Хитойдаги иқтисодий "бум" тугади. Россия ва бошқа ҳамкорларни нима кутмоқда?

Президентлар - Владимир Путин, Си Цзиньпин ва Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги ШҲТ саммитида. 16 cентябрь, 2022 йил

Хитойда қирқ йил давом этган гуркираб ўсиш даври тугади. Камбағал, камтараққий мамлакатни иқтисодий суперкучга дўндирган модел ортиқ ишламайди –  The Wall Street Journal шарҳловчилари Линлин Вэй ва Стелла Ифань Се шундай хулосага келишмоқда.

Узоққа чўзилган иқтисодий ўсиш заводлар ва осмонўпар бинолар қуришга, инфратузилмаларга катта сармоялар тикишга имкон берди. Қурилиш сектори меҳнат, моддий ва молиявий ресурсларга катта талабни вужудга келтириб, иқтисодий тараққиётни юқори суръатда тутиб турди. Бироқ ушбу модел табиий сабабларга кўра ўз кучини йўқотди: хитойлар барча зарур нарсаларни қуриб бўлишган, ҳатто ортиғи билан. Натижада мамлакатда сотилмаган миллионлаб квартиралар, устидан ҳеч ким юрмайдиган йўллар ва кўприклар, ҳеч ким учмайдиган аэропортлар пайдо бўлди.

Хитой иқтисодиёти ростдан ҳам тушкун даврни бошдан кечирмоқда. Иккинчи чорак статистикаси кутилганидан анча ёмон чиқди. Олдинги чоракка нисбатан ўсиш 0,8 фоизга сусайган. Июл ойи натижалари эса янада нохуш: мамлакатда йиллик маънодаги дефляция қайд этилди. Россия воқелиги манзарасида бу унчалик қўрқинчли эмасдек. Бироқ Хитой реаллиги бошқа – нархлар тушиши ортиқча ишлаб чиқариш инқирозини англатади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Шанхай орзуси: Камбағалликка қарши хитойча кураш

The Financial Times манбаларига ишонилса, Хитой ҳукумати вазиятни салбий изоҳ ва прогнозлар беришни норасмий тақиқлаш йўли билан ўнгламоқчи, бундан яхшироқ чора топа олишмапти. Тақиқни иш берувчилар (хусусан, Хитой Миллий банки) ҳам, маҳаллий телевидение ҳам жорий қилган. Бинобарин, иқтисодчи ва таҳлилчилар Хитой молларининг арзонлаши ва мамлакатдан капитал чиқиб кетиши каби “нозик” мавзуларга тил теккизмайди, “дефляция” деган сўз истилоҳдан чиқарилади – ўрнига “мўътадил” ёки “паст инфляция” атамаси қўлланади.

Хитой иқтисодий мўъжизаси манбаига кенгроқ қарайдиган бўлсак, уни икки сўз билан таърифлаш мумкин: шаҳарлашув ва саноатлашув. Ўтган асрнинг 80-йилларига қадар қарийб миллиардлик аҳолисининг катта қисми камсамар қишлоқ хўжалигида банд бўлган мамлакат катта технологик сакраш қилди. Қишлоқ хўжалигининг механизациялашуви саноатни битмас-туганмас арзон ишчи кучи билан таъминлади.

Маҳсулдорликнинг мислсиз ўсиши ва сон-саноқсиз ишчилар Хитойни “дунё фабрикаси”га айлантирди: бу фабрика арзон кенг истеъмол маҳсулотларидан бошлаган бўлса-да, тез орада энг замонавий ва юқори технологик ишлаб чиқаришни ўрганиб олди. Юз миллионлаб деҳқонларнинг шаҳарга оқиб бориши эса қурилиш соҳаси гуркираб ривожланишини таъминлади.

Бироқ муаммо шундаки, саноатлашув ва шаҳарлашув йўлидан фақат бир марта ўтилади. Хитой бу йўлдан ўтиб бўлди. Демак, модел ўз умрини яшаб бўлди, дейиш ноўрин эмас. Аслида буни ўн йилча олдин, Хитой Компартияси раҳбарияти мамлакатни экспортга тобеликдан қутқариш ва ички талабни оширишга эътибор қаратишга уринганидаёқ яшириб бўлмай қолган эди.

Кенг кўламли рағбатлантиришлар ва инфратузилмаларга ётқизилган триллионлаб сармоя ўсишни яна бирон ўн йилга давом эттирди. Бунинг товони сифатида эса иқтисодиётда ялпи қарз шиддат билан ошиб бориб, 2022 йил бошида ЯИМнинг 300 фоизига етди ва Хитой бу борада АҚШдан ўзиб кетди. Айниқса, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун зўр бериб қарз олган Хитой вилоятларида вазият жуда ёмон тус олди. Марказий ҳукумат чекловлар жорий этгач, вилоятлар махсус ташкил этилган ширкатлар орқали қарз ола бошлади. Халқаро валюта фонди Хитойдаги “балансдан ташқари” ҳудудий қарз салмоғини 9 триллион долларга баҳоламоқда.

Дунёнинг иккинчи иқтисодиёти бўлмиш Хитойда айни пайтда энг нозик соҳа бу кўчмас мулк бозори бўлиб, унда таклиф тўловга лаёқатли талабдан ортиб кетганига неча йиллар бўлган. 60 триллион доллар пул айланадиган соҳа тақдири қил устида турибди.

Мавзуга алоқадор "Буюк аждар эйфорияси". Хитойга бориб келган вазир Шерматов "эркинликсиз ривожланиш" моделини таклиф қилди

Ўтган пайшанба куни мамлакатнинг энг йирик қурилиш ширкатларидан бири – China Evergrande Group банкротликдан ҳимоя истаб Нью-Йорк биржасига мурожаат қилди ва 300 миллиард долларлик қарзини қайта структуризация қилиш учун вақт сўради.

Дефолт кўланкаси Хитойнинг яна бир гиганти – Country Garden Holdings ширкати бошида ҳам бор. Айрим молиявий таҳлилчилар вазият назоратдан чиқа бошлаганини айтишмоқда. Чет эл инвесторлари Хитой қимматбаҳо қоғозларидан тезроқ қутулиш пайига тушганлар.

Буни юан заифлашаётганидан ҳам, Хитой фонд бозорининг бугунги аҳволидан ҳам билса бўлади. Гап – инқироз нечоғли чуқурлашишида ва Хитой иқтисодиёти ундан сўнг қайтадан ўса олиш-олмаслигида. Кўплаб таҳлилчилар Хитой иқтисодиёти 90-йиллардан бери депсиниб қолган Япониянинг аччиқ тажрибасини такрорлайди, дея башорат қилишмоқда.

Булар бари Россия учун ўта нохуш хабарлар, айниқса мамлакат ўзининг асосий савдо, молиявий ва сиёсий ҳамкорини ўзгартиришга киришган айни паллада. Россия ўтган йилларда ҳам қўшнисининг иқтисодий аҳволига жиддий боғланиб қолганди: Хитой импорти дунё бўйича энергия ташувчиларга нисбатан талабни белгилаб берувчи асосий омил эди, ахир.

Бугунги кунда Москва олдида танлов йўқ: Хитойга монанд савдо, молиявий ва логистика ҳамкорини топа олмайди. Хитой Россия валюта тушумининг асосий манбаи, мамлакатга арзон истеъмол товарларидан тортиб, жумладан, ҳарбий саноат учун зарур электроника ва бутловчи қисмларгача бўлган анвойи маҳсулотлар етказиб берувчи ягона таъминотчи бўлиб турибди.

Тан олиш керакки, Россия бўлмаганида Хитойнинг иқтисодий муаммолари олдинроқ бошланган бўлур эди. Хитой ширкатлари Россия истеъмол бозорини қарийб буткул эгаллагач ўз аҳволларини сал-пал ўнглаб олишди. Лекин ушбу омилга ортиқча баҳо бермаслик керак. 2022 йил натижаларига кўра Россия билан Хитой ўртасидаги товар айланмаси 190 миллиард долларга етган. Жорий йилда ушбу рақам, Россия ҳукумати ваъда қилганидек, 200 миллиарддан ошган тақдирда ҳам бу Хитойдаги энг йирик қурилиш ширкати қарзининг учдан икки қисми, холос.

Хитойдаги инқироз кескинлашса, бутун дунё молиявий ҳалокат хавфи остида қолиши муқаррар. Шундай бўлган тақдирда, энг кўп талафот Хитойдан бошқа суянчиғи қолмаган Россия чекига тушади.