Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:34

Халқаро хабарлар

Абхазия лидери Аслан Бжания истеъфога чиқди

Аслан Бжания
Аслан Бжания

Ўзини Грузиядан мустақил деб эълон қилиб олган Абхазия республикаси президенти Аслан Бжания мухолифат билан музокаралар чоғида эришилган келишувга мувофиқ ҳолда истеъфога чиққанини эълон қилди. Бу ҳақда Бжаниянинг матбуот хизмати маълумот тарқатди. Озодликнинг “Эхо Кавказа” лойиҳаси хабарига кўра, ҳукумат раҳбари Александр Анкваб ҳам лавозимдан кетган.

Томонлар тарафидан имзоланган келишувга мувофиқ, Бжания истеъфога чиқади, мухолифат тарафдорлари эса норозилик намойишлари чоғида ўзлари эгаллаб олган ҳукумат биноларини тарк этишади. Келишувнинг бу банди бажарилмаган тақдирда, Бжания истеъфога оид баёнотини қайтариб олади.

Абхазия парламенти Бжаниянинг истеъфога оид аризасини 19 ноябрь куни кўриб чиқади. Давлат раҳбари вазифасини вақтинча вице-президент Бадра Гунба бажариб туради. Бош вазир лавозимига Абхазия парламентининг собиқ раиси Валерий Бганба тайинланади.

Бжанияни истеъфога чиқишга мухолифат мажбур қилган. 15 ноябрь куни Сухумида Россия билан Абхазия ўртасида тузилган “инвестиция шартномасига қарши чиққан намойиш иштирокчилари ҳукумат бинолари мажмуаси атрофидаги деворнинг бир қисмини бузиб ташлашган ва парламент биноси олдидаги ҳудудга, кейин эса Абхазия парламенти ва президент маъмурияти биносига кириб олишган.

Абхазия расмийлари Россия билан тузилган шартномани маҳаллий иқтисодиёт учун туртки ўлароқ кўришмоқда. Мухолифат эса буни Абхазия “манфаатларини тўғридан-тўғри сотиш” деб ҳисоблайди.

Айни пайтда мухолифат лидерлари норозилик чиқишлари Россияга қарши эмас, Бжания сиёсатига қарши эканини бир неча бор таъкидлашган. Улар Россияни “стратегик ҳамкор” ва “хавфсизликнинг ягона кафолатчиси” деб аташган.

Норозилар расмийларнинг аксилроссия кайфиятига оид айбловларига жавобан Россия байроқларини ҳилпиратишиб, “Россия!” дея ҳайқиришган.

Норозилик намойишлари манзарасида парламент Москва билан инвестицион шартномани ратификация қилиш масаласи бўйича овоз бериш ўтказилиши лозим бўлган сессияни бекор қилган, президент маъмурияти эса уни чақириб олишни ваъда қилган.

Абхазияда президентлар мухолифатнинг норозилик чиқишлари туфайли икки марта муддатидан илгари истеъфога кетишган. 2014 йилнинг 1 июнида Александр Анкваб президентлик лавозимидан истеъфо берган. Ўша пайтдаги норозиликларга республиканинг шарқий ҳудудларидаги грузин миллатига мансуб кишиларга Абхазия паспорти берилиши сабаб бўлган эди.

2020 йил 12 январида Абхазия Олий суди 2019 йилги президент сайлови натижаларини бекор қилганидан кейин Раул Хажимба истеъфога чиққан эди. Ўшанда Аслан Бжания соғлиғидаги муаммолар туфайли президент сайловида иштирок этолмаганди (Бжаниянинг тарафдорлари сиёсатчи заҳарланган, деб ҳисоблашади).

Абхазия ва Жанубий Осетия 1990-йиллар бошидаёқ Грузиядан мустақил бўлиб ажралиб чиққанларини эълон қилишган. Грузия билан 2008 йилдаги урушдан сўнг Россия уларнинг мустақиллигини тан олган – ҳар икки республика ҳудудларига россиялик ҳарбийлар жойлаштирилган. Тбилиси Абхазия ва Жанубий Осетияни Россия армияси томонидан ишғол қилинган ҳудуд, деб ҳисоблайди. БМТ ҳужжатларида ҳар икки республика ҳудуди Грузиянинг минтақалари ўлароқ кўрсатилган.

Тожик-афғон чегарасидаги ҳужумда хитойлик фуқаро ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тожик-афғон чегарасидаги Шамсиддин Шоҳин тумани (Хатлон вилояти) Зарбуз дарасида содир бўлган нохуш ҳодиса оқибатида хитойлик бир фуқаро ҳалок бўлган, яна беш киши яраланган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.

Нашрнинг ҳодисадан хабардор икки манбаси ҳужум “чегаранинг нариги тарафидаги қуролли шахслар томонидан” 17 ноябрдан 18 ноябрга ўтар кечаси содир этилганини маълум қилишган. Бироқ манбаларнинг ҳеч бири “бу ҳужум наркотик контрабандачилари ишими ёки бирор гуруҳ жангарилари иши?” деган саволга аниқ жавоб бера олмаган.

Яраланган беш кишининг тўрт нафари Хитой фуқароларидир. Яна бири маҳаллий турғунлардан. Жароҳатланганларнинг ҳаммаси Шамсиддин Шоҳин туманидаги касалхонага етказилган. Воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари чиқиб кетишган, тергов ишлари олиб бориляпти”, деган Озодликнинг тожик хизматига манбалардан бири.

Нашр суҳбатдоши чегара яқинида хитойликларнинг юришини туманда олтин қазиб олиш корхонаси борлиги билан изоҳлаган.

“Зарбуз дараси Сари Ғор мавзеси яқинида жойлашган. Хитойликлар у ерда ишлаётган эди”, деган манба.

Сари Ғор мавзесида чегара заставаси жойлашган.

Тожикистоннинг Афғонистон билан 100 километрга узанган Шамсиддин Шоҳин туманидаги чегара участкаси энг муаммоли участкалардан бири бўлиб ҳисобланади. Аввалроқ бу ерда бир неча бор одамлар гаровга олинган, тожикистонлик фуқаролар ва чегарачиларга ҳужумлар уюштирилган. 1993 йил 13 июлида айнан шу жойда 12-“Сари Ғор” чегара заставасига исломий жангарилар ҳужум уюштиришган. Ўша пайтда бу жой Россия чегара хизмати тасарруфида бўлган. Бироқ бу чегарада хитойлик фуқаро ҳалок бўлиши билан боғлиқ илк ҳодисадир.

Афғонистон ҳудуди террор гуруҳлари томонидан фойдаланилмаслиги ҳақида “Толибон” тарафидан расмий баёнотлар берилганига қарамай, Тожикистон расмийлари Панж дарёсининг нариги томонидаги вазиятдан жиддий хавотирдалар. 2023 йилда улар чегарадан контрабандачилар ҳамда террор гуруҳлари аъзолари Тожикистонга ўтганига оид бир неча ҳолат ҳақида маълум қилишган эди.

Новосибирскда мигрантларга боғчаларда ишлаш тақиқланди

Россиядаги меҳнат муҳожирлари (архив сурати)
Россиядаги меҳнат муҳожирлари (архив сурати)

Россиянинг Новосибирск вилояти расмийлари мигрантларга мактабгача таълим муассасалари ишлашни тақиқлашган. Бунга оид қарор губернатор Андрей Травников томонидан ноябрь ойи бошида имзоланди, дея маълум қилди Россия Ички ишлар вазирлигининг вилоят бошқармаси.

Чекловлар 2025 йилнинг 1 мартидан кучга киради. Бу чекловлар 2024 йил апрелидан буён амалда бўлган чекловларга қўшимча бўлади. Уларга мувофиқ, хорижлик фуқароларни такси ҳамда тамаки ва алкоголли ичимликлар сотадиган дўконларга ишга ёллаш тақиқланган эди.

Эндиликда 2025 йил 1 мартига бориб корхона ва дўконлардаги хорижлик ишчилар сони мигрантларга қарши қарор билан белгиланган талабларга мувофиқлаштирилиши лозим бўлади.

Москва вилоятида жойлашган “Крокус Сити Холл” савдо марказидаги террор хуружидан кейин Россияда мигрантларга нисбатан ксенофобик кайфиятлар кучайган. Мазкур терактда 145 киши ҳалок бўлгани ва 550 дан зиёд одам жароҳатлангани айтилган.

Терактдан сўнг Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда рейдлар ўтказа бошлаган. 2024 йил бошидан буён Россия ИИВ 65 мингдан зиёд хорижликни мамлакатдан чиқариб юборган, шунингдек, 120 минг кишининг РФга киришини тақиқлаб қўйган. Россияда мигрантлар оқими сўнгги 10 йил ичида энг паст даражага тушган, бу эса, иқтисодчилар фикрича, мамлакатда кадр инқирозини кескин кучайтириб юбориши мумкин.

2023 йилнинг октябрь ойида Россия Давлат думасига хорижликларга бутун мамлакат бўйлаб мактабларда, фармацевтика соҳасида, давлат тиббиёт муассасаларида, такси ва юк ташишда ишлашни тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси киритилган. Қатор минтақалар расмийлари мигрантларнинг такси ва бошқа соҳаларида ишлашига тақиқ жорий этишган.

Bloomberg: КХДР Россияга 100 минг нафаргача аскар йўллаши мумкин

Шимолий Корея Украинага қарши урушда Россияга ёрдам тариқасида умумий ҳисобда 100 минг нафаргача ўз ҳарбийсини йўллаши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги “Катта йигирмалик” мамлакатларидаги ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Агентлик суҳбатдошлари бу ерда гап дастлабки ҳисоб-китоблар ҳақида кетаётгани ва ҳатто бу маълумот тасдиқланган тақдирда ҳам, 100 минг кишилик контингент бир вақтнинг ўзида Россияга йўлланмаслигини таъкидлашган.

Аввалроқ “Америка овози”нинг корейс хизмати билан суҳбатда Украинанинг Жанубий Кореядаги элчиси Дмитрий Пономаренко шунга яқин рақамдан баҳс этган эди. Дипломатга кўра, Курск вилоятидаги КХДРдан бўлган 15 минг ҳарбий ҳар ойда ротация қилинади.

Россия билан Шимолий Корея яқинда РФ ва КХДР ўртасида кенг қамровли стратегик ҳамкорликка оид шартномани ратификация қилишганди. Шартнома матнига мувофиқ, томонлардан бирига қуролли ҳужум қилинган тақдирда, иккинчи томон унга зудлик билан ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатиш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шунингдек, томонлар бир-бирига қарши бўлган учинчи мамлакатлар билан шартномалар тузмаслик ҳамда бошқа томон суверенитети бузилиши учун ўз ҳудудидан фойдаланилишига йўл қўймаслик юзасидан келишувга эришишган.

АҚШ, Япония ва Жанубий Корея хавфсизлик соҳасида уч томонлама ҳамкорлик бўйича котибият тузилгани ҳақида билдиришган. Лимадаги саммитда уч давлат раҳбарлари Шимолий Корея ва Россиянинг Украинадаги урушни кенгайтириш қарорини қоралашган.

Россия ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг кенгайиши НАТО томонидан ҳам қораланган. Ҳарбий иттифоқ баёнотида шимолий кореялик аскарларнинг Россияга йўлланиши хавфли эскалацияга сабаб бўлиши ҳамда БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига зид келиши айтилган.

Байрутда “Ҳизбуллоҳ”нинг матбуот котиби ўлдирилди

Исроил томонидан Байрут марказига уюштирилган ҳужум оқибатлари, 2024 йил 17 ноябри
Исроил томонидан Байрут марказига уюштирилган ҳужум оқибатлари, 2024 йил 17 ноябри

Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳининг оммавий ахборот воситалари билан алоқалар учун масъули Муҳаммад Афиф Исроил армиясининг Байрутга ҳужуми натижасида ҳалок бўлди, дея хабар қилди Ливаннинг Al-Mayadeen телеканали.

Reuters агентлиги манбалардан олинган маълумотга таянган ҳолда зарба “Ҳизбуллоҳ”нинг қароргоҳи жойлашган Байрут четидаги Доҳияга эмас, Ливан пойтахти марказидаги Рас ан-Набъа мавзеига берилгани ҳақида ёзган. “Ҳизбуллоҳ” АҚШ ва Исроилда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқида “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий қаноти террор ташкилоти ўлароқ тан олинган, Ливан парламентида ўз депутатларига эга “Ҳизбуллоҳ” сиёсий партияси эса ЕИ наздида террор ташкилоти эмас.

Ливан махсус хизматларидаги манбалар Reuters агентлигига Исроил “Ҳизбуллоҳ” билан кураш доирасида Ливан ҳудудларини ўққа тутишни бошлаганидан кейин Доҳиянинг кўплаб турғуни Рас ан-Набъага кўчиб ўтишганини айтишган. Агентлик суҳбатдошлари Исроил зарба ҳақида аввалдан огоҳлантирмаганини ҳам иддао қилишган.

Reuters Исроил “Ҳизбуллоҳ”нинг аниқ ҳарбий роли бўлмаган юқори лавозимли мулозимларига камдан-кам ҳолатларда зарба беришига эътибор қаратган. “Байрут марказига ҳам исроиллик ҳарбийлар тез-тез ҳужум уюштиришмайди”, дея қайд этилган агентлик хабарида.

Муҳаммад Афиф “Ҳизбуллоҳ”га 30 йилдан кўпроқ вақт мобайнида раҳбарлик қилган Ҳасан Насруллоҳнинг матбуот билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси эди. Ҳасан Насруллоҳ 27 октябрь куни Исроил томонидан Доҳиядаги “Ҳизбуллоҳ” офисига қилинган ҳужум натижасида ўлдирилган эди.

Қароргоҳи Ливанда бўлган “Ҳизбуллоҳ” эронпараст гуруҳи АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб топилган ва 2023 йил 7 октябрида Исроил жанубига ҳужум уюштирган ҲАМАС гуруҳи билан бирдамлик аломати ўлароқ Исроилга ҳужумларни кучайтирган эди. Бунга жавобан сентябрь ойида Исроил Ливан жанубида “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳарбий амалиёт бошлаган.

Қозоғистон: Собиқ масжиддаги портлашда уч киши нобуд бўлди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қозоғистоннинг Ақмола вилояти Қщрғалжин туманидаги Сабинди қишлоғида ҳордиқ куни собиқ масжид биносида газ портлаган. Ҳодиса содир бўлган пайтда, айрим маълумотларга кўра, худойи ўтказилаётган бўлган.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қайдича, портлаш оқибатида уч киши ҳалок бўлган, яна 16 киши турли даражада тан жароҳатлари олишган.

46 ёшли эркак, 41 ёшли аёл ва 12 яшар боланинг жасади бино вайроналари остидан топилган. Жароҳатланганларнинг ҳаммаси Остонадаги касалхоналарга етказилган. Воқеа жойида қутқарувчилар, тиббиёт ходимлари, кинолог ва психологлар иш олиб боришган.

ФВВ портлашга газ-ҳаво аралашмаси сабаб бўлганини маълум қилган. Бинодан олтита газ баллони олиб чиқилган.

Ақмола вилояти Фавқулодда вазиятлар департаменти маълумотига кўра, ҳодиса содир бўлган жойда тезкор штаб иш олиб бормоқда.

Ҳиндистонда гипертовушли ракета синовдан ўтказилгани айтилмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ҳиндистон ўзининг узоқ масофали илк гипертовушли ракетаси синовини муваффақият билан ўтказган. Бу ҳақда 17 ноябрь куни мамлакат мудофаа вазири Ражнат Сингҳ маълум қилди. Синов шанба куни Ҳиндистон яриморолининг шарқий соҳили яқинидаги оролда жойлашган Абдул Калом полигонида бўлиб ўтган.

Синовдан ўтказилган ракета турли каллакларни ташиш ва 1500 километр масофага учиб бориш имкониятига эга. У товуш тезлигидан беш баравар юқори бўлган тезлик билан уча олади.

Шу тариқа Ҳиндистон илғор технологияли қуроли бўлган тор доирадаги давлатлар қаторига қўшилган. Ҳозирги кунда гипертовушли қуролга АҚШ, Россия ва Хитойгина эгалиқ қилади. Ўзларида гипертовушли ракеталар синови ўтказилгани ҳақида аввалроқ Эрон, Шимолий Корея ва Яман ҳусийлари ҳам эълон қилишган, бироқ айни пайтда уларнинг армиясида бу каби қурол бор-йўқлиги маълум эмас.

Россия Украинада кенг кўламли босқинчилик уруши бошлагунига қадар Ҳиндистон Россиядан анчагина қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника импорт қилувчи давлатлардан бири эди. 2022 йилдан кейин Ҳиндистон биринчи галда АҚШ, Япония ва Австралия билан ҳарбий ҳамкорликни кенгайтирмоқда.

Исроил Байрут жанубини бомбалашда давом этмоқда, оташкесим шартлари муҳокама қилиняпти

Байрут жанубида Исроил томонидан бомбаланган ҳудуддан лавҳа, 2024 йил 14 ноябри
Байрут жанубида Исроил томонидан бомбаланган ҳудуддан лавҳа, 2024 йил 14 ноябри

Ливанлик юқори лавозимли мулозим оташкесим тартиби жорий қилинганидан кейин исталган пайтда “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи ўз бўлинмаларини Ливан ва Исроил ўртасидаги чегара яқинидан олиб кетишга тайёр эканини билдирди. Айни пайтда Ливан томони Исроилнинг келажакда “Ҳизбуллоҳ”га қарши ўз ҳаракатларида эркин бўлишга оид талабини бажаришдан бош тортмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

Эрон дастаклаётган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши ҳужумларини давом эттираркан, Исроил 14 ноябрь куни Байрутнинг гуруҳ назоратида бўлган жанубий қисмига ҳаво зарбалари берган. Бу ҳудудни интенсив равишда бомбабўрон қилиш уч кундан буён давом этмоқда.

Исроил “Ҳизбуллоҳ”га Суриядан қурол-аслаҳа етказиб берилиши бўйича ҳар қандай уринишни бартараф қилади, дея билдирган ЦАХАЛ вакили пайшанба куни.

“Биз “Ҳизбуллоҳ” томонидан Исроил ҳудудига зарба бериш учун қўлланилаётган ракета ва бошқа қуролларнинг Сурия ҳудудидан келаётганини аниқлаяпмиз. Биз “Ҳизбуллоҳ”га Суриядан қурол-аслаҳа етказиш бўйича бирор-бир ҳаракатга йўл қўймаймиз. Биз “Ҳизбуллоҳ”га қурол-аслаҳа ишлаб чиқариш учун фойдаланилаётган Сурияда аниқлаган инфратузилмага ҳам зарбалар берамиз”, дея билдирган контр-адмирал Даниэль Хагари журналистларга.

“Ҳизбуллоҳ” АҚШ ва Исроилда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқида “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий қаноти террор ташкилоти ўлароқ тан олинган, Ливан парламентида ўз депутатларига эга “Ҳизбуллоҳ” сиёсий партияси эса ЕИ наздида террор ташкилоти эмас.

Исроил ҳужумларидан бири чоғида гуруҳ лидери Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилган.

“Ҳизбуллоҳ” Фаластиндаги ҲАМАС гуруҳининг (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) 2023 йил 7 октябридаги Исроил жанубига ҳужумининг эртасига Исроил ҳудудига ракеталар отган. Ўшандан буён Исроил-Ливан чегарасида қарийб ҳар куни отишмалар содир бўлиб турибди. Ҳар икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудларидан ўн минглаб одам эвакуация қилинган.

Bloomberg: ЕИ ва АҚШ Россияга қарши янги санкциялар ишлаб чиқяпти

Европа Иттифоқи Россиянинг Украинага нисбатан давом этаётган тажовузи туфайли Москвага қарши янги санкциялар пакетини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр манбаларига кўра, янги санкциялар Россиянинг яширин флотига қарши қаратилади.

ЕИ янги чекловларни йил охиригача тасдиқлаш ниятида. Уларни қабул қилиш эса Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинига уч тўладиган 2025 йил 24 февралига белгиланган.

Агентлик суҳбатдошларига кўра, санкциялар пакети Россия нефти савдосига алоқадор шахсларга қарши жарималарни ҳам ўз ичига олади. Бундан ташқари, Брюссель Россияда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, озиқ-овқатлар ва ўғитларга нисбатан бож тўловларини оширмоқчи, дейилган хабарда.

Аввалроқ Bloomberg манбалари АҚШ ҳам Россия ва Шимолий Кореяга қарши янги санкциялар қабул қилиш устида ишлаётгани ҳақида маълум қилишганди. Уларга кўра, Вашингтон янги пакетни сайланган президент Дональд Трамп иқтидорга келгунига қадар тасдиқлашга улгурмоқчи. Трамп Россия билан Украина ўртасидаги ҳарбий зиддиятни тезда ҳал қилишни исташини билдирган эди. Ғарб мамлакатлари Трамп таклифларининг бир қисми Киев учун манфаатли бўлмаслиги мумкинлигини истисно қилишмаяпти.

Дональд Трамп аввал бир неча бор урушни 24 соат ичида битириши мумкинлиги ҳақида баёнот берган, бироқ бу борадаги конкрет режасини очиқламаган.

Европа Иттифоқи Россияга қарши сўнгги (ўн тўртинчи) санкциялар пакетини жорий йилнинг июль ойида қабул қилганди.

АҚШ: Республикачилар Вакиллар палатаси устидан назоратни сақлаб қолишди

АҚШ Конгресси биноси
АҚШ Конгресси биноси

Республикачилар партияси АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси бўлмиш Вакиллар палатаси устидан назоратни сақлаб қолди. Партия палатадаги 435 ўриндан камида 218 тасини олишга муваффақ бўлган.

АҚШда парламент сайлови президент сайлови билан бир вақтда – 5 ноябрь куни ўтказилганди. Ўтган бир ҳафтадан кўпроқ муддат ичида сайловда берилган овозлар ҳисобланган. Ҳал қилувчи ҳисобни амалдаги республикачи депутат Хуан Чискоманининг Аризона округларидан бирида қозонган ғалабаси белгилаб берган: у сайловда 49,6 фоиз овоз олган.

Демократлар партияси ҳозирги пайтгача Вакиллар палатасида 208 та ўрин олгани маълум. Яна тўққизта округда овозларни ҳисоблаш давом этмоқда.

Палатадаги спикер лавозимини ҳам республикачи Майк Жонсон сақлаб қолиши кутилмоқда, у мазкур лавозимни ўтган чақириқда – 2023 йил январида эгаллаган эди. АҚШда Вакиллар палатасига сайлов ҳар икки йилда ўтказиб турилади.

Аввалроқ республикачилар АҚШ Конгресси юқори палатаси – Сенат устидан назоратни қайтариб олишган эди.

Президент сайловида ҳам Республикачилар партияси номзоди Дональд Трамп ғалаба қозонган. Ҳар икки палата республикачилар назорати остида бўлган шароитда Трампга ўз сиёсатини юритиш анча осон бўлади.

Роскомнадзор Рунетни иҳоталаш бўйича машқлар ўтказади

Роскомнадзор декабрь ойида Рунетни жаҳон тармоғидан узиш бўйича машқлар ўтказади. Бу ҳақда Россия Марказий банки ўз назорати остида бўлган ширкатларга йўллаган хатида маълум қилган, дея хабар қилди мазкур хат мазмуни билан танишган “Коммерсантъ” нашри.

Хатда машқлар “алоҳида олинган минтақалар” ҳудудида бўлиб ўтиши айтилган. Роскомнадзор матбуот хизмати вакиллари “Коммерсантъ”га жадвал асосидаги бу каби машқлар ҳар йили ўтказилишини ва оддий фойдаланувчиларда акс этмаслигини билдиришган. Улар машқлар ўтказилишидан мақсад Рунетнинг “қасдан ташқи таъсир бўлган тақдирда хориждаги ва Россиядаги асосий сервисларга улана олиш имкониятини таъминлаш”га ҳозирлиги текшириш эканини айтишган.

Машқлар чоғида алоқа операторлари билан биргаликда “Интернет” тармоғининг Россия сегменти хориждан туриб қасдан ўчирилган тақдирда унинг ўрнини босувчи асосий инфратузилма ишининг самарадорлиги аниқланади ҳамда иши хорижда жойлашган алоқа тармоқларидаги сервислар, кутубхоналар ва бошқа ресурслар билан алоқага боғлиқ бўлган ахборот тизимлари аниқланади”, дея билдиришган нашрга Роскомнадзор матбуот хизматидан.

Душанбеда “давлат тўнтаришига уриниш” иши бўйича ёпиқ суд бошланди

Ҳамрохон Зарифий, Акбаршоҳ Искандаров, Саиджаъфар Усмонзода, Аҳмадшоҳ Комилзода ва Шокиржон Ҳакимов
Ҳамрохон Зарифий, Акбаршоҳ Искандаров, Саиджаъфар Усмонзода, Аҳмадшоҳ Комилзода ва Шокиржон Ҳакимов

Тожикистон Олий суди 14 ноябрь куни “давлат тўнтаришига уриниш”га оид жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади. Мазкур иш бўйича, Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, мамлакатда таниқли бўлган бир неча арбоб судланмоқда.

Кўчма суд Душанбедаги тергов ҳибсхонаси биносида ёпиқ эшиклар ортида ўтказиляпти. Маҳкама жараёнига фақат судланувчиларнинг адвокатлари қўйилган, қариндошларнинг судда иштирок этишига рухсат берилган эмас.

Олий суд матбуот хизмати мазкур суд жараёни юзасидан бирор-бир изоҳ беришдан бош тортган. Озодликнинг тожик хизмати судга Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Шавкат Лутфуллозода раислик қилаётганини ёзган.

Судланувчилар курсисида қанча одам ўтиргани ҳозирча номаълум. Тергов ҳибсхонаси биносига келган Озодлик журналистлари судга камида олти нафар адвокат кириб кетганига гувоҳ бўлишган. Адвокатлар матбуот билан мулоқот қилишдан бош тортишган.

Маълумтларга кўра, Саиджаъфар Усмонзода, Акбаршоҳ Искандаров, Аҳмадшоҳ Комилзода ва Шокиржон Ҳакимов ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уринганликда (Тожикистон Жиноят кодексининг 306-моддаси) айбланишмоқда. Бундан ташқари, бу таниқли арбобларнинг айримларига қарши миллий ва диний низо қўзғаганлик (ЖКнинг 189-моддаси) айблови бўйича ҳам иш очилган. Ҳар икки модда бўйича ҳам узоқ йиллик қамоқ жазолари кўзда тутилган.

Шокиржон Ҳакимов барча айбловларни рад этгани маълум. Журналистлар ҳозирча қўлга олинганлар ва уларнинг қариндошлари фикрини олишга имкон тополмаган. Тожикистон Бош прокуратураси мазкур ишга махфийлик муҳрини босган ва ОАВга ҳеч қанақа маълумот тақдим этаётгани йўқ.

Россияда Украина урушида яраланганларга тўловлар қисқарди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россия ҳукумати Украина уруши дохил жанг майдонида яралаган ҳарбийларга бир марталик тўловларнинг янги тартибига оид қарорни тасдиқлади. Ҳужжатга мувофиқ, эндиликда тўлов миқдори жароҳатнинг оғир-енгиллигига қараб белгиланади.

Агар авваллари ҳар қандай жароҳат учун ҳарбий уч миллион рубль миқдорида бир марталик тўлов олган бўлса, энди бундай сумма фақат оғир ярадор бўлганларгагина тўланади. Енгил жароҳатлар учун тўлов миқдори бир миллион рублни ташкил қилади. Жароҳатларни оғир ёки енгиллиги ҳукуматнинг 1998 йил 29 июлидаги 855-сонли қарори билан тасдиқланган рўйхат бўйича таснифлади. Рўйхатга кирмаган контузия ва жароҳатлар учун ҳарбийлар фақат юз минг рублдан олишади.

Ҳарбий хизматчи ўлган тақдирда унга тўланадиган пул миқдори ўзгаришсиз қолган (5 миллион рубль ёки тақрибан 50 минг доллар). Бундан ташқари, ярадор бўлганлик ёки майиблик туфайли хизматдан озод қилинганлар учун йиллик тўлов тўланади, у индексация қилинади. Ҳозирда бу тўлов 3,2 миллион рублни ташкил қилади.

Таҳлилчилар армия билан шартнома тузишда ҳамда ҳарбий хизматчи ярадор бўлган ёки ўлган тақдирда, йирик тўловлар ваъда қилиш билан Россия ўз қуролли кучлари сафини сезиларли даражада тўлдираётгани ва шу тариқа ҳарбий сафарбарлик эълон қилишга ҳозирча эҳтиёж сезмаётганига эътибор қаратишмоқда.

Трамп АҚШ Давлат котиби лавозимига Марко Рубио номзодини кўрсатди

Марко Рубио
Марко Рубио

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп АҚШ Давлат котиби раҳбари лавозимига Флорида штатидан сенатор бўлган Марко Рубио номзодини кўрсатди. Бу ҳақда Трампнинг ўтиш даври командаси томонидан тарқатилган баёнотда айтилган, дея хабар қилди Associated Press агентлиги.

У халқимизнинг кучли ҳимоячиси, иттифоқчиларимизнинг содиқ дўсти ва душманларимиз олдида ҳеч қачон чекинмайдиган довюрак жангчи бўлади”, дея иқтибос келтирган агентлик Трамп баёнотидан.

Рубио Сенатда разведка бўйича қўмита раҳбарининг ўринбосари лавозимини эгаллаб келади. У халқаро алоқалар бўйича қўмита аъзоси ҳамдир. Рубио Хитой, Куба ва Эроннинг ашаддий танқидчиси бўлиб ҳисобланади.

Сенатор Конгрессда апрель ойида қабул қилинмиш Украинага 61 миллиард доллар миқдоридаги ҳарбий ёрдам пакетига қарши овоз берган 15 нафар республикачининг бири бўлган. Айни пайтда сентябрь ойида Рубио Россия томонида эмаслигини, бироқ ўзаро жанг қилаётган томонлар ўртасида музокаралар тарафдори эканини билдирган.

АҚШ Миллий разведкаси директори лавозимига Трамп Конгресс Вакиллар палатасининг Гавайи штатидан бўлган собиқ аъзоси Тулси Габбард номзодини таклиф қилган. Аввалроқ у Демократик партия аъзоси бўлиб, 2020 йилдаги президентлик кампаниясида иштирок этган, кейин эса республикачиларни дастаклай бошлаган.

Габбард демократларни урушни чўзаётганликда айблаб ва Киевга қурол-аслаҳа етказиб берилаётганини қоралаб, президент Жо Байденнинг Украина бўйича сиёсатини танқид қилиб келган.

Бош прокурор лавозимига сайланган президент Флоридадан бўлган конгрессмен Мэтт Гетц номзодини илгари сурган.

У жиноий ташкилотларни йўқ қилади ва америкаликларнинг Адлия вазирлигига нисбатан анча путур етган ишончини қайта тиклайди”, дея урғулаган Трамп.

АҚШнинг сайланган президенти ўз маъмуриятида мудофаа вазири сифатида Fox News шарҳловчиси ва армия фахрийси Пит Хегсетни кўришни исташини билдирган. Трампга кўра, у Пентагоннинг амалдаги “прогрессив” раҳбариятига қарши чиқишлар қилиб келади.

Париж прокуратураси Марин Ле Пен учун 5 йил қамоқ жазоси сўради

Марин Ле Пен
Марин Ле Пен

Париж прокуратураси суддан Европарламент маблағларини ўринсиз сарфланишига оид иш бўйича “Миллий бирлашма” партиясининг парламент фракцияси лидери Марин Ле Пенни беш йилга озодликдан маҳрум қилиш (бундан уч йили шартли қамоқ) ва 300 минг евро миқдорида жаримага тортишни сўради. Бу ҳақда BFMTV телеканали хабар қилди.

Бундан ташқари, прокуратура сиёсатчини беш йил давомида ҳокимият органларига сайланиш ҳуқуқидан маҳрум этилишини талаб қилмоқда.

Марин Ле Пендан ташқари мазкур иш бўйича “Миллий бирлашма”нинг яна 20 аъзоси маҳкамага тортилган. Прокуратура улар учун ҳам қамоқ жазоси сўраган.

Агар суд айблов ҳукмини чиқарса, Ле Пен сайловларда иштирок этиш учун ўз номзодини олға суролмайди.

Сиёсатчи айбловларга жавобан прокуратура францияликларни ўзлари истаган кишилар учун овоз бериш имкониятидан маҳрум қилмоқчи эканини билдирди.

Ле Пен ва унинг сафдошлари иши бўйича суд тингловлари Парижда жорий йилнинг сентябрь ойида бошланган. Тергов маълумотига кўра, айбланувчилар “Миллий бирлашма” учун пул ўғирлаш мақсадида Европарламентда ёлғондакамига ёрдамчилар ёллашган.

Ле Пен 2007 йилда Франция президенти лавозимига номзодини қўйиш ниятини билдирган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG