АҚШ жорий йилнинг 4 ноябрь куни Париж иқлим шартномасидан чиқиш жараёнини поёнига етказди. Бунга оид фармон президент Дональд Трамп томонидан 2017 йил ёзида имзоланган. 2019 йил ноябрида Вашингтон БМТни чиқиш жараёни бошлангани ҳақида хабардор қилган.
Париж иқлим шартномасидан чиқиш 2016 йилги сайловолди кампанияси чоғида берилган Трамп томонидан берилган ваъдалардан биридир. Ўша пайтда у мазкур шартномада иштирок этиш иқтисодий жиҳатдан АҚШ манфаатларига зид экани, бунинг иш ўринлари йўқотилиши, маошларнинг пасайтирилиши, фабрикаларнинг ёпилиши ва молиявий даромадлар пасайишига сабаб бўлиши мумкинлигини иддао қилган.
Париж иқлим шартномаси 2015 йил декабрида 197 та мамлакат томонидан имзоланган. Ҳужжатдан мақсад 2100 йилгача сайёрадаги ўртача ҳарорат даражасини саноатлашишгача бўлган даврга (XIX аср) нисбатан +2 даражадан ошишига йўл қўймаслик эди. Ҳужжат 2016 йилнинг 4 ноябридан кучга кирган. Дастлабки уч йил ичида ҳеч бир мамлакатнинг мазкур шартномадан чиқиш ҳуқуқи йўқ.
Қўшма Штатлар шартномани тарк этган илк мамлакат бўлди. Айни пайтда АҚШ Давлат департаменти, агар Вашингтон учун манфаатлироқ шартларга эришиш имкони туғилса, мамлакатнинг Париж шартномаси талабларини бажаришга қайтиши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини билдирган.