Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:46

"Буюк аждар эйфорияси". Хитойга бориб келган вазир Шерматов "эркинликсиз ривожланиш" моделини таклиф қилди


Ғарбда таҳсил олган Шерзод Шерматов Ўзбекистон ҳукуматининг энг ёш ва илғор фикрли аъзоларидан бири сифатида тақдим қилинади.
Ғарбда таҳсил олган Шерзод Шерматов Ўзбекистон ҳукуматининг энг ёш ва илғор фикрли аъзоларидан бири сифатида тақдим қилинади.

Ўтган ҳафта Хитойнинг Сиань шаҳрида бўлиб ўтган биринчи "Хитой-Марказий Осиё" саммитида Си Цзинпинга "ҳурматли катта оғам" деб мурожаат қилган президент Шавкат Мирзиёев ортидан ўзбек ҳукуматининг алоҳида мулозимлари тараққиётнинг ўз талқинларидаги "Хитой модели" олқишланган постлар эълон қилишни бошлади.

Хусусан, рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов шу кунларда тармоқлардаги саҳифасида эълон қилган пост блогерларнинг эътиборини тортди.

Унда вазир Шерзод Шерматов Хитой иқтисодий ютуқларини ибрат ўлароқ кўрсатиб, сўз эркинлиги қадриятини савол остига олади.

Вазирнинг хитойпарастлик руҳидаги пости Пекин Марказий Осиёда ўз таъсирини кучайтиришга уринаётган паллада янгради.

Ғарбда таҳсил олган мулозим, тараққийпарвар технократ дея таърифлаб келинган Шерзод Шерматов 21 май куни Телеграмдаги расмий саҳифасида Хитойнинг инновация ютуқлари улуғланган пост чоп этди.

“Кўпчилик Ғарб давлатларини кўрган инсон сифатида яқинда Хитойга борганимда ривожланиш ва инновация бўйича Хитой нафақат орқада эмаслиги, балки кўпчилик иқтисодий ривожланган давлатлардан анча олдинда эканлигига гувоҳ бўлдим. Масалан, Шэньчжэнь шаҳрида кўчада юрганда АҚШга нисбатан тезюрар темирйўллар кўплиги ёки электр автомобиллар кўплигининг ўзи ҳам бунга бир мисол бўла олади”, деб ёзди Шерзод Шерматов.

“Илмий ходимлар сони бўйича Хитой АҚШдан биринчиликни олганига анча бўлгани”ни қайд этган мулозим эркинлик, Ғарб қадриятлари тараққиётнинг ягона йўли эмаслигини таъкидлайди.

Блогер Зафарбек Солижонов “АҚШнинг 5 та президенти ва 70 дан ортиқ Нобель совриндорлари таҳсил олган нуфузли Йель университетини тамомлаган” Шерматовнинг эркинлик ва тараққиёт борасидаги муқоясасидан ҳафсаласи пир бўлганини яширмади.

"Сўз эркинлиги муқаддас қадрият ҳисобланади. Усиз манаман деган моделингиз ишлаши давомийлигини ҳам сақлаб туролмайсиз. Бу масалада буюк давлатлар ўтмишига қарашимиз кифоя. Айнан бугунги Хитой ҳам Ғарб технологиялари асосида ривожланишга яққол мисол бўла олади, аслида. Ғарбда эса барчаси сўз эркинлигига хизмат қилади, унинг майдонида ривожланади. У восита эмас, қадрият. Уйғур мусулмонларини эътиқод эркинлиги учун эзиб келаётган Хитой моделини бизнинг мусулмон миллат ёқламаслигиям турган гап. Аммо бу масалада ҳам айнан сиз таълим олган Ғарб гапириб келмоқда. Ҳатто миллионлаган мусулмонлари бор давлатлар ҳам сукут сақлаётган бир вазиятда”, деб эътироз билдирди блогер.

“Тараққиёт учун сўз эркинлиги қурбон бўлиши керак” деган нуқтаи назарни кескин рад этган блогер ўзбек жамияти учун ҳар нарсага кўнадиган, осон бошқариладиган роботлар эмас, балки мустақил фикрли шахслар кераклигини урғулади. Айни пайтда Солижонов вазирда кузатилаётган “буюк аждар эйфорияси” ўткинчи эканига умид билдирди.

Телеграмдаги “What about Uz” канали муаллифи ҳам “иқтисодий ўсиш учун демократик қадриятлар зарур эмас” деган даъвога қарши чиқар экан, ҳукумат расмийсига референдум арафасидаги эҳтиросли ваъдаларни ёдга солди.

“Буни қарангки, ҳукуматимиз менинг/сизнинг/бизнинг иккиюзламачилигимиздан тезгина юз ўгириб, ҳаётнинг шафқатсиз ҳақиқатини фош қилди-қўйди. Яқиндагина улар “Янги, дунёвий, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий Ўзбекистон”нинг янги таҳрирдаги Конституциясини қўллаб-қувватлаш ҳақида оташин нутқлар сўзламаганмиди? (Конституция) қабул қилиниши билан уни инкор этишга ошиқмоқдами улар?” дея савол қўйди “What about Uz” канали муаллифи.

Айрим зиёлилар фикрича, Рақамли технологиялар вазири “Осмоности ўлкаси”ни намуна сифатида кўрсатар экан, жамоатчиликка “Ўзбекистон ҳам автократик сиёсат йўлидан юргани маъқул” деган муждани йўлламоқда.

“Халққа эркинлик берилишига тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатадиган автократ Россия ва Хитойнинг сиёсий йўлидан бориш – ривожланишнинг илк палласида турган Ўзбекистон каби давлатлар учун ўта хавфлидир. Биз ҳам Россия ва Хитой каби Ғарб ёрдами билан иқтисодиётимизни улкан даражагача кўтариб олайлик, кейин ёнбошлаб олиб, Ғарб ўзи Худо урган жой, деб ўтирсак бўлаверади. Хитой ва Россия шундай қилишган, масалан”, дея кинояга йўғрилган мулоҳазаларини баён қилди Телеграмдаги “Файзбоғ” канали маъмури, блогер Темурмалик Тожиддинзода.

Мирзиёев Сианда. Хитой ва Россия сиам эгизакларми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:22 0:00

Форум

XS
SM
MD
LG