир гуруҳ адиблар ҳам Акром Малик "хато қилган бўлиши мумкинлигини" назардан қочирмайди:

“Акром Маликнинг жиноятда айбланиш учун асос бўлган қилмиши қайсидир жиҳатлари билан уни жазолашга асосли деганимизда ҳам бугун уни ортиқ қамоқда сақлашдан бирор манфаат бор деб ўйламаймиз. Илм олишни сидқидилдан истагани, илмни ҳаётининг маъноси деб билаётгани учунгина у озод қилинса, бу асло афсусланарли иш ҳисобланмасди. Чунки Акром Малик хато қилди деб ишонганимизда ҳам, ҳақиқатга бўлган муҳаббати сабабли хато қилгани аниқ. У ўтган вақт давомида барча хатоларидан тегишли хулоса чиқарганига аминмиз” дейилади мактуб давомида.

Ўзбекистонда Шавкат Мирзиëев иқтидорга келгани ортидан Каримов даврида сиëсий махкум сифатида турли ҳисоботлардан ўрин олган 20 га яқин маҳкум озод қилингани ва Жаслиқдаги қамоқхона ëпилгани халқаро ташкилотлар олқишига сабаб бўлган эди.

Шоир¸ олим, маҳкум

Акром Малик (Акром Маликов) 1990 йилнинг 19 сентябридаги Тошкент вилоят, Бўка туманида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ўзбек филологияси факультети битирувчиси. Ижодий ишлари Ўзбекистондаги газета ва журналларда нашр қилинган. “Буюр, кўнгилжоним” (2007), “Ўзликка талаб” (2012) шеърий тўпламлари чоп этилган. Мумтоз ўзбек адабиёти, хусусан , Алишер Навоий ижодига оид таҳлилий мақолалари чоп қилинган. "Алишер Навоий энциклопедияси" муаллифларидан бири. Ҳозирда у Тошкент шаҳридаги манзил колонияда жазо ўтамоқда.

XS
SM
MD
LG