Туркия: иқтисодий инқироз ва ижтимоий кайфият миграция сиёсатини ўзгартирмоқда

Туркия полицияси ходимлари. Архив

Туркия расмийларига кўра, виза муддати тугаган 370 минг хорижлик ўз юртига қайтариб юборилган. Рейдлар давомида 250 мингга яқин одам ҳибсга олинган. Қайд этилишича, бундай текширувларга жамиятнинг ноқонуний муҳожирларга нисбатан салбий муносабати сабаб бўлмоқда.

Туркиядаги иқтисодий инқироз ва лиранинг қадрсизланиши ҳам муҳожирларни мамлакатни тарк этишга мажбур қилмоқда.

Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ўзининг Х (Твиттер) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ўтган йили визаси муддати тугаган ёки виза қоидаларини бузган 371 мингдан ортиқ хорижлик мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Унга кўра, мамлакатда ноқонуний бўлган 254 минг хорижлик қўлга олинган. Бироқ уларнинг қайси давлат фуқароси эканлиги аниқланмаган.

Туркия вазирининг ёзишича, мамлакатда ноқонуний муҳожирлар ва қочқинларга воситачилик хизмати кўрсатган ўн минглаб одамлар ҳам ҳибсга олинган. Унга кўра, бу йил ҳам махсус рейдлар давом этади.

Туркияда полиция муҳожирларни ҳибсга ола бошлади. Булар ўтган йил май ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг мамлакатда ноқонуний яшаб келганлардир.

Мамлакат раҳбари Эрдўғон ноқонуний муҳожирлар муаммоси ҳақида бир неча бор гапирган ва “чегарада ва мамлакат ичида одам савдосига қарши кураш чораларини кучайтириш”ни эълон қилган.

Мамлакат миграция хизмати маълумотига кўра, Туркияда ноқонуний бўлгани учун қўлга олинган хорижликлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Агар 2005 йилда 57428 нафар ноқонуний муҳожир қўлга олинган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 232746 нафарга етди. Сўнгги 18 йилда қарийб 2,5 миллион ноқонуний мигрант ҳибсга олиниб, депортация қилинган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Туркиядан бахтини топган ва топмаган ўзбекистонлик келинлар

"Виза олиш қийинлашди"

Роза саккиз йилдан бери Истанбулда яшайди ва тикувчилик қилади. Унинг фақат сайёҳлик визаси бор. Қирғизистонлик бошқа аёллар билан квартира ижарага олади. Унинг таъкидлашича, у доимий яшаш жойига эга бўлгани ва тўловларини вақтида тўлагани учун визасини янгилайди.

“Мен етти йилдан бери Гунгўрен ҳудудида яшайман. Илгари улар яшаш жойидан маълумотнома сўраб, визани муаммосиз узайтиришарди. Энди бу янада қийинлашди. Менга ўхшаб кўп йиллар бир манзилда яшаб, барча ҳужжатлари тўкис бўлганлар учун визалар узайтирилади. Яшаш жойидан гувоҳнома бўлиши керак, камида битта коммунал хизмат сизнинг номингизга рўйхатдан ўтган бўлиши ва сиз яшаётган ҳудуд чет элликларни рўйхатга олиш учун очиқ бўлиши керак. Квартирамизда уч қиз яшайди, биримиз электр энергиясига, иккинчимиз сувга, учинчимиз газга тўлаймиз. Шунинг учун бўлса керак, визаларимизни узайтиришяпти”, дейди Роза.

2022 йил 1 июлидан бошлаб хорижликлар яшайдиган 1200 та ҳудудда мигрантларни рўйхатга олиш тўхтатилди. Қайд этилишича, бошқа ҳудудларда хорижликлар сони маҳаллий аҳоли сонининг 20 фоизидан ошмаслиги керак.

Ўшандан бери турк ОАВлари муҳожирлар яшайдиган ҳудудларда рейдлар ўтказилаётгани, мамлакатда ноқонуний бўлганлар қўлга олинаётгани ҳақида вақти-вақти билан хабар бериб келмоқда. Энг кўп хорижликлар яшайдиган Истанбулда полиция текширувлари айниқса тез-тез бўлиб туради.

Миграция бўйича мутахассис ва ҳуқуқшунос Биркант Юлаф, турк жамиятининг сўнгги йилларда Сурия ва Афғонистондан ўлкага келаётган қочқинларга нисбатан муносабати салбийлашганини айтади. Жамоатчиликдаги бундай кайфият ҳукуматни миграция сиёсатини ўзгартиришга ундамоқда.

“Умуман олганда, чет элликларга сайёҳлик визасида ишлаш тақиқланган. Илгари бундай виза билан келганлар энди уни узайтира олмайди. Аксарият хорижликлар Туркияга ишлаш учун келади. 4 миллионга яқин суриялик вақтинчалик ҳимоя олган. Украинадаги уруш туфайли бу давлатдан ва Россиядан келган муҳожирлар сони ҳам ортган.

Чет элликларнинг Туркияда уй сотиб олиши ва фуқароликни олиши туфайли кўчмас мулк ва ижарага бериладиган уй-жой нархлари ошган. Оммавий муҳокамалар ва ҳукумат сиёсати танқиди туфайли расмийлар муҳожирларга босимни кучайтирди. Миграция хизмати сайёҳлар учун мамлакатда бир ойдан уч ойгача қолиш етарли, деб ҳисоблаб, яшаш учун рухсатнома беришни тўхтатди.

Доимий яшаш учун рухсат олиш учун хорижликлар қиймати 200 минг доллардан ортиқ бўлган кўчмас мулк сотиб олишлари, Туркия фуқароси билан турмуш қуришлари ёки ўқиш ёки ишлаш учун рухсатнома олишлари керак”, дея қайд этади адвокат.

Туркия энг кўп қочқин қабул қилган давлатлар рўйхатида биринчи ўринда туради. Ҳозирда мамлакатда 4 миллион 800 минг қочқин бошпана олган, уларнинг 3 миллион 700 минг нафари сурияликлар.

Туркияни тарк этаётган муҳожирлар сони ортмоқда

Айни пайтда турк лираси қиймати янада арзонлашди – 1 февралда бир доллар 30 лира бўлди. Бу кўрсаткич озиқ-овқат, ижара, коммунал хизматлар ва транспорт харажатларига таъсир қилади. Айниқса, Туркияда ишлаётган муҳожирлар ҳаётига бу жиддий таъсир қилади.

“Доимий яшаш учун рухсатнома олмаганларнинг кўпчилиги ўз мамлакатларига қайтмоқда. Иқтисодий вазият, инфляция, лиранинг қадрсизланиши ва иш ҳақи пасайиши хорижликларнинг Туркияда ишлашини фойдасиз қилиб қўйди. Қимматчилик, ижара ҳақининг ошиши ва ксенофобиянинг кучайиши туфайли хорижликлар ўз мамлакатларига қайтмоқда. Ҳатто Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон ва Россия каби давлатлардан яшаш учун келганлар ҳам юқори нархлар туфайли Туркияни тарк этмоқда”, дейди Беркант Юлаф.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Туркиядан ЕИ ҳудудига ноқонуний йўл билан ўтмоқчи бўлган муҳожирлар ушланди

Қирғизистон фуқаролари Туркияда иш визасини икки йўл билан олишлари мумкин – Туркиянинг Бишкекдаги элчихонасига ҳужжатларни тақдим этиш ва рухсат олгандан кейин мамлакатга кириш ёки Туркияда камида олти ойлик туристик визага эга бўлиш, иш визасини олиш учун ариза бериш. Қирғизистон фуқароларига Туркияда 90 кун визасиз қолишга рухсат берилган.

Ўтган йили Қирғизистон Омбудсмани Жамила Жаманбоева Туркияда 35 мингга яқин қирғизистонлик яшаб, ишлаётгани, улардан 6 мингдан ортиғи ишлаш учун рухсатнома олгани ҳақида хабар берган эди. Унинг айтишича, Қирғизистоннинг 30 га яқин фуқароси Туркиядаги ёпиқ муассасаларда сақланган.