Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:37

Юсуф Рўзимуродов: Қамоқдаги ғишт заводида қарийб 9 миллион ғишт туширдим...


54 ёшли Юсуф Рўзимуродов Қашқадарёнинг Миришкор туманида акасининг уйида яшамоқда
54 ёшли Юсуф Рўзимуродов Қашқадарёнинг Миришкор туманида акасининг уйида яшамоқда

Қарийб 19 йиллик тутқунликдан сўнг 22 февраль куни озодликка чиққан ўзбекистонлик журналист Юсуф Рўзимуродов Озодлик билан суҳбатда "Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёвнинг марҳамати билан" озод этилганига ишонишини айтди.

Қамоқдалигида уйсиз қолган Рўзимуродов ҳозирда Қашқадарё вилоят, Миришкор туманида акасининг уйида яшаётгани, фуқаролик паспортини олиш қайғусида юрганини билдирди.

35 ёшида қамалган Рўзимуродов ўтган 19 йил давомида Зангиота, Навоий ва Чирчиқдаги қамоқхоналарда жазо муддатини ўтади.

Собиқ сиёсий маҳбус ҳаётининг сўнгги ўн йилини Навоий вилоятидаги қамоқхонада кечирган.

- Сўнгги 10 йил давомида Навоийдаги зонада бўлдим, бу муддат ичида ғишт заводида ишлаб, 8 ярим миллион донадан кўпроқ ғишт туширдим, - деди озодликка чиққанидан бир ой ўтиб Озодликка гапирган Юсуф Рўзимуродов.

Собиқ сиёсий маҳбус Юсуф Рўзимуродов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:50 0:00
Бевосита линк

Собиқ маҳбус саломатлиги яхши экани, қамоқхонада жиддий касаллик орттирмаганини айтди.

- Мен қамалганимда 35 ёшда эдим. Ҳозир 54 ёшдаман. Саломатлигим билан боғлиқ муаммо бўлса, у ҳам ёш билан боғлиқ. Қамоқда сил касали бўлганман, лекин яқинда текширувдан ўтдим, сил йўқолибди, - деди Рўзимуродов.

Юсуф Рўзимуродов 1999 йил Тошкент портлашларидан сўнг Киев шаҳрида ҳибсга олинган ва Ўзбекистонга топширилганди.

Ўзбекистон ҳукумати Рўзимуродовни ўша пайтда Киевда ушланган яна бир журналист Муҳаммад Бекжон ҳамда таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудовни Тошкент портлашларига алоқадорликда айблаган.

Маҳкама жараёнида айбланувчилар айбларни рад этишган ва қийноққа солинганликларини айтганлар.

- Менга қўйилган айбловларнинг биронтаси исботини топмаган. Икки йил олдин менга қўйилган айблов бўйича жазо муддати тугаганида, менга қамоқхона қоидаларини бузди, деб 3 йилу 2 ой қўшиб берганди. Мен президентга мурожаат қилдим. Ишим қайта кўриб чиқилди. Мана Олий суд томонидан 3 йилу 2 ойлик қамоқ ҳукми бекор қилинди ва мен озод этилдим, - деди Рўзимуродов.

Юсуф Рўзимуродовга берилган дастлабки 14 йиллик қамоқ жазоси "ички тартибни бузгани важидан" икки марта узайтирилган.

Рўзимуродов қамалишидан олдин "Эрк" партияси сафларида фаолият қилгани ва бу фаолиятидан асло ачинмаслиги, пушаймон қилмаслигини айтди.

- Мен "Эрк" партияси сафларида мустақиллик учун курашдим, мустақиллик декларацияси эълон қилинишига ҳисса қўшдим, бугунги "Наврўз" байрамининг тикланишига, ўзбек тили давлат тили бўлишига ўз ҳиссамни қўшдим, нега бундан ачинишим керак, - дейди Рўзимурдов.

54 ёшли Юсуф Рўзимуродов президент Ислом Каримов даврида қамалган ва Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида озод қилинган ўндан зиёд сиёсий маҳбуснинг бирдир.

1999 йилги Тошкент прортлашларида айбланиб, Рўзимуродов билан қамалган мухолифатчи журналист Муҳаммад Бекжон ўтган йилнинг 22 февралида, ёзувчи Мамадали Маҳмудов эса, 2013 йилнинг апрелида озод этилган эди.

XS
SM
MD
LG