Украинадаги урушда Россия томонида жанг қилган 23 ёшли ўзбекистонлик Ш. Тожибоевнинг жасади ватанига келтирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди. Айрим маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Тожибоев Наманган вилоятининг турғуни бўлган.
ДХХ тарқатган видеода Тожибоевнинг онаси ногирон бўлган ўғли оиласини боқиш учун Россияга иш излаб кетишга мажбур бўлгани тўғрисида гапириб берди. Онанинг айтишича, Тожибоев наркотик савдосида айбланиб қамоқда жазо муддатини ўтаётганида мажбурий равишда Украинадаги урушга олиб кетилган. Сўнгги марта она ўғли билан ўтган йилнинг 10 сентябрида телефон орқали гаплашган.
Онанинг видеода айтишича, у ўғлининг жасадини ўзи бориб олиб келган. Жасаднинг фақат белдан юқори қисми сақланиб қолган.
Ш. Тожибоев Украинадаги урушда ҳалок бўлган ягона ўзбекистонлик эмас. Февралда Озодлик Самарқанд вилояти Булунғур туманига Украинада ўлган икки нафар ўзбек йигитининг жасади олиб келингани тўғрисида хабар берган.
Март ойида ДХХ Қорақалпоғистоннинг Элликқаъла туманида туғилган Ўзбекистон фуқароси Россиядаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётганида Украина урушига жалб қилингани ва унинг ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилган.
Майнинг бошларида Британия Мудофаа вазирлиги Россия ҳукумати марказий осиёлик меҳнат мигрантларини Украина урушига ёллаётгани тўғрисидаги маълумотларни эълон қилган эди. Олдинроқ эса «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати қамоқхоналарда ётган маҳкумларни ҳам урушга ёллаётгани тўғрисида хабарлар берилган.