Тбилиси суди экс-президент Саакашвилини сиртдан уч йилга кесди

Михаил Саакашвили

Тбилиси шаҳар суди собиқ президент Михаил Саакашвилини 2006 йилги бир ўлим ҳолати бўйича жиноят иши юзасидан хизмат ваколатларини суиистеъмол қилган деб топди ҳамда сиртдан уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Судья Георгий Аревадзе 2004-2013 йилларда Грузия президенти бўлган Саакашвили устидан чиқарилган ҳукмни 5 январда эълон қилди. Ҳукмга кўра, Саакашвили президентлик ваколатларини суиистеъмол қилиб, 2006 йили грузиялик банкир Сандро Гиргвлианининг ўлдирилиши билан боғлиқ гувоҳлик материалларни яширишга уринган ҳамда қотиллик учун жиноий жавобгарликка тортилган 4 кишини афв этиш тўғрисида фармон чиқарган.

Саакашвили 5 январь куни айбловни, сиёсий сабаблари бор, деб рад қилди ва айблов Грузиядаги асосий сиёсий мухолифларидан бири, собиқ бош вазир Бидзина Иванишвили босими остида эълон қилинганини айтди. Яна у айбловни Россиянинг давлат назоратидаги газ монополисти «Газпром» таъсири билан боғлади.

Собиқ президентнинг айтишича, Киевда бўлиб ўтаётган яна бир суд жараёни унга қарши «Украина ва Грузиядаги олигархлар ҳокимияти ўзаро келишиб, синхрон тарзда иш олиб бораётгани»ни кўрсатмоқда, чунки у «коррупция, олигархлар ва одамлар талон-тарож қилинишига қарши кураш олиб бораётир».

Саакашвили Россия президенти Владимир Путин ўзига қарши «ҳам Грузия, ҳам Украина ҳокимият идораларидан репрессив чоралар кўришни талаб қилгани»ни бутун дунё билишини айтди.

Саакашвилининг давлат тайинлаган адвокати Софио Гогличидзе ҳукм ўқилгандан сўнг суд Грузиянинг собиқ президентига жазо тайинлашда «бир қанча ҳуқуқий қоидалар ва конституция»ни бузди, деб баёнот берди.

Грузия бирлашган банки Халқаро департаментини бошқарган Гиргвлиани 2006 йил январида Тбилиси ташқарисида кўплаб жароҳатлар билан ўлик ҳолда топилган эди. Баъзи кишилар сал олдинроқ унинг барда Ички ишлар вазирлиги юқори лавозимли зобитлари билан баҳслашаётганини кўрганини айтган.

Гиргвлиани ўлдирилган пайтда Саакашвили Грузия президенти бўлган ҳамда 2006 йили қотилликда айбланган тўрт нафар грузинни афв этиш тўғрисида фармон чиқарган.

Прокурорлар Саакашвили Грузия президенти лавозимидан кетгандан сўнг, 2014 йилда мазкур ишни қайта кўриб чиқди. Суд Саакашвили билан Грузиянинг бошқа амалдорларини қотиллик иши муҳокама қилинаётган судга қалбаки гувоҳлик маълумотлари берганликда айблади.

Саакашвилининг Грузиядаги Ягона миллий ҳаракат партияси аъзоси Хатия Деканоидзе 5 январь куни Тбилисида чиқарилган ҳукм Украина ҳокимият идораларига Саакашвилини Грузияга экстрадиция қилишда ёрдам бериши мумкинлигини айтди. Бироқ собиқ президентнинг Украинадаги адвокати Руслан Чорнолуцкий 5 январда Озодлик радиосига мижозининг ҳуқуқий мақоми Грузияга экстрадиция қилинишига йўл бермаслигини айтди.

Украина бош прокурори Юрий Луценко Саакашвилини собиқ президент Виктор Янукович бошлиқ «жиноий гуруҳ»га мансубликда айблади.

Украина ҳокимият идоралари Саакашвили етакчилигидаги норозилик намойишлари расмий Киев ҳукуматига қарши фитна эканини айтмоқда.

Саакашвили 3 январь куни Россия Федерал хавфсизлик хизматини ўзига қарши гувоҳлик материалларини сохталаштиришга аралашганликда айблади. Унга кўра, ўша материаллар айни пайтда Киевда унинг устидан бўлиб ўтаётган суд мажлисига тақдим этилган.

У ушбу иддаосини тасдиқловчи ҳеч қандай исбот келтирмади.

2013 йили Грузия президенти лавозимидан бўшаган Саакашвили талабалик йилларидаги курсдоши, Украина президенти Петро Порошенконинг командасига қўшилган эди. Порошенко Саакашвилига 2015 йилнинг 30 майида Украина фуқаролигини берган ва уни Одесса области губернатори этиб тайинлаган эди.

2016 йил охирида Саакашвили Украина ҳукуматига мухолиф эканлигини эълон қилган ва ўшандан буён сиёсий ислоҳотлар талаби билан кўпминг кишилик митинглар ўтказиб келмоқда.