Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:32

Алламжоновга суиқасд: Азизов ишдан олинди, ДХХ ва ИИВда "тозалаш"лар


64 яшар Абдусалом Азизов махсус хизматларнинг Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён ишдан олинган учинчи раҳбаридир.
64 яшар Абдусалом Азизов махсус хизматларнинг Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён ишдан олинган учинчи раҳбаридир.

23 ноябрь куни ўтган ҳукумат мажлисида президент Шавкат Мирзиёев Давлат хавфсизлик қўмитаси раиси, генерал Абдусалом Азизовни лавозимдан бўшатган.

Азизовнинг ўрнига Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов ДХХ раиси этиб тайинланган.

Озодликнинг ҳукуматдаги манбаларига кўра, президент қарори ҳукуматнинг олдиндан эълон қилинмаган, фавқулодда мажлисида эълон қилинган.

Ҳукумат мажлисининг фавқулоддалигига икки кун олдин тайинланган ҳукумат таркиби ҳам далолат қилмоқда.

Шу ҳафта Олий Мажлис Баҳодир Қурбоновни Мудофаа вазири лавозимига тасдиқлаганди.

Расман бу ҳақда ҳозирча маълумот берилгани йўқ.

Абдусалом Азизовнинг кейинги тақдири борасида маълум эмас.

Суиқасддан кейинги "тозалаш"

ДХХ раиси истеъфосининг расмий сабаби маълум эмас.

Озодлик манбалари хавфсизлик хизмати раҳбарининг ишдан олинишини шу йилнинг 26 октябрь куни Қибрай туманида президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга боғламоқда.

64 яшар Абдусалом Азизов махсус хизматларнинг Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён ишдан олинган учинчи раҳбаридир.

Ички ишлардан чиққан Азизов 2019 йил февралида ДХХ раиси этиб тайинланганди.

Унинг ўтмишдоши, прокуратурадан чиққан Ихтиёр Абдуллаев ДХХга бир йил раҳбарлик қилгани ортидан 2019 йилда ҳибсга олинган ва давлатга хиёнатда айбланиб 18 йилга қамалганди.

Ўзбекистон махсус хизматларини энг узоқ вақт - қарийб чорак аср давомида бошқарган генерал Рустам Иноятов 2018 йил бошида нафақага чиқарилган бўлса-да, ДХХ ва Ўзбекистон сиёсатига таъсирини сақлаб қолган деб ишонилади.

Иноятов ишдан олинган мажлисда президент Мирзиёев давлат хавфсизлик хизмати ўзининг вазифаси - давлатнинг хавфсизлиги билан шуғулланиши кераклигини айтган ва уни ислоҳ қилишга ваъда берган эди.

Аммо ўтган вақт мобайнида ДХХ Ўзбекистондаги ҳеч ким ҳисоб бермайдиган энг қудратли ва репрессив аппарат бўлишда давом этган.

Озодликка маълум бўлишича, бир кун аввал ҳукумат, ДХХ ва ИИВнинг қатор юқори мартабали мулозимлари терговга тўсқинлик қилгани учун лавозимидан четлатилган.

Озодлик манбалари буни Комил Алламжоновга суиқасд сабаб куч тизимларида бошланган "тозалаш амалиёти" демоқда.

Тафсилотларни Озодлик YouTube каналида кузатинг.

Форум

XS
SM
MD
LG